Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston ширкати "менежерлари ҳибсга олинган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Coca cola Ўзбекистонда аввал ҳам можаролар марказида бўлган

Ўзбекистонда Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston ширкатининг икки юқори даражали раҳбари ҳибсга олинган. Бу ҳақида Agence France-Presse хабар агентлиги Ўзбекистон прокуратурасидаги исми-шарифи келтирилмаган манбасига таяниб хабар тарқатди.

Агентлик хабар беришича, икки менежер ҳали декабрь охирида қўлга олинганлар. Уларга қарши товламачилик айби қўйилган.

Менежерларнинг исми-шарифлари очиқланмаган. Би-би-си ҳибс ҳолатлари борасида билиш учун Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston билан боғланди, бироқ маълумот ола олмади.

Хабар агентликлари маҳаллий прокуратура ҳам бу борада маълумот бермаётганини айтишмоқда.

AFP манбасининг айтишича, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ўтказган бошланғич тергов Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston фаолиятида кўп сонли қонунбузарликлар юз берганини аниқлаган.

Қўлга олинган раҳбарлар ширкат капиталидан 12 миллион доллар нақд пулни ўзлаштиришгани даъво қилинади.

Улар, шунингдек, қиймати 4,6 миллион долларга тенг шакар етказиб берилиши борасидаги декларацияларнинг сохталаштирилиши ва молиявий ҳисоботларнинг сохталаштирилишида гумон қилинаяпти.

Терговчиларга биноан, бу жиноятлар 2010 ва 2013 йиллар ўртасида юз берган.

Coca-Cola ўзбек томони билан 1993 йилда қўшма корхона очган. Ҳозирда Америка корпорацияси Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston ширкатининг 42,9 фоиз акциясига эгалик қилади. Қолган 57,1 фоиз акциялар эса Muzimpex ташкилоти қўлидадир.

Coca-Cola Ўзбекистонда аввал ҳам можароларга сабаб бўлган.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримованинг собиқ америкалик умр йўлдоши Мансур Мақсудий Coca-Cola брендини илк марта Ўзбекистонга олиб келган савдо ширкатига эгалик қилган.

Бироқ, унинг Каримова хонимдан ажрашиши ортидан, Мақсудийнинг акциялари мусодара қилинган ва Musimpex ширкатига ўтказилган.

Мақсудий жаноблари Coca-Cola корпорациясини ўзбек бизнес элитаси билан тил бириктириб, унинг акцияларини тортиб олишда айблаган.

Гулнора Каримова ўзининг яқинда ёзган твитларида Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston ўзига тегишли экани борасидаги иддаоларни рад қилган.