Ўзбекистонликлар қаҳратон қишни қандай ўтказишмоқда?

Image caption Қишлоқларда оилаларнинг кўмир ё ўтин олишга қурби етмаяпти

Ўзбекистонда қаттиқ совуқ давом этаяпти. Чоршанба куни пойтахт Тошкентда ҳаво ҳарорати -15 даражага бўлиши башорат қилинаяпти.

Сешанба куни соат 17:00да Тошкентда ҳарорат -18 градусга тушгани қайд қилинган.

Тўрт кун ёққан қор ортидан мамлакатнинг йирик шаҳарларида одамлар электр ва газ таъминоти нисбатан тузук эканини айтишса-да, чекка жойларда одамлар уйларини иситиш учун ўтин, кўмир ёки газ баллонлари устида бош қотирмокдалар.

Бир юк машина тўла ўтин ўртача 700-800 сўм, яъни Марказий банк курси билан 350 долларга тенг экан, уни сотиб олишга қишлоқдаги кўпларнинг қурби етмаяпти.

Ўзбекистонда энг паст ва энг юқори ҳарорат экстрим об-ҳавоси билан танилган Оролбўйи минтақасида кузатилади.

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида истиқомат қиладиган фаол Ҳайитбой Ёкубовнинг айтишича, совуқ тушгач шаҳарга узатиладиган газ кўлами бироз ошди, бироқ шаҳардан олти чақирим масофада яшайдиган уйлар буткул газдан узиб қўйилган.

"Улар қўлларидан келганича, нима топишса, ёқишаяпти ҳозир," - дейди фаол.

Фаолга кўра, чекка ҳудудларга газ узиб қўйилишини расмийлар газ танқислиги, ҳамда газ қувурларининг эскиргани сабабли юз бераётган исрофгарчилик билан изоҳлашган.

"Пули борлар, Россияда ишлаб келганлар, масалан, қишнинг ғамини еб кўмир, саксовул ғамлаб қўйишганди, лекин айрим жойларда ҳеч вақоси йўқ оилалар жуда қийналаяпти," - дейди жаноб Ёқубов.

Экологиясининг бешафқатлиги билан танилган Оролбўйи минтақасида дарахт кам ўсиши туфайли, аҳолига ўтин йиғиб қўйиш осон эмас.

Хивада, фаолга кўра, кўплаб мактаблар синфхоналарни иситишда қийналиб, ўқувчиларни таътилга чиқарган.

Мактаблар ёпилиши, нафақат чекка ҳудудлар, балки Тошкент вилоятининг қатор туманларида ҳам қайд қилинган.

Қашқадарёлик фаолларнинг айтишича, кўплаб оилалар уйни иситишга қийналиб, ҳовлининг бир хонасига тиқилиб кун кўришмоқда.

Page not found - BBC O'zbek