Тошкентдаги меҳмонхона ходими жойнамоз учун 14,5 миллион сўм жаримага тортилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK
Image caption Жойнамоз учун 14,5 миллион сўм жарима?

Тошкентнинг Миробод туманидаги "Miran International" хусусий меҳмонхонаси масъул ходимларидан бири меҳмонхонада мижозлардан бири қолдириб кетган жойнамоз учун катта миқдордаги жарима тортилди.

Бу ҳақда Фергана.ру веб саҳифаси ўз манбаларига асосланиб хабар қилмоқда.

Фергана ру манбаларига кўра, январ ойида меҳмонхонага ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари пайдо бўлиб, тинтув ўтказишган.

Текширувга эса, меҳмонхонада енгил табиатли қизлар ўз мижозлари билан борлиги ҳақидаги хабар сабаб бўлгани айтилади.

Бироқ меҳмонхонадан ундай қизлар топилмаган бўлсада, милициянинг эътиборини гўёки эгасиз жойнамоз тортган.

Меҳмонхона ходимлари жойнамозни қолдирилган нарсалар қаторида рўйхатга олганига қарамасдан, милиция меҳмонхонадаги раҳбарлардан бирини жазолашга қарор қилиб керакли қоғозларни тўлдирган.

Текширувчилар топилган жойнамоз меҳмонхонадаги хавфсизликка қанчалик таъсир қилишини эса тушунтирмаганлар.

Эртаси куниёқ Миробод туман маҳкамаси "Miran International" хусусий меҳмонхонаси ходимига нисбатан маъмурий жазо белгилаб, энг кам иш ҳақининг 150 баравар миқдорида жаримага тортгани маълум бўлади.

Бу Ўзбек валютасида 14,5 миллион сўм ёки олти минг 543 доллар деганидир.

Фергана.рунинг ёзишича, маҳкама ҳукми Жиноят кодексининг қайси моддаси бўйича чиқарилгани ҳам очиқланмаган.

Ўзбекистон маҳкамасининг бу қарори айни пайтда интернет фойдаланувчилари орасида турли фикрларга сабаб бўлмоқда.

"Бу намозхонларга нисбатан ҳурматсизлик", деб ёзса бири, бошқаси "Ўзбеклар энди мусулмон эмасми? Уят, жуда уят" деб айтади.

"Ҳааа, Ўзбекистонда намозхон бўлишдан кўра, фоҳиша бўлиш яхшироқми..." деган фикрни қолдиради яна бир ўқувчи.