Ўзбекистон: қаттиқ совуқ туфайли аксарият мактаблар ёпилган

Ўзбекистонда қаҳратон қиш ҳукм сурмоқда. 3 кундан бери тўхтовсиз қор ёғиши мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида кузатилган. Қор натижасида қатнов қийинлашган, боғча болалари ва мактаб ўқувчилари таътилга чиқарилган. Қишнинг қаттиқ совуқ кунларида айримжойларда газ босими кўтарилган, айрим жойларда эса умуман келмай қўйган.

Қаршилик суҳбатдошимиз Гулшан Қораева шаҳарда 3 кундан бери тинимсиз қор ёғаётганини ва мактаблар ёпилганини айтади.

“Тўғрисини айтсам градуснигим йўқ. Лекин шуни биламанки, қўлингиз нам бўлса музлаб қолаяпти. Ҳозир жудаям совуқ. Ўлчаганлар тунда -23 бўлди дейишаяпти. Мактабларда болаларнинг хонасини иссиқлик билан таъминлашнинг имкони бўлмаганидан ўқувчилар бир ҳафталик таътилга чиқарилди”.

Гулшан Қораева Қарши шаҳрининг ўзи истиқомат қиладиган ҳудудида газ таъминоти йўқлиги ва одамлар уйларини электр токи ёрдамида иситишга мажбур бўлаётганини билдирди.

“Электро энергия билан печкада ўтирибмиз. Курткада, қават қават карамга ўхшаб кийиниб олганмиз. Шундай туриб, шу билан ётамиз. Жуда ҳам совуқ. Лекин чидаса бўлади. Билганим Қаршида ҳамма битта хонада яшайди. Отопления газ бўлмагани учун ишламайди. Қувурларнинг ёрилганига неча йиллар бўлиб кетди”.

Қаршилик суҳбтдошимиз йўллар ва тратуарларнинг муз бўлиб ётганини кўчалар тозаланмаётганини билдирди. Натижада, транспорт нархлари кўтарилган.

Ғаллаорол туман марказида яшовчи Лола Эшонқулова туманда ҳаво бошқа жойларга қараганда совуқроқ бўлишини айтади.

“Ғаллаорол тумани тоғнинг ўртасида жойлашган. Қозонни тасаввур қилсангиз ўртаси Ғаллаорол. Шунинг учун бизда совуқ жуда ҳам кучлироқ бўлади”.

Суҳбатдошимиз Ғаллаорол туманида марказий газ қувурлари ўтгани учун газ борасида муаммо йўқлигини ва катта босим билан бўлмаса ҳам биноларни иситишга етаётганини билдирди.

“Ишхонамиз яқинда таъмирдан чиқди. Жуда ҳам иссиқ. Отопленияни ушласангиз, қўлингиз куяди. Ўқувчилар пальтоларини ечиб, бемалол женферларда юради. Устозлар ҳам шундай. Уйларимиз ҳам иссиқ, газимиз зўр”.

Баркамол авлод болалар марказида ишловчи суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозир Ғаллаорол туманидаги мактабларнинг 4 чи синфгача бўлган ўқувчиларига бир ҳафталик таътил эълон қилинган. Бироқ болалар боғчаси ҳар доимгидек режимда ишлаб турибди.

Жиззах вилояти Пахтакор туманидан Саида Қурбонова ҳам кунлар совуб кета бошлаши билан газ ва чироқни ўчирмаслик ҳақида юқоридан буйруқ келганини айтади. Ундан олдин газ бир ёниб, бир ёнмаган.

“Худога шукр, газимиз бор. Маҳалла раислари ва ташкилотларга газ ўчмасин, деб топшириқ берилибди. Ҳозир газимиз ҳам, чироғимиз ҳам яхши”.

Тошкентлик Равшан исмли суҳбатдошимиз пойтахт йўллари тозаланмаганини оппоқ қорлигини айтади. Биринчи куни сирпанчиқ ва хавфли бўлган йўллар, қорнинг тўхтовсиз ёғиб туриши оқибатида сирпанчиқ бўлмай қолган.

“Ҳозир яхши. Йўлларни қор қоплаган, лекин сирпанчиқ эмас. Юрса бўлади. Биринчи куни муз эди. Бугун анча яхши”, - дейди Равшан.

Ижтимоий тармоқларда ҳавонинг совуб кетиши бош мавзулардан бирига айланган. Фойдаланувчилар пойтахт Тошкентда енгил машиналарда юрувчилар камайиб, жамоат транспорти бўлмиш автобус, трамвай ва метрода йўловчилар кўпайиб кетганини ёзишган.

Йўллар жуда сирпанчиқлиги сабаб хусусий машиналарда юрмасликка чақиришган.

Фавқулотда вазиятлар вазирлиги смс орқали йўловчиларни водий билан пойтахт Тошкентни боғловчи Қамчиқ довони вақтинча ёпилганидан огоҳлантирган.

Наманган шаҳридан Зоҳиджон Зокир тўхтовсиз қор ёғиши ортидан транспорт ҳаракати қийинлашганини айтади.

“Ҳаммаёқни қор босиб ётибди. Газлар пасайиб, светлар ўчиб қолаяпти. Йўлларда умуман юриб бўлмайди. Қор босиб кетган, машиналар юролмаганидан айрим жойларда йўл транспорт ҳодисаси содир бўлаяпти”.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, йўлда юришга қийналган автобус ҳайдовчилари тегишли идораларга чиқиб йўлларни тозалашни сўраган.

“Аҳолига хизмат кўрсатувчи автобус ҳайдовчилари, ҳокимият ва тегишли идораларга чиқиб қорни тозалайдиган транспорт билан тозалаб беринглар, ёнилғининг ҳисобидан солиқ оласизлар, шунча транспортдан солиқ олгандан кейин йўлларни тартибга солмайсизларми, деб мурожаат қилишган. Аммо ташкилот раҳбарлари молиявий томондан қиналиб қолганини важ қилиб, ижобий жавоб беришмаган”, - дейди ҳуқуқбон Зоҳиджон Зокир.

Зоҳиджон Зокир шаҳарда газ таъминотида муаммолар йўқлигини, бироқ совуқ кунлар сабаб мактабларга таътил берилганини айтди.

Одамлар дуч келаётган энг катта муаммо автомобил йўлларининг тозаланмаганлиги оқибатида келиб чиқаяпти.

“Шаҳарда ишлаётганлар қийналиб бориб келаяпти. Кеч қолиб кетишаяпти. Асосан давлат идораларида ишловчи ходимлар мана шундай муаммоларга дуч келаяпти”.

Тошкентлик талабанинг айтишича, таксиларнинг нархи ошган, бошқа вилоятларга қатновчи автобус ва енгил машиналарда йўл ҳақи 2 баравар қимматлаган.

Вилоятларда транспорт воситаларида юриш ҳақи кескин кўтарилгани айтилмоқда.

Қашқадарёлик талабанинг сўзларига кўра, Қаршига 3-5 мингга борадиган такси ҳайдовчилари 15 минг билан боришга ҳам кўнмай туришибди.

"Йўллар жуда яхмалак бўлиб кетган. Кема-кет ёғаётгани учун эримаяпти. Қаттиқ совуқ ерни музлатиб ташлаган, хавфли, мактаблар ҳам ёпилган", дейди у.

Метеорологлар совуқ ҳаво яна бир ҳафта давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ҳаво ҳарорати -15-20 даражагача тушиб кетган.

Шундоқ ҳам бир неча йилдан буён ҳар йил қишда газ ва электр тақчиллигини бошидан ўтказаётган ўзбекистонликлар тўсатдан бошланган қаттиқ совуқ ўзлари учун яна бир синов бўлаётгани айтишади.

"Уйда тиқилиб ўтирибмиз. Кўп болалар касал. Грипп тарқалган қаттиқ. Бунинг устига қор тинмаяпти. Свет йўқ, газ ўламан, деб ёнади. Кунига бир-икки соат свет беради. Ўчоқда овқат пишириш ҳам бу совуқда азоб. Худо деб турибмиз, исиб қолар", дейди яхши кунлардан умид қилаётган ўзбекистонликдан бири.

Айни пайтда Тожикистонда ҳам бутун мамлакат бўйлаб мактаб ва боғчалар ёпилгани хабар қилинмоқда.

Шанба куни бошланган кучли қор ва қўниш йўлагининг музлаши Душанбедаги аэропорт фаолиятини фалажлаб қўйган.

15 йилдан буён электр энергияси тақчиллигидан қийналиб келаётган тожикистонликлар учун қаттиқ совуқ яна мушкулликларни келтириб чиқарган.

Хабарларга кўра, фақат Душанбе шаҳри ва Тоғли Бадахшон вилоятида эҳтиёжга яраша электр энергияси мавжуд, мамлакатнинг қолган қисмида кунига 12-16 соатлаб чироқ ўчиши кузатилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ