'Ўзбек халқи фақат артистдан иборат эмас'

Image caption Хуршид Даврон телеканаллар раҳбарларининг "томошабинларга ёққани учун" машҳур қўшиқчиларни бош қаҳрамонга айлантиришдек ёндашуви нотўғри эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Халқ шоири, тарихчи, тележурналист ва фаол Интернет тарғиботчиси Хуршид Даврон мамлакат телеканалларидаги кўрсатувларнинг бошловчилари, бу кўрсатувларга таклиф қилинаётган аксар меҳмонлар қўшиқчилар бўлаётганини танқид қилган.

Бу борадаги мулоҳазалари билан таниқли адиб Ўзбекистонда нашр қилинадиган "Оила даврасида" рўзномаси ўқувчиларининг саволларига жавоб қайтариб туриб ўртоқлашган.

Рўзнома Хуршид Даврон билан суҳбатни фикрбазм деб атаган.

Ўзбекистон телеканалларида кўрсатувларни тақдим қилаётган бошловчилар орасида машҳур қўшиқчилар кўпаймоқда, "Оила даврасида" рўзномасининг муштарийларидан бири, марғилонлик ҳунарманд Ҳадятулло Сайфиддинов Хуршид Давроннинг бунга муносабати билан қизиққан.

"Кўп йиллар телевидениеда ишлагансиз. Бугун аксарият кўрсатувнинг бош қаҳрамонлари фақат артистлардан иборат бўлиб қолаётганига қандай қарайсиз? Санъаткорларимиз бир қарасак, кийим тикишади, бир қарасак, қуёнларга қалпоқ кийгизади, ошхона-ку шулардан бўшамай қолди...", деб ёзган марғилонлик ўқувчи.

— Айрим телеканалларда деярли ҳамма кўрсатувнинг бош қаҳрамонлари асосан, енгил-елпи, фақат "дикир-дикир" рақсга мосланган тўйбоп қўшиқларни "хониш қилган" отарчилардан иборат бўлиб қолаётгани жуда ачинарли ҳол. Бу — миллий қадриятларимиз ўрнига, асосан ғарбга, айрим хорижий каналларга қараб иш тутишнинг оқибати", деб айтган Хуршид Даврон.

Чиндан ҳам аксар мамлакатларда телебошловчилар машҳур кишилардир.

Бунда телеканаллар раҳбарлари кўрсатувнинг енгил, кўнгилочар мазмунда эканига эътибор қаратадилар ва шу йўл билан кўпроқ томошабинни ўз телеканалига жалб қилиш ва машҳурлигини ошириш мақсадини кўзлайдилар.

Ҳурматли адиб Хуршид Даврон телеканаллар раҳбарларининг "томошабинларга ёққани учун" машҳур қўшиқчиларни бош қаҳрамонга айлантиришдек ёндашуви нотўғри эканини таъкидлаган.

"Бунга бевосита ўша каналлар раҳбарлари айбдор, менимча. Ҳозир яна бир неча янги каналлар очилди. Янгими, эскими, аввало, шунга масъул одам ўзбек халқи фақат артистдан иборат эмаслигини тушуниши керак. Халқимиз бир пайтлар санъаткор деганда Ҳалима Носирова, Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Ботир Зокиров кабиларни назарда тутган. Уларнинг анъаналарини давом эттиришни мақсад этган ёшлар йўқми? Бор! "Ёшлар" каналида намойиш этиладиган "Олтин микрофон" лойиҳаси буни кўрсатиб турибди-ку. Бугунги ёшларга сизлар ёқтирган нарсалар маъқул келмайди, деган гаплар — ғирт бемаъни баҳона. Болангизга музқаймоқ ёқади, аммо у катта бўлиши учун бошқа таомлар ҳам емоғи керак. Бугунги енгил эстрада ана шу музқаймоққа ўхшайди. Бола ҳадеб музқаймоқ яласа, охир оқибат касалга чалинади. Ана шу ҳақиқатни унутмаслик керак", дейди Хуршид Даврон.

У, шунингдек, ўқувчиларнинг ўз ижоди, шеърият, тарихий асарлар ва Интернет ҳақидаги кўплаб саволларига жавоб қайтарган.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас