Йирик корхоналар касодга учраётганда 8 фоизлик ўсиш қаердан?

  • 24 Январ 2014
ТАПОИЧ заводи ўн минглаб кишини иш билан таъминлаган завод эди.

Ўзбекистон расмийларига кўра, 2013 йилда мамлакат иқтисодиёти 8 фоиз ўсган.

Бу каби ўсишга ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги турдаги, рақобатбардош ва қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали эришилгани айтилган.

Ўтган йил сарҳисобига бағишланган ҳукумат мажлисида эса Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг 140 дан ортиқ йирик саноат ва кимё корхонаси зарар кўриб ишлаётганини айтган.

Касод бўлган корхоналар орасида Тошкент Трактор заводи, “Агрегат заводи”, “Чирчиққишлоқмаш”, “Ўзпахтамаш” очиқ акциядорлик жамиятлари бор.

Расмий Тошкент мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ҳар йили мамлакат иқтисоди 8 фоиздан ўсиб келаётганини эълон қилади.

8,8 фоизлик ўсиш ҳозирда йирик саноатлашган мамлакатларнинг ўсишидан ҳам анчайин юқори кўрсаткич.

Ўзбек расмийларининг бу маълумоти нақадар ишончли?

Суҳбатдошимиз иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксанов:

Алишер Таксанов: Менимча, бу ерда Ўзбекистон ҳукумати эришишни истаган нарсасини амалдаги воқелик, дея тақдим қилмоқда. Мана қаранг, умуман олганда ўтган йил натижалари бўйича статистик маълумотларни ишлаб чиқиш учун 2-3 ой вақт кетади. Ҳаққоний ҳисобот март ойидан олдин чиқиши деярли имконсиз. Расмийлар январ ойиданоқ натижалар ва муваффақиятлар ҳақида гапира бошлаган эканлар, иқтисодчи сифатида мен буни шубҳа остига оламан. Бу биринчидан. Иккинчидан, охирги йилларда Ўзбекистонда иқтисод диверсификацияси ўтказилган бўлса ҳам авиация заводи каби йирик ишлаб чиқарувчи корхонларни йўқотдик. Айнан шу корхонага ўхшаш бутун бошли шаҳар ташкил қилиши мумкин бўлган корхоналар қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни чиқарар эди. Бундан ташқари, Тошкент Трактор заводи каби корхоналар оқсаб ишлаяпти. Бу каби шароитда қандай қилиб, бу каби ўсиш суръатлари ҳақида гапириш мумкин.

Би-би-си: Лекин эвазига GM-Uzbekistan каби автомобил ишлаб чиқарувчи янги корхоналар ишга туширилган-ку?

Алишер Таксанов: Агарда "УзДЭУавто" корхонаси фаолиятига назар ташласак, унинг маҳсулотлари асосан Россияга экспорт қилинади. Лекин у ерда ҳам бу машиналар савдоси охирги вақтда пасайгани ҳақида маълумотлар бор. МДҲ давлатларидан ташқарида эса бу машиналар учун деярли бозор йўқ. Бошқа томондан, Асакадаги корхона бу асосан йиғиш корхонаси. Асосий эҳтиёт қисмлар, мотор, электроника ва ҳоказолар ҳаммаси хорижда ишлаб чиқарилади ва Ўзбекистонга олиб келиб йиғилади, холос. Бу каби нарсаларни Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариш учун ҳозирда асос йўқ, айниқса мутахассислар даражасида. Чунки миллионлаб, асосан юқори малакали мутахассилар мамлакатни тарк этганлар.

Би-би-си: GM-Uzbekistanдан ташқари ишлаб чиқаруви корхонлар ишга туширилмаганми Ўзбекистонда?

Алишер Таксанов: Ишга туширилмаган демоқчи эмасман. Лекин бу корхоналар асосан хомашё ишлаб чиқариш соҳасида. Масалан, уран ишлаб чиқариш соҳасида, ёки олтин ё нефт. Лекин бу ишлаб чиқариш эмас, қазиб чиқариш-ку. Ҳа, баъзи металлургия корхоналари ишлаб турибди, лекин 20 йил аввалги даражада эмас. Шунинг учун мен саноат ишлаб чиқаришида ўсиш борлигини шубҳа остига оламан. Кўплаб корхоналар банкрот бўлиб ётган шароитда қандай қилиб ўсиш ҳақида гапириш мумкин? Балким кичикроқ, енгил саноат, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаруви корхоналар ишга туширилаётгандир. Лекин улар жиддий ўсишни таъминлай олмайди. Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини хомашё ташкил этади, қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар эмас.

Би-би-си: Сиз тилга олган кичикроқ корхоналар умумий тарзда, биргалашиб иқтисод ўсишини таъминлаётган бўлиши мумкин эмасми? Масалан Туркия каби давлатларда кичик бизнес ва корхоналар иқтисоднинг анчайин йирик қисмини ташкил қилади, шундай эмасми?

Алишер Таксанов: Ҳа бўлиши мумкин. Лекин кичик корхоналар асосан йирик корхоналарга хизмат кўрсатади. Ўзбекистонда эса бу каби йирик, гигант корхоналар кўп эмас. Агарда иқтисод ўсиши расмий рақамлардагидек бўлганида, Ўзбекистон йирик саноатлашган мамлакат сифатида кўриларди, лекин аксар таҳлилчилар бундай фикрда эмаслар. Ўзбекистон бозорларидаги маҳсулотларга қараб кўринг, асосан Хитой, Туркияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар. У ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бор бўлса ҳам, расмийлар айтаётгандек, юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ