"Мурод Жўраевнинг озодликка чиқишига умид бор"

  • 26 Январ 2014
Image caption 61 ёшли Мурод Жўраев 20 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида қолмоқда.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг 2014 йил 7 январда Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбари номига қилган мурожаатидан сўнг, Чирчиқдаги УЯ 64.6 жазони ўташ колониясида муддатини ўтаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраев билан учрашишга рухсат берилган.

Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи пресс-релизида айтилишича, 2014 йил 24 январ куни Мурод Жўраев ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ва эксперт Анвар Каримов икки соат мобайнида учрашганлар.

Суръат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, Мурод Жўраев озиб кетган, тишлари тушган, ўз ёшидан катта кўринади.

Мурод Жўраев соғлиги ҳақида гапириб, 2012 йилдан буён қон босими мунтазам ошиб туришини айтган.

Қамоқхонадаги шароитни Мурод Жўраев қониқарли деган.

У маҳбусларга уч маҳал овқат берилиши, кутубхона, телевизор борлигини айтган.

Унга кўра, маҳбуслар ғишт заводида ишлашади, ўзи нафақа ёшига етгани сабабли ишдан озод қилинган.

Ҳуқуқ фаолларининг "қамоқхонада қийноққа тутилдими?" деган саволига Мурод Жўраев ўзининг охирги қамоқхонада қийноққа тутилмагани, лекин 19 йил ичида турли қамоқхоналарда, ШИЗО ва бир кишилик камераларда қийноқларга дуч келганини гапириб берган.

Ҳуқуқ фаолларига қамоқхона ҳудудида суратга тушириш ва видеога олишга рухсат берилмаган.

Лекин қамоқхона ходимлари томонидан икки соат ичида суратлар олиниб, цензурадан ўтгач ҳуқуқ фаолларига етказилиши ва суратларни интернетда эълон қилишлари мумкинлиги билдирилган.

Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов Мурод Жўраев тез орада озодликка чиқишига умид қилаётганини айтади.

Cиёсий тутқун

Бугунги кунга келиб Мурод Жўраев мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолаётган сиёсий тутқунга айланган.

61 ёшли Мурод Жўраев 20 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида қолмоқда. 1994 йилда у ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб ҳибсга олинган ва мол-мулки мусодара этилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбек махсус хизматлари Мурод Жўраевни 1994 йилда Қозоғистонда тутиб ўғирлаб келганлар ва 1995 йил февралида унинг устидан ҳукм ўқилган.

Мурод Жўраев қамоқхонада ўзига қийноқлар қўлланилганини айтган.

20 йиллик маҳкумлик оқибатида Мурод Жўраев саломатлигига жиддий путур етган.

1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, бу йилларда Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган.

Мурод Жўраев ҳали Борис Елциндан ҳам илгари коммунистик партиянинг Муборакдаги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган.

У 1990 йилда сайланган Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ