Толибон қудратга келса, Марказий Осиёни нима кутади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америкада чоп этилувчи "Нью Йорк Таймс" газетасининг ёзишича, хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарлиги манзарасида Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Толибон ҳаракати билан махфий музокаралар олиб бормоқда.

Мақола тафсилотларидан маълум бўлишича, жаноб Карзай ҳукумати ҳаракатни ўзлари билан ярашишга ундамоқчи.

Нашр исм-шарифини келтирмаган ҳолда, афғонистонлик ва ғарблик мулозимларга иқтибосан бу ҳақда хабар берган.

Афғон расмийларининг газетага айтишларича, Толибон ташаббуси билан йўлга қўйилган музокаралар ҳозирга қадар унчалик ҳам самарали бўлмаган.

Бироқ бу музокараларга жаноб Карзайнинг Вашингтонга нисбатан адовати ортиб бораётгани нишонаси сифатида қараш мумкин.

Мақола тафсилотларидан аён бўлишича, Афғонистон раҳбари ва Толибон ҳаракати орасидаги музокаралар икки ойча муқаддам бошланган.

Худди ўша пайтда жаноб Карзай расмий Вашингтонга шу йил йил апрел ойидаги президентлик сайловлари бўлиб ўтмагунча муҳим хавфсизлик шартномасини имзоламаслигини маълум қилади.

Мазкур ҳолатдан норози АҚШ Президенти Барак Обама эса, бугун сешанба куни Оқ Уйда юқори мартабали қўмондонлари билан Афғонистонга оид янги режаларини муҳокама этмоқчи, деб ёзади Америка нашри.

Карзай нима истайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Франциядан ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида дунёдаги етакчи афғоншуносларнинг фикрларига таяниб, Афғонистон президенти узоқ стратегияни кўзлаб, иш қилаяпти, дейди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Афғон раҳбарининг Америка билан хавфсизлик битимини имзолашни ортга сураётганидан асосий мақсад, бу - толиблар билан кетаётган яширинча музокараларда бирор бир муваффақият ва Толибон ҳаракати билан коалицион ҳукумат тузишга эришиш", - дейди у.

Таҳлилчининг наздида президент Ҳомид Карзайнинг қаршисида бир нечта босқичдан иборат бир стратегия турибди:

"Агарки, толиблар билан бир келишувга эришиладиган бўлса, Америка билан хавфсизлик битими имзоланмайди. Чунки толибларнинг шарти шу бўлиши мумкин. Яъни, Ғарб қўшинлари чиқиб кетади. Карзай ва унинг атрофидагилар Лойа Жирга билан бирга коалицион ҳукумат тузишга келишиб олишади. Ва 2016 йилга бориб, ҳақиқий, том маънодаги сайловлар бўлади. Унгача бир коалицион ҳукумат бўлади, деган бир стратегияни амалга оширишга ҳаракат қилаяпти. Лекин толибларнинг мана шу шартларга рози бўлишларининг кафолати ҳам йўқ", - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, президент Ҳомид Карзай урушларни тўхтатиб, толибларни тинч сиёсий жараёнларга жалб қила оладиган бўлса, Америка ҳам бунга рози бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, бу ўринда, ҳатто, Афғонистоннинг муҳим гео-сиёсий жойлашуви ҳам у қадар аҳамиятли бўлмайди.

"Масалан, Америка Афғонистонга киришдан олдин ўз олдига учта катта вазифа қўйганди: "Ал-Қоида" тармоғини йўқотиш, толибларни ҳокимиятдан олиб ташлаш ва ғарбпараст бўлган эффектив ҳукуматни шакллантириш. Демак, биринчи вазифа қисман бажарилди. Иккинчи ва учинчи вазифа бажарилмади. Чунки Карзай ҳокимиятининг пойтахт Кобулдан ташқарига чиқиши қийин. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, АҚШ ва Ғарб ҳақиқий чуқур инқирозда. Улар бир томондан, Афғонистон ва Марказий Осиёда ўзларининг гео-сиёсий иштирокларини таъминлашни хоҳлайди. Лекин бугун бирор бир эксперт ёки Ғарб ҳукумати қандай қилиб толиблар омилини ҳал қилишни аниқ-таниқ билмайди", - дейди Камолиддин Раббимов.

"Агарки, толиблар Карзай таклифларига рози бўлмаса, Афғонистон жамоатчилиги назарида уларнинг обрўйи тўкилади. Ва ундан кейин Ҳомид Карзай очиқ кўнгил билан хавфсизлик битимини жуда тезликда имзолаши мумкин, деган баҳолар ҳам бор", - дея сўзларида давом этади таҳлилчи.

Бу Марказий Осиё учун нимани англатади?

Франциядан таҳлилчи суҳбатдошимизнинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари Афғонистонга энг аввало хавфсизлик ва барқарорлик нигоҳи билан қарашади.

"Агарки, толибларни тинч сиёсий иштирокка ундовчи бирор бир сиёсий тизим шаклланадиган бўлса, албатта, буни Марказий Осиё давлатлари, биринчи ўринда Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон, ўйлайманки, қўллаб-қувватлайди", - дейди у.

Ўз ўрнида, таҳлилчи Камолиддин Раббимов президент Ҳомид Карзайнинг бу хатти-ҳаракатларига кўплаб таҳлилчиларнинг шубҳа билан қарашларини ҳам назардан соқит этмайди.

"Толиблардаги сиёсий, мафкуравий қараш яхши ўрганилган ва улар бу каби келишувларга бир тактика сифатида қараш ҳолати жудаям кучли...Яъни, толибларнинг бир қанча муаммолари бор ва уларда ижтимоий индикатор мавжуд эмас. Улар мафкуравий ҳаракат сифатида кўпинча жамоатчилик фикрини инобатга олмайди. Ва шунинг учун ҳам, Марказий Осиё давлатлари учун толиблар омили узоқ муддатли катта бир муаммо. Мана, яқинда Ғарбда, Америкада ҳам бир қанча ҳисоботлар чиқдики, агар, яқин вақтнинг ичида АҚШ билан хавфсизлик шартномаси имзоланса ҳам, 2017-18 йилларга бориб, вазият яна олдинги - толиблар ҳолатига қайтиши мумкин, деган стратегик баҳолар бор", - дейди таҳлилчи.

Америка билан икки ўртадаги хавфсизлик битими эса, 2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан Афғонистонда бир неча минг сондаги хорижий қўшин ва берилаётган халқаро ёрдамларнинг тўхтаб қолмаслиги учун муҳим.

Айнан мазкур битим имзосининг кечикиб кетаётгани сабаб, расмий Вашингтон бу йил Афғонистонга берилиши кутилган кўмагини аллақачон тўхтатиб қўйди.

Агар, у буткул имзоланмаса, ҳам АҚШ ва ҳам Нато Афғонистонда бу йилдан бошлаб бирорта ҳам аскарини қолдирмоқчи эмас.

Бу - Афғонистоннинг Толибонга қарши курашда ёлғиз ўзи қолишини англатади.

Дипломатларнинг огоҳлантиришларича, Американинг молиявий ва ҳарбий кўмагисиз толибларга қарши туриш қийин бўлади.

Толибон ҳаракати эса, куни-кеча бўлажак президентлик сайловларини издан чиқариш режасида экани билан таҳдид қилди.

Воқеаларнинг бу каби ривожи, ўз ўрнида, президент Ҳомид Карзай ва Толибон ҳаракати орасидаги махфий музокараларнинг самараси кам бўлганига далолат қилади, дея хулоса қилади "Нью Йорк Таймс" нашри.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан оммавий сафарбарлиги эса, шундоқ ҳам сўнгги йилларда қўшни минтақа давлатларининг хавотирларига сабаб бўлиб келаётганди.

Уларнинг асосий ташвишлари эса, хорижий қўшинлар чиқиб кетгач, Афғонистон яна бангивор моддалар ва террорчилик уясига айланишидир.

Устига устак, оммавий сафарбарлик жараёнининг Америка билан муҳим хавфсизлик битими ҳалича имзоланмаган бир шароитда бошлангани бу ташвишларни янада кучайтирган.