Навоийдаги газ портлашида инсонлар нобуд бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Навоий шаҳрида икки қаватли уй портлаши натижасида ҳалок бўлганлар бор.

Манбааларда 6 киши ҳалок бўлгани ва 7 киши шифохонага ётқизилгани айтилмоқда.

Портлашга газ сизиб чиқиши сабаб бўлган. Ўтган ҳафта Самарқанд туманининг Раванок қишлоғида баллондан газ сизиб чиқиши натижасида икки фарзанди бор ёш оила ҳалок бўлган.

Ички ишлар бошқармаси ушбу ҳодиса инсоний омил туфайли газ баллондан эҳтиёткорсизлик билан фойдаланиш натижасида содир бўлганини таъкидламоқда.

Кузатувчилар Ўзбекистонда газ босимининг тушиб кетиши ёки айрим жойларда умуман берилмай қолиши оқибатида бу каби ҳодисалар кўпайганини айтишмоқда.

"Портлаш кучли бўлган"

10 феврал тонги 6:00 атрофида Навоий шаҳрининг аэропортга яқин мавзесида газ сизиб чиқиши натижасида 2 қаватли уй портлаган.

Турли манбаалар 4 кишидан 6 кишигача одам ҳалок бўлганини айтмоқда.

Ҳодиса жойи милиция томонидан ўраб олинган ва ҳудудга ҳеч ким киритилмаяпти. 7 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Гувоҳлар портлашнинг жуда ҳам кучли бўлганини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта Самарқанд вилоятида ҳам баллондан газ сизиб чиқиши натижасида бир оила ҳалок бўлган. Ҳодиса 6 феврал куни содир бўлгани айтилмоқда. Газ сизиши натижасида 4 киши ҳалок бўлган, шуларнинг 2 таси ёш болалар.

Самарқанд туман ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлик хизмати раҳбари Жасурбек Раҳмоновнинг Би-би-сига маълум қилишича бахтсиз ҳодисага газ баллондан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган.

“Уйга укаси кирганда, газ баллон вентилининг олдидаги редуктордан газ чиқаётганини кўриб қолган. Укаси кўриб қолган”.

Жасурбек Раҳмонов туманда бу каби ҳодисалар ҳақида қўшимча маълумот беролмаслигини билдирди.

Газ таъминотидаги узилишлар

Жомбой туманида истиқомат қилувчи ҳуқуқ фаоли Ҳолиқназар Ғаниев вилоятда газ босими камайиб кетгани ва электр энергия ҳам узилишлар билан берилаётганини айтади.

Натижада одамлар ўз билганича уйни иситиш чораларини кўришга мажбур, бу каби чоралар эса аянчли тугаш ҳоллари ҳам бўлиб туради.

“Газ йўқ ҳисоби, жуда кам. Ҳар ким чорасини кўриб, газни сўрадиган моторларни ўрнатиб олган. Ўша моторлар свет бор вақти ишлайди, йўқ пайти ишламайди. Свет ўчган вақти газни ёқиб ухлашади. Чироқ ўчиб сўргич моторлар тўхтаганидан кейин газ кўтарилиб кетади. Ёниб турган газ ўчиб қолиб бутун уйни қоплайди. Заҳарланиб ўлаётган одамларни эшитаяпмиз. ”

Ҳолиқназар Ғаниев газдан нотўғри фойдаланиш оқибатида ҳалокатлар Жомбой туманида ҳам кузатилганини билдирди. Қаттиқ совуқ кунлари бошланиши ортидан вилоятда газ босими кўтарилмаган.

Одамлар ўз билганича уйни иситиш йўлларини кўра бошлаган.

Ҳокимият бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун газдан тўғри фойдаланиш борасида тушунтириш ишларини олиб бораяпти. Лекин совуқдан жон сақлаш умидидаги одамлар бу каби огоҳлантиришларга қулоқ солмаяпти.

“Ёнғин хавфсизлигидан келиб уйларга шланг орқали газ ўрнатганларни жаримага тортиб огоҳлантираяпти. Лекин бундан фойда кам. Ҳаво совуқ бўлганиан кейин ҳам ўз ҳолича газдан фойдаланаяпти”, - дейди Ҳолиқназар Ғаниев.

Ҳолиқназар Ғаниевнинг ўзи ҳам уйи совуқлиги боис ўғлининг уйига келиб ўтирганини бироқ бу ерда ҳам газ босими кам эканлигини айтади