'Шимолий Вазиристонда 33 Ўзбек жангариси ўлдирилган'

Бу ҳужумлар қочқинларни ҳам пайдо қилган, одамлар кўч-кўронини ортиб, Жанихел, Дера Исмоилхон ва Банну туманларига кўчишни бошлаганлар. Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Покистондан олинаётган хабарларга кўра, Покистон армиясининг бомбардимонлари 30 дан ортик Ўзбек жангарисини ўлдирган.

Бу хабарни Покистондаги қатор оммавий ахборот воситалари ҳарбий мулозимларга иқтибосан хабар қилишмоқда.

Хусусан, урду тилида кўрсатувлар тайёрлайдиган PTV телеканали шошилинч хабар тарқатган.

Инглиз тилида нашр қилинадиган "Тонг"(Dawn) рўзномаси ҳам Покистон хавфсизлик кучларидаги манбасига таянган.

Хабарларда айтилишича, 33 ўзбек, 3 нафар Олмония фуқароси ўлдирилган.

Кўпинча Покистондаги Араб, Чечен ва Уйғур жангарилар ҳам Ўзбек жангарилари деб тақдим қилинади, бироқ бу гал Покистон ҳарбийлари ўлганлар орасида Ўзбек қўмондонлари Нур Подшоҳ Маҳсуд ва Мавлавий Фарҳод ҳам бор, деб айтмоқдалар.

Покистон ҳарбийлари айтишларича, бу узлуксиз амалиёт эмас, балки 30 дан ортиқ инсон ўлимига сабабчи бўлган икки ҳужумга жавоб амали бўлган.

Якшанба куни Банну шаҳридаги ҳарбий гарнизонда энди автомобилга ўтирган пайтлари портлаш юз бериб 20 аскар ҳалок бўлган.

Покистон армиясининг бош қароргоҳи жойлашган Равалпинди шаҳридаги худкушлик ҳужуми 13 инсон умрига зомин бўлган.

Ушбу ҳужумлар учун Толибон масъулиятни ўз зиммасига олган.

Бу ҳужумларга жавобан Покистон армияси ҳужумларни уюштирган.

Шимолий Вазиристондаги маҳаллий аҳоли айтишларича, душанба ярим тунида портлашлар бошланган, ҳарбий қирувчи учоқлар ва тикучарлар ишга солинган.

Икки кун давом этган ҳужумлар Шимолий Вазиристоннинг Мироншоҳ, Мирали аҳоли масканларини нишонга олган.

Бу атрофдаги қишлоқлар Ўзбек жангарилари оилалари билан яшайдиган ҳудудлар деб кўрилади.

Ҳужумларни тасдиқлаган Покистон Толибонининг сўзчиси Шаҳидуллоҳ Шаҳид болалар ва аёллар қурбон бўлганини урғулаган.

Мирали шаҳри шифохонаси вакиллари у ерга яраланган саккиз аёл ва бола келтирилганини тасдиқлаганлар.

Журналистлар гаплашган миралилик маҳаллий яшовчиларнинг айтишича, ҳужумлардан одамлар юракларини олдирганлар, тунни уйга киришга қўрқиб, ташқарида ўтказишга мажбур бўлганлар.

Бу ҳужумлар қочқинларни ҳам пайдо қилган, одамлар кўч-кўронини ортиб, Жанихел, Дера Исмоилхон ва Банну туманларига кўчишни бошлаганлар.

Бомбардимонлар ҳақидаги илк хабарларда 40 жангари ўлдирилгани, ўлганлар орасида ўтган йил Банну шаҳридаги қамоқхонадан қочган кўзга кўринган Толибон қўмондонларидан бири Аднан Рашид ҳам борлиги хабар қилинган.

Толибон сўзчиси Шаҳидуллоҳ Шаҳид Аднан Рашид ўлдирилгани ҳақидаги хабарни рад этди.

Бироқ Покистон Толибони воизи жами ўлган инсонларнинг сони 50 дан ортиқ, деб айтган.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Олим Мақбул Шимолий Вазиристон қавмлар назоратидаги ҳудуд эканини, шунинг учун Покистон расмийлари эълон қиладиган хабарларни ҳам, Покистон Толибони баёнотларини ҳам текшириш, тасдиқлатиш ёки инкор қилиш ҳар доим ҳам мушкул бўлишини таъкидлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ