Москвада ўзбек фаол экстрадиция хавфи остида

Image caption Муродов ўзбек ҳукуматига қарши намойишда қатнашган

Россиянинг Химки шаҳрида полиция Ўзбекистон фуқароси Фаррух Муродовни ҳибсга олган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўрови билан ҳибсга олинган 34 ёшли Муродов Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, диний экстремизм ва ноқонуний материаллар тайёрлаш ва тарқатишда айбланмоқда.

Москвадаги "Мемориал" Инсон ҳуқуқлари маркази фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, асли Бухоро вилоятидан бўлган Фаррух Муродов ўтган йил август ойидан буён қидирувда бўлган.

Ҳозир у Москва шаҳрининг 4-ҳибсхонасида сақланмоқда.

Фаолнинг айтишича, Муродов аввалроқ Ўзбекистонга ҳеч бир муаммосиз бориб келган ва на ўзбек, ё на Россия хавфсизлик идоралари томонидан сўроқ қилинган.

У ўтган йил октябрида Ўзбекистонда ҳибсда бўлган журналист Сергей Наумовнинг озод этилишини талаб қилиб намойишда иштирок этган.

"Мен бошчилигимда бу намойишлар Ўзбекистон элчихонаси қаршисида ташкил қилинган ва Муродов шунда иштирок этган," - дейди жаноб Ҳамроев.

Фаол ҳибсда қолаётган Муродовнинг айбсиз эканига ишончи комил эканини айтади.

"Мақсад бошқа бу ерда. Мақсад Ўзбекистондан ёшлар Россияга келиб, сиёсий фаоллашишларининг олдини олиш тарзда уларни қўрқитиб қўйиш", - дейди инсон ҳақлари фаоли.

У Россия полициясидан "мутлақо асоссиз" бўлган конституциявий тузумига тажовуз қилиш, диний экстремизм ва ноқонуний материаллар тайёрлаш ва тарқатиш каби айбларга қандай далил-исбот борлигини текширишни талаб қилаётганини айтади.

"Худо хоҳласа, чиқариб оламиз уни. У Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳеч қандай жиноят содир қилмаган," - дейди у.