Умида Аҳмедова ва ўғли Тошкентда ҳибсга олинган

Тошкентда таниқли фотограф Умида Аҳмедова ва унинг ўғли Тимур Карповлар ҳибсда ушлаб турилибди.

Умида Аҳмедованинг турмуш ўртоғи Олег Карповнинг Би-би-сига айтишича, соат кечки 20:30 атрофида участковий милиционер дохил беш зобит Умида Аҳмедова ва унинг оиласи яшайдиган хонадон эшигини тақиллатиб, уларни шаҳар ИИБсига боришларини талаб қилган.

Умида Аҳмедова ва Тимур Карповга чақириқ қоғозлари топширилган. Олег Карпов ҳам икковлон билан ИИБга бирга борган бироқ ичкарига киришига рухсат берилмаган.

"Менга соат 21:03да ўғлим Тимур СМС ёзди ва биз ўз турар жойимиз бўйича Ҳамза тумани Ички Ишлар Бошқармасига олиб келиндик, деди. Шундан кейин ҳеч қандай хабар бўлгани йўқ," - дейди у.

Унинг айтишича, милиция ходимлари уларни олиб кетишганида ҳибс сабабларини очиқламаганлар.

Таҳминларга кўра, Аҳмедова хоним ва унинг ўғли 27 январда Тошкентда Украинадаги мухолифат намойишчиларини қўллаб-қувватлаб ўтказган пикетлари учун қўлга олинганлар.

Image caption Умида Ахмедова ўзбек ижодкорларига бўлган босимлар ва тўсиқларни қоралаб келади

Олег Карповнинг Би-би-сига айтишича, айнан шу пикет туфайли уларнинг ҳибсга олинган бўлиши эҳтимоли катта, чунки пикетнинг яна бир иштирокчиси Алексей Улькодан ҳам дарак йўқ.

"Алексей милиция келишидан 15 дақиқа аввал бизнинг уйимизга келаётганини айтганди. Лекин, ғойиб бўлди, уни топа олмаяпман," - дейди Карпов.

Алексей Улько ва пикетнинг бошқа иштирокчилари ҳам ҳибсга олинган бўлишлари мумкин.

57 ёшли Аҳмедова Швейцария элчихонасининг Гендер Дастури билан ҳамкорликда ишланган "Аёл ва эркак-тонгдан шомгача" фотоалбоми ҳамда "Бокиралик юки" номли ҳужжатли фильмини олгани учун 2010 йилда маҳкамага тортилганди.

У Жиноят Кодекси 139-моддасининг 3-банди ва 140-моддаси бўйича "ғаразли мақсадда туҳмат уюштириш" ва "ҳақорат" қилишда айбланганди.

Ўзбек расмийлари айни бадиий ижод намуналарида "ўзбек халқининг урф-одатлари, анъана ва менталитетига ҳақорат" унсурларини кўришган ва бундай асарлар Ўзбекистон ҳақида салбий тасаввурлар уйғотишини айтишганди.

Унинг суратлари Нью Йорк Таймс, Уолл Стрит Жорнал ва бошқа нуфузли халқаро нашрларда босилиб чиққан.