Спортми ва ё сиёсат: Президент Каримов Сочида

  • 7 Феврал 2014
  • изоҳлар
Image copyright Reuters

Бу – Ўзбекистон раҳбарининг Қишки Олимпиада Ўйинларининг расмий очилиш маросимида илк бор иштирок этиши бўлади.

Устига устак, Ислом Каримовнинг Сочига ташрифи Ўзбекистон-Россия алоқалари жиддий совуқлашган бир манзарада кузатилмоқда.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Сочи Қишки Олимпиада Ўйинлари президент Каримов учун жудаям қулай бўлган сиёсий бир фурсат вазифасини ўтаб беради:

Ўзбекистон ва Россия муносабатларини Владимир Путин учун муҳим бўлган бир паллада, унинг кайфияти яхши бўлган ва Ўйинлар Россия раҳбари учун жудаям катта бир сиёсий тадбир сифатида кўрилаётган бир пайтда президент Каримов бундан сиёсий фурсат сифатида фойдаланиб, ўзаро муносабатларни бироз илиқлаштириш, юқорироқ даражага кўтаришга ҳаракат қилаяпти”, - дейди асли ўзбекистонлик таҳлилчи.

Лекин, таҳлилчига кўра, шунда ҳам буни гео-сиёсий ўзгариш деб қараш қийин ва бундай деб айтишга мутлақ асос ҳам мавжуд эмас.

Бу – фақатгина шаклланаётган муносабатларни яна бир қадам илитиш ёки Россиянинг ресурсларини салбийлаштирмаслик ҳаракати. Яъни, Россиянинг қўлида жуда катта имкониятлар бор. Марказий Осиё ва Ўзбекистон Россия информацион муҳитида жойлашган. Агар, президент Ислом Каримов ҳозир Сочига бормайдиган бўлса, бу – Россия томонидан жуда ҳам совуқ ва салбий қабул қилиниши мумкин”, - дейди у.

2012 йил ёзида Ўзбекистон иккинчи бор Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиб кетган ва Ғарб билан алоқаларини қайта йўлга қўйишга ҳаракат қилиб келади.

Бунинг ортидан расмий Москва Ўзбекистоннинг минтақадаги муносабатлари анчайин танг қўшнилари – Қирғизистон ва Тожикистонга катта миқдордаги ҳарбий ёрдам ваъдалари билан чиққан.

Бу икки минтақа давлати Ўзбекистон билан ўзаро дарёда қуриш ҳаракатида бўлган ва расмий Тошкентнинг кескин норозилигига сабаб бўлиб келаётган йирик ГЭС лойиҳаларига сармоя киритишга ҳам қизиқиш билдирган.

Бошқа томондан, Афғонистонни тарк этаётган хорижий иттифоқ қўшинларининг муайян миқдордаги ҳарбий жиҳозларини Ўзбекистонга бериш ваъдаси ҳам Россия раҳбариятининг анчайин жиғига теккан.

У ҳолда худди шу манзарада Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, таҳлилчилар таъбирида, расмий Москва билан алоқаларини бироз бўлса-да, илитиш ҳаракатида бўлиши мумкин?

Ўзбек ҳукумати жуда ҳам яхши биладики, минтақа бўлсин ёки пост-Совет ҳудуди, Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги биринчи савдо-иқтисодий ва сиёсий ҳамкори Россия ва яна Россия бўлиб қолаверади. Собиқ Иттифоқнинг таркибий қисми сифатида, яъни СССРдан мустақил бўлган давлат сифатида Ўзбекистоннинг Россияга боғлиқлиги мана шу ҳолатда барқарор қолади ёки маълум бир давр ошиб бориши ҳам мумкин”, - дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчининг наздида Ғарб билан яқин иттифоқчилик ва улар бераётган, ваъда қилаётган ёрдамлар ҳам мавжуд вазиятда тарозининг ҳар икки посангисини тенг тутиш даражасида қудратга эга бўлмайди.

Мутлақ, мутлақ тенг тутиб тура олмайди. Ўзбекистоннинг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори бу – Россия. Ўзбекистон умумий товар обороти ёки савдо муносабатларининг тўртдан бир қисми, яъни 20-25 фоизи биргина Россиянинг ўзига тўғри келади. Россияда миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишлашяпти. Ва умуман, Ўзбекистон сиёсий элитаси, хавфсизлик кучлари ва бошқа бир қанча омиллар борки, Россия билан ўзаро боғлиқлик жуда ҳам кучли”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи суҳбатдошимизнинг наздида, Ғарб билан муносабатлари кескин совиб, расмий Москва билан муносабатларини қайта илитган 2005 йилги Андижон ҳодисалари ортидан, расмий Тошкент ҳозирга келиб Ғарб-Россия муносабатларида нисбатан мувозанатга эришишга муваффақ бўлган.

Лекин, шунда ҳам, Камолиддин Раббимовнинг айтишича, “ижтимоий жиҳатдан, информацион жиҳатдан ва иқтисодий жиҳатдан Россия билан боғлиқлик, Россиянинг Ўзбекистонга таъсири мисли кўрилмаган даражада ва Ғарбга нисбатан анча юқори”.

Суҳбатдошимиз қанчалик жиддий келишувга эришишларини айтиш қийин эса-да, Сочида ҳам томонлар Қишки Олимпиада Ўйинлари баҳонасида яна хавфсизлик ва минтақавий масалаларни муҳокама этиб олишлари эҳтимолини назардан соқит этмайди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Президентининг Сочига сафари 13 йиллик ҳозирликлари ортидан, хорижий иттифоқ қўшинлари қўшни Афғонистонни буткул тарк этишга ҳозирлик кўраётган бир манзарада кузатилмоқда.

Россия ва Ўзбекистон дохил аксарият минтақа давлатлари эса, мавжуд ҳолат Афғонистонда фуқаролар урушига етаклаши, Афғонистоннинг яна террорчилик ва бангивор моддалар уясига айланишидан жиддий хавотирдалар.