Қаюм Ортиқов: 'Ўзбек МХХси қийноғидан кўра, ўлимни минг марта маъқул кўрасиз '

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch
Image caption Ортиқовлар тақдири инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва Ғарб нашрлари диққатида қолмоқда

Қаюм Ортиқов - Ўзбекистон ҳукумати мунтазам қўллаши айтиладиган қийноқларнинг навбатдаги қурбони сифатида кейинги ойлари халқаро матбуотда кўп бор тилга олинган ном бўлди.

Тошкентда ўз рафиқаси Моҳира билан бирга тўрт болани тарбиялаб келган бу инсон ҳеч қандай мухолифат аъзоси ё ҳукуматни танқид қилган журналист эмас, шунингдек, сиёсий исломий гуруҳлар ва ё бирон инсон ҳуқуқлари ташкилотига ҳам алоқаси йўқ. У Тошкентдаги Британия элчихонасида қўриқчи сифатида ишлаган, холос.

Ҳаммаси шундан бошланган. Қаюм Ортиқовни 2008 йили Тошкентда Британия учун жосуслик қилиш гумони билан ушлашган ва ҳибсда тутиб туришга асос топиш учун одам савдосида айблаб, ҳукм этишган.

Қаюм Ортиқов 2011 йил озодликка чиққач, ўз оиласи билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлади. Ҳозир Қаюм Ортиқов ва унинг оиласига АҚШ бошпана берган.

Қуйида Қаюм Ортиқов Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ва вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб берди:

Би-би-си: Илк саволимиз ўз номини ошкор этмаган ўқувчимиздан. Хатда бошингиздан ўтган ҳодисалар ҳақида "мен бундай бўлишига ишонмайман" деб фикр билдирилган. Нима дейсиз?

Қаюм Ортиқов: Ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Менга ишонинглар, мен миллат қаҳрамониман, дейишга ҳаққим йўқ. Мен биров бошимни силасин, раҳм қилсин, деган мақсадда бу гапларни айтмаяпман. Мақсадим - Ўзбекистон махсус хизматларининг ваҳшийликлари бугунги кунда қай даражага бориб етганидан жаҳон аҳли хабар топишига эришиш, бу қийноқларга барҳам бериш.

Би-би-си: Сизнингча, шунча ишлар бошингизга тушишига асосий сабаб нима?

Қаюм Ортиқов: Асосий сабаби - Британия элчилигида қўриқчи бўлиб ишлаганим. Мен қонунга зид иш тутмаганман ва тутмайман ҳам. Худога шукур. Менга очиқчасига жосуслик қиласан, деб айтишмаган. Биласизми, 2005 йилдан бери АҚШда мен билан бирга ўқиган болалардан иккитаси қамалганди. Мени чақириб, улар ҳақида ёлғон маълумот беришни талаб қилишган. Мен рози бўлмадим ва фақат ўз билганимни айтаман, дедим. Чунки улар ақлли-ҳушли болалар бўлса, бирон қинғир иш қилганини кўрганим ё билганим бўлмаса, дедим. Дейлик, лейтенант Нуралиев исмли ҳарбий учувчи билан бирга ўқиганмиз. Ана шу йигит ҳақида "у ҳар доим масжидга бориб, намоз ўқиган, уйига тез-тез араблар келиб турган" деб ёзиб беришимни талаб қилишди. Мен ундай масжид борлигини ҳам, бу йигитнинг араблар билан учрашганини ҳам, намоз ўқиганини ҳам кўрмаган эдим. Қандай қилиб ёзиб бераман? Рози бўлмадим.

Би-би-си: Сизни шафқатсиз қийноқларга тутишгани ҳақида ҳам кўп хабарлар бор. Булар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Қаюм Ортиқов: Уларни ҳар вақт айтаверсам, ўз соғлиғимга ҳам зарар қилаяпти. Менга электр токи беришган. Икки қаватли кроватга "қалдирғоч" усулида осиб қўйиб, кўкрагимга тепишган ва иккита қовурғамни синдиришган. Жинсий аъзоларимни газета билан ёқишган. Тирноқларим орасига игна тиқишган. Бу қийноқларнинг ҳаммасини бир неча бор такрорлашган. Икки марта ўз жонимга қасд қилдим. Аммо ризқ-насибам кўтарилмаган экан, тирик қолдим.

Би-би-си: Токиодан Рустам Насимий исмли тингловчимиз сиз ҳибсда пайтингиз оила аъзоларингиз қаерда эдилар, бошингизга тушган ишлар уларга ҳам таъсир этганми, деб сўрамоқда.

Қаюм Ортиқов: Албатта, албатта. Менинг акам ҳам ҳарбий полковник. Уни ҳам бир неча марта чақириб тергов қилишган. Унга ҳам руҳий босим ўтказишган. Акам эса уларга қарата "агар укам нотўғри иш қилган бўлса, қонун бўйича жазо бераверинглар, лекин қилмаган ишини мажбурлаб бўйнига қўйсангиз, сизлар ҳам қонун олдида жавоб берасиз" деб айтган экан. Ҳозир энди уларга босим бўлаяпти, деб ўйламайман. Лекин ҳар сафар уйимга қўнғироқ қилганимда хавотирланаман. Қўрқаман. Чунки уларнинг қўлидан ҳар нарса келади.

Би-би-си: Ўзини Мужоҳиддан, дея атаган тингловчимиз эса диний айблар боис қамалган биродарларни ҳам кўрдингизми қамоқда, уларнинг аҳволи қандай, деб савол берган.

Қаюм Ортиқов: Биласизми, илк марта мени дераза панжарасига илиб қўйиб уришганида, андижонлик Очилов Анваржон деган одамни келтиришди. У киши аллақачон 8 йилча қамоқда ўтирган экан. Кейин "раскрутка" йўли билан қўшимча айб қўйиб, бошқа қамоққа кўчиришган экан. Анваржонни уриб, икки оёғини синдиришган ва суяклари қийшиқ битган экан. У киши менинг аҳволимни кўриб, дод-фарёд солиб, қийновчилардан ўтинди. Аммо уни итариб юборишар ва "сенлар ватан хоини сенлар" деб тепиб юборишарди. У киши сизларни ҳам она туққан-ку, деб айтарди. Бироқ уни ҳам менга қўшиб калтаклашди. Кейин яна ваҳҳобийликда айбланган бошқа кишини келтиришди. Биласизми, мен уларнинг юриш-туришига қараб, улар айбсиз, демоқчи эмасман. Уларнинг тарафини ҳам олмоқчи эмасман. Аммо уларга бефарқ ҳам бўлмоқчи эмасман. Лекин бу биродарларнинг кўплари қилмаган ишлари учун ўз умри, соғлиғи билан тўлашмоқда. Хуллас, улардан бирини камерамга келтиришганида мен қийноқлар боис ўрнимдан туролмай ётгандим. Уни ёнимда қийнашди. Кейин у тиш пастаси идишидан лезвие (тиғ) ясаб, ҳожатхонада бўйнидаги жон томирини кесган. Уни олиб чиқиб кетишди. Жойи жаннатда бўлсин, оламдан ўтди.

Би-би-си: Сиз айтмоқчисизки, Ўзбекистонда қийноқлар шу даражада шафқатсиз бўлгани туфайли одамлар унга чидай олмасдан ўлимни афзал кўришмоқда? Шундайми?

Қаюм Ортиқов: (Уҳ тортади) Ўша ертўлаларга, биринчи ё тўртинчи ертўлаларга тушган одам, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва ё Ички ишлар вазирлиги ертўлаларида қийноқларни амалга оширадиган махсус маҳкумлар қўлига топширилади. Агар буюртмачи сизга қандайдир айбларни қўйишни истаган бўлса, бу қийновчилар сизни уч кун ичида шундай аҳволга солишадики, сиз қилмаган ишингизни ҳам бўйнингизга олишга мажбур бўласиз. Улар қўллайдиган қийноқларга чидашдан кўра, ўз жонингизга қасд қилиб, тинчгина ҳаётдан кўз юмишни минг марта маъқул кўрасиз.

Би-би-си: Мазлум исмли ўқувчимиз эса уни ҳам МХХ айғоқчиликка мажбурлагани ва ўлдирамиз, деб таҳдид қилганини ёзади. Мазлум ҳеч кимни сотмагани, бироқ уларнинг қоғозига имзо чекканини айтади. Бу ерда ҳамкорлик қилиш ҳақидаги қоғоз назарда тутилмоқда. Сизда ҳам шундай ҳолат бўлганми?

Қаюм Ортиқов: Йўқ, менда бўлмаган. Мен у ерда ўзимни эмас, балки оилам, болаларимни ўйлаганман. Худога шукур, икки ўғлим, икки қизим бор. Агар чидолмасдан, уларнинг қоғозига қўл қўйсам, кейин мени барибир ҳеч қачон тинч қўймасликларини билардим. Мен ҳамма нарсага тайёр эдим. Лекин бировга туҳмат қилмасам бўлди эди.

Би-би-си: Қамоқдан чиққач, Ўзбекистонни тарк этдингиз. Яқинларингиз ва ватанингиздан йироқ тушдингиз. Албатта, бу қарорни бир тарафлама таърифлаш қийиндир. Ўзингиз ва оилангиз айни қадам ҳақида қандай фикрдасиз?

Қаюм Ортиқов: Қамоқдан чиққанимдан кейин бир йил давомида ҳафтада икки марта милицияхонага борардим. Назоратда эдим. Кейин ярим тунда ҳам келиб уйимдан олиб кетишарди. Ҳар сафар бармоқ изларимни олишарди. Бир сафар мени Чирчиқдаги Ички ишлар бўлимининг Терроризмга қарши кураш бошқармасига олиб боришди. АҚШда қаерда ўқигансан, деб сўрашди. Мен эса Мудофаа вазирлиги йўлланмаси бўйича ўқиб келганимни айтдим. Улар анкета тўлдириб, расмга тушириб, бармоқ изларимни олишди ва мени рўйхатга қўйишди. Кейин мен уларга қарата "Мендан Британия жосуси ярата олмадинглар, энди нима, террорчи ясамоқчимисиз?" - деб сўрадим. Шунда улар менинг кимлигим билан ишлари йўқлигини, фақат юқоридан шундай буйруқ келгани боис мени рўйхатга олишаётганини айтишди. Уйга келгач, қариндошларим, оила аъзоларим ва ҳимоячиларим билан маслаҳатлашдим. Яқинларим менга кетишни, агар кетмасам, мени булар тинч қўймаслигини маслаҳат беришди. Бўлмаса, уй-жойим бор, бола-чақам ёнимда эди. Ўз тупроғим. Шу заминда ота-онам, бобокалонларим ётишибди. Ватандан кетиш жуда оғир эди. Қаерга борсангиз ҳам ҳеч жой киндик қонингиз тўкилган жойга келмайди. Худодан сўраймиз, балки 5-10 йилда ҳаммаси яхши бўлиб кетар... Ватанимизни ҳеч нарсага алмашмаймиз. Ким нима, деб ўйласа, ўйлайверсин. Лекин ватандан йироқ бўлсак ҳам, ватан - юрагимизда. Биз фақат мажбур бўлганимиз учун, ҳаётдан умид узмаганимиз учун, яшашга ҳаққимиз борлиги учун, инсонларни шунчалик хор-зор қилаётган одамларнинг асил башарасини жаҳон аҳлига озгина бўлсаям очиб бериш мақсадида кетдик, холос.

Би-би-си: Жавобларингиз учун катта раҳмат.

Бу мавзуда батафсилроқ