Ўзбекистон: кўчаларни қор ва лойдан ким тозалайди?

  • 10 Феврал 2014
  • изоҳлар
Image caption Тошкентда президент ўтадиган марказий кўча қордан тозаланмоқда.

Ўзбекистонда феврал ойининг бошида кириб келган қаттиқ совуқ оқими, тинимсиз қор нафақат газ ва электр танқислигини кучайтирган, қалин ёққан қор транспорт ҳаракатини кўп жойларда фалажлаб қўйган.

Олдинроқ республиканинг кўп жойларида мактаб ва боғчалар ёпилган эди.

Кунлар бироз илий бошлагач, яна бир муаммо - тозаланмаган кўчалардаги қор ва музлар эриб, катта миқдорда лой уюмлар пайдо бўлган.

"Сурхондарёнинг тоғли туманларида қор- музлардан машиналар ҳаракати ҳали ҳам қийин, Денов шаҳрида эса лой кўчаларда юриб бўлмай қолди", дейди бозорда ишлайдиган тадбиркор аёл.

Айни пайтда бир қанча ўқувчилар ҳатто пойтахт Тошкентда қатор марказий кўчалар кир қор ва лойга тўлалигини айтиб хат ёзишган.

"Фақат президент трассаси тозаланади. Қолган кўчаларда машиналар ифлос сувни учириб ўтиб кетишади. Ўзингизни четга ололмай қоласиз. Наҳотки Тошкентда кўча тозалайдиган машиналар йўқ", деб норози бўлади Садриддин.

uforum.uz да интернет фойдаланувчиларнинг Тошкент кўчаларида қорларнинг уюлиб ётгани, тозаланмаётгани ҳақидаги танқидий фикрларини ўқиш мумкин.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўз блогида ёзишича, Самарқандда ҳам кўчалар тозаланмаяпти.

"Фақат юқори лавозимли меҳмонлар ўтадиган аэропортга борадиган йўл қор тозалайдиган машиналар билан тозаланмоқда".

"Бизда ҳам қор тозалайдиган машиналар бор эканку",- дейди ҳайратини яширмай журналист. Катта меҳмон келишига кўчалар махсус машиналарга ўрнатилган шёткаларда тозаланиб, кирлари ювилди. Мактаб ўқувчилари ҳам қишнинг аёзли кунларида тозалаш ишларига жалб қилинди. Лекин бундай ишлар фақат катта кўчаларда олиб борилаётганига амин бўлдим".

"Бу нафақат менинг бошқа одамларнинг ҳам эътиборини тортди. Ахир бизда тозалаш машиналари бор экан, нега ҳар доим ишлатмаймиз. Фақат меҳмон келганда ишлатамиз. Шаҳарнинг тозалигини фақат нуфузли меҳмонларга кўрсатиш керакми, шаҳарликларнинг ўзи бунга лойиқ эмасми? Бошқа томондан олганда, оддий кунларда ҳам Самарқандда юзлаб хорижлик сайёҳлар бўлади, кўчаларимизни кўрадику. Кир кўчалар уларда қандай таъсурот қолдириши ҳақида нега ўйланмайди?", деб хуноб бўлади самарқандлик журналист.

Ўзбекистонда ҳар йилгидан қаттиқ келган қиш расмийлар гапиришни хушламайдиган уй жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммоларни юзага чиқарди.

Қишлоқларда одатий бўлган газ ва чироқ муаммоси шаҳарликларнинг ҳам ташвишига айланди.

Ўз кунини ўзи кўришга ўрганиб қолган аҳолининг газ ва чироқ ўрнини босадиган қўлбола мосламалари туфайли деярли ҳар йили ёнғинлар келиб чиқади.

Феврал ойининг ўзида Навоий ва Самарқандда газ баллондан фойдаланган оилада юз берган ёнғин камида олти кишининг умрига зомин бўлгани айтилди.