Ярим миллион коллеж битирувчиси ҳам қоғозда иш билан таъминланганми?

Image caption Юқоридан келиб тушган буйруққа биноан, коллеж-иш берувчи-ўқувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилиши талаб қилинмоқда.

2013 йил якунларига бағишланган Ўзбекистон ҳукумати мажлисида Президент Ислом Каримов қилган маърузада 500 мингдан ортиқ касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари иш билан таъминлангани қайд этилди.

"Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бу иш ўринларининг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди. Бу борада кичик корхоналар, микрофирмалар ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди", деб айтган Президент Ислом Каримов.

"Ўтган йили биз учун энг устувор вазифа бўлмиш касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди ва айтиш жоизки, бунинг аҳамиятини баҳолашнинг ўзи қийин. Ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди", дейилади Ўзбекистон президенти маърузасида.

Би-би-сига маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукуматининг касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларни иш билан таъминлаш мақсадини кўзлаган сиёсати ҳам жойларда "юқорига талаб қилинган ҳисоботни бериш тадбири"га айлантирилмоқда.

Uznews.net веб-сайти хабар қилишича, Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги мамлакатдаги коллежларга битирувчилар ишга жойлашиши ҳақида кафолат хатини келтирмагунча, уларга диплом бермасликни буюрган.

Хабарларга кўра, касб-ҳунар коллежларининг юқори курс талабалари 2014 йил бошидан иш контрактлари ва кафолат хатларини қидириш билан машғуллар.

Uznews.net веб-сайти Тошкентдаги касб-ҳунар коллежи талабаси Шамил Нуруллаевдан иқтибос келтирилади.

"Саккизта фирма ва давлат муассасасига қўнғироқ қилдим, лекин ҳеч ким мени ишга жойлаштириш масъулиятини ўз бўйнига олгиси келмаяпти" дейди Шамил.

У, шунингдек, кўплар қатори энди бу каби кафолат хатини пулга сотиб олиши кераклигини айтади.

Шамилнинг айтишича, энг асосийси, у шу каби кафолат хатини олиб коллежига олиб бориб бериши шарт, лекин ундан сўнг нима бўлиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Унинг ўзи ўқишни битиргач, Россияга ишлаш учун кетишга тайёрланаётганини айтади.

Uznews.net хабарида қишлоқ жойларидаги касб-ҳунар коллежлари талабалари учун иш топиш ундан-да қийинлиги ёзилади.

Би-би-си ушбу мавзуни ўрганиш мақсадида Ўзбекистоннинг бир неча вилоятларидаги касб-ҳунар коллежлари ходимлари, коллеж ўқувчилари билан суҳбатлашди.

Касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари бу хабарларни тасдиқлашди.

Ҳақиқатдан ҳам юқоридан келиб тушган буйруққа биноан, ҳозирда коллеж-иш берувчи-ўқувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилиши лозим.

Бу шартномага иш берувчи ширкат ё корхона имзо чеккандан кейингина, талаба ўз дипломини олиши мумкин.

Агар иш берувчи топилмаса, талабага дипломидаги баҳолар кўрсатилган илова берилмайди.

Пойтахт Тошкент ва чекка ҳудудлардаги вазият бироз фарқ қилади.

Би-би-си гаплашган суҳбатдошлардан бири яшаайдиган туманда ҳамма босим касб-ҳунар коллежи ўқувчилари эмас, балки ўқитувчиларига тушаяпти.

Ўқитувчининг айтишича, талабаларнинг ишга жойлашиши юқоридан ўта қаттиққўллик билан буюрилган ва агар бу амалга ошмаса, коллеж директорлари кўп муаммоларга юз тутишлари мумкин.

Шундай экан, коллеж директорлари ўқитувчилар зиммасига юклаган бу масъулиятни.

Би-би-си билан суҳбатлашган муаллим ҳамма ҳамкасблари қатори, ўзига ҳам 10-15 талабага иш топиш мажбурияти юклатилган.

Ўқитувчи ишдан кейинги соатларида ширкатма-ширкат, идорама-идора юриб, "талабамни ишга олинг", "шартномага қўл қўйиб беринг" деб ялиниши керак.

Баъзи ҳолларда талабаларнинг ўзлари иш топишлари мумкин, лекин бу камдан кам ҳолда юз беради.

Охирги йилларда миллионлаб ўзбекистонликнинг кундалик ҳаётига етгулик маблағ топиш мақсадида хорижга чиқиб кетгани Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий сиёсати оқибати экани бот-бот тилга олинаяпти.

Ҳукумат ўз фуқароларининг иш билан таъминланмагани ижтимоий беқарорлик омилларидан бўлиши мумкинлигини яхши англаб етган.

Шунинг учун ҳам бандлик сиёсатига эътибор кучайганини кўриш мумкин.

Бироқ идоралар, банклар ва ширкатлар "касб-ҳунар коллежининг битирувчисини ишга оламан" деган мазмундаги ҳужжатга имзо чекишга чекишадию, аслида кейин нима бўлишини ҳеч ким текширмайди.

Текширувлар ўтказилганда эса, масалан молия факультетини тугатган ўқувчини ишга оламан деб кафолат берган банк "икки ойдан кейин бўшатиб юбордик" деб изоҳ бериши мумкин.

Аслида талаба у ерда умуман ишламаган бўлади.

Шундай экан, буларнинг кўпи қоғозда юз бераяпти.

Ўзбекистон давлат статистика идоралари ишсизликни кам қилиб кўрсатиш учун корхоналардаги ишчилар сонини қўшиб ёзишлари оддий ҳолга айлангани ҳақида Би-би-си аввал хабар қилган эди.

Афтидан қанча кўп ихтисосликка мўлжалланган касб-ҳунар коллежлари қурилганию-ҳар йили бу коллежларни қанча ўқувчи битириб чиқаётгани ва бу битирувчиларнинг қанча кўп сондаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёки идора-ташкилотларга ишга жойлаштирилгани масалаларида ҳам Ўзбекистонда шунга ўхшаш манзара, яъни сохта статистика.

Бу мавзуда батафсилроқ