Ўзбек тадбиркорларининг Бош вазирга тўғридан тўғри шикояти самара берадими?

  • 27 Январ 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбек тадбиркорлари муаммоларин юзасидан Бош вазир ва давлат солиқ қўмитаси раҳбарига шикоят қилишлари мумкин. Бу ҳақда газета.уз сайти хабар берган. Нашрга кўра тадбиркорлар юқори лавозимли мулозимларга ягона интерактив давлат хизматлари портали бўлмиш my.gov.uz сайти орқали чиқиши мумкин.

Мутахассислар ушбу хизматларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистонда бошқарув тизимининг яхши йўлга қўйилмаганидан дарак беришини таъкидлашмоқда.

Давлат порталида йўлга қўйилган янги хизмат кўриб чиқиш муддатларини асоссиз чўзиш, кредит ёки ер участкаларини ажратиш тартибларини бузиш, тез тез текширишлар ва бошқа молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишлар каби муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Шикоятларни айнан Бош вазир ёки махсус комиссия кўриб чиқиши ҳақида бирор изоҳ берилмаган. Бироқ улар тегишли равишда албатта кўриб чиқилиши ва чора кўрилиши айтилган.

Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ўрганиш институда катта илмий ходим бўлиб ишлаган, ҳозир Францияда истиқомат қилувчи таҳлилчи Камолиддин Раббимов ҳукумат тадбиркорлар синфини яратмасдан ривожланиб бўлмаслигини англаб етганини айтади.

“Ўзбекистонда ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлашнинг ягона йўли жамиятнинг ўзида бойлик ишлаб чиқариш, уни шакллантириш малакасини ривожлантириш мақсадида қилинаётган ишлар. Тадбиркорлар синфини имкон қадар мустақил, барқарор ва имкон қадар қудратли синфга айлантириш ҳаракатлари ётибди”.

“Бош вазирга мурожаат механизм ва ечим эмас”

Бироқ ушбу ташаббусни муҳокама қилган твиттер фойдаланувчиларга унинг самарадорлигини савол остига олишган.

“Нормал давлатларда Бош вазирга, Давлат солиқ қўмитаси раисига, в.ҳ.к чиновникларга тўғридан-тўғри шикоят билан мурожаат этишга ҳожат йўқ. Чунки конфликт ҳолатларда бу борада ҳар икки томон одатда судга мурожаат этади ёки матбуот мавзуни кўтариб чиқади. Бош вазир ва вазирларга бевосита мурожаат - бу механизм ва ечим эмас”, - дейди твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Унга кўра бундан олдин ҳам Ўзбекистонда ишонч телефонлари ташкил қилинган, бироқ улар турли соҳаларда адолатсизликка барҳам бермаган, коррупция озаймаган.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов ушбу фикрларга қисман қўшилмаслигини айтади. Унинг таъкидлашича, 90 йилларнинг охири билан солиштирганда ҳозир тадбиркорларга нисбатан адолатсизлик қисман камайган.

“Яъни ўша па йтлари Ички ишлар вазирлиги ичидаги ва МХХга қарашли коррупцияга қарши курашиш бўлимлари бирор муаммоларсиз тадбиркорларни талаш ҳоллари жуда кўп бўлган. Ҳозир давлат куч ишлатар тизимларида маълум бир эҳтиёткорлик шаклланган. Ўзининг хавфсизлиги ва амалида қолишини ўйлаётган куч ишлатар тизим, ҳокимият ва солиқ идоралари ходимлари ўйлаб иш қилишга мажбур бўлади. Коррупция бу соҳада бутунлай йўқ бўлгани йўқ, лекин олдинги кўламда ҳам эмас”.

Тошкентдан тадбиркорнинг айтишича, ҳозир ушбу соҳа одамлари дуч келаётган муаммолар айнан тепадан буйруқ асосида қилинаётган муаммолардир.

“Маҳаллий бошқарув органлари томонидан ҳар хил ҳашар, турли оммавий сафарбарлик, ваколатларига кирмайдиган – кўча тозалашишларига одамларни жалб қилиш муаммолари бор. Уларга ҳам буйруқ тепадан келади, бирор самара беришига ишонмайман”, - дейди тошкентлик тадбиркор.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳамон фаолиятда мустақил эмаслигини, ушбу масалага эриши долзарб бўлиб қолаверишини айтади.

“Бир томондан тадбиркорнинг мустақиллиги таъминланиши керак. Фаолиятини имкон қадар ўзининг бизнесини ривожлантиришга қаратилган бўлиши керак. Лекин бугунги кунда Ўзбекистонда тадбиркорлар тўлақонли бир ижтимоий қатлам эмас ва жорий тизимда уларнинг соф маънодаги мустақиллиги анча қийин масала бўлиб қолаверади”.