Ислом Каримов учун Чехия сафари қанчалар муҳим?

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ислом Каримов

Чехия президенти Милош Земан Ўзбекистон раҳбари билан режалаштирган расмий учрашувни бекор қилиш чақириқларига кескин жавоб қайтарган.

Душанба куни инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи дунёнинг 31та ташкилоти Милош Земанга очиқ мактуб йўллаб, токи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари яхшиланмас экан, Ислом Каримовни қабул қилмасликка чақиришганди.

Бироқ, Чехия президенти Ислом Каримовни у эмас, унинг собиқ ҳамкасби таклиф қилганини айтган.

"Сизга бундай мавзуларда кўпроқ маълумотга эга бўлишни ва мунофиқликни камроқ қилишни тилаб қоламан", - деб ёзган Чехия президенти.

Ўзбекистон президентининг Чехияга сафари келгуси ҳафтага белгиланган. Хўш, Чехия президентининг жавоб мактубини инсон ҳуқуқлари фаоллари қандай қарши олишди?

Биз Чехия президентига йўлланган очиқ мактуб муаллифларидан бири, Ҳюман Райтс Уотч вакили Эндрю Штролайнга боғландик.

Эндрю Штролайн: Ўттиздан зиёд ташкилот мактубига Президент Земаннинг жавоби жуда ҳам ғалати чиқди. Чунки, унинг айтишича, Президент Каримовнинг бошқа ташрифларига гўёки умуман эътироз билдирмаган эканмиз. Аслида, барча ташкилотлар бир неча йиллардан буён норозилик билдириб келишади. Президент Земанга ёзилган мактубни имзолаган баъзи диссидентлар орасида Ўзбекистонда қийноққа солинган, узоқ йиллар қамоқларда ўтирганлари бор. Шунингдек, улар орасида Ўзбекистон бўйича узоқ йиллардан буён тадқиқот олиб бораётганлар бор. Улар Ўзбекистондаги вазиятга доимо эътироз билдириб келишган. Хуллас, Президент Земаннинг бизга берган жавоби ўта ғалати ва ҳатто, ҳайратланарлидир.

Би-би-си: Лекин, Президент Земан унинг собиқ ҳамкасби Ислом Каримовни Чехияга таклиф қилганида эътироз билдирмаган эдингиз, деб аниқ мисол келтираяпти-ку...

Эндрю Штролайн: Бу анчайин бемаъни гап. Биринчидан, собиқ президент Вацлав Клауз Ўзбекистонга 10 йил олдин борган. Сиз 10 йил олдин президент Клауз Ислом Каримовга: "2014 йил 21 февралида сиз бўлғуси президент билан учрашасиз", - деб айтганига ишонасизми?! Президент Земан келтирган далил куракда умуман турмайди. Иккинчидан, биз Президент Земанга ёзган иккинчи мактубимизда Ислом Каримов Прагага ўн йил олдин, Андижон қатлиомидан олдин таклиф қилинганди, деб айтганмиз. Андижонда режим намойишчиларга қарата зўравонлик қилгани сабабли бутун дунёнинг Ўзбекистонга нисбатан қараши тубдан ўзгарди.

Би-би-си: Эндрю, 30 дан ортиқ ташкилот талаби ва эътирозига қарамасдан, Милош Земан ва Ислом Каримов ўртасидаги учрашув бўлиб ўтиши аниққа ўхшаяпти. Сизнингча, икки президент Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама этишадими?

Эндрю Штролайн: Президент Каримов, биз яхши биламизки, инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама этишни истамайди. Каримов билан ҳозирга қадар учрашган бирорта раҳбар уни Ўзбекистондаги инсон ҳақлари аҳволи ҳалокатли вазиятда эканига ишонтира олмаган. Бу режим ҳали ҳам ҳар йили миллионлаб болалар ва катталарни далаларда пахта теришга мажбурлайди, полиция идораларида инсонларни қийноққа солади. Бу ҳолатни ҳозирга қадар ҳеч ким ўзгартира олгани йўқ. Қолаверса, Президент Земаннинг бизга ёзган мактубига қараладиган бўлса, унинг Ислом Каримов билан инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама этиши даргумон. Ҳатто агар инсон ҳақлари масаласи кўтарилса ҳам, Ислом Каримовнинг фикри ўзгариб қолади деб ўйламайман.

Би-би-си: Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва тижорий ҳамкорлик даражаси юқори эмас. Шундай экан Ислом Каримов учун Чехияга сафар қилиш нимаси билан муҳим?

Эндрю Штролайн: Ҳозирда Каримов учун бу ташриф ўта муҳим. Бунинг икки сабаби бор: бу учрашув унга ғарб давлатларидан бирининг пойхтахтида кўриниш беришга имкон яратади. Чунки, бугунга қадар на Вашингтон, на Лондон ва на Берлинда ҳеч ким у билан учрашишни истамай келаётир. Ғарб давлатига бордими, тамом. Ўзбекистон телевидениеси у тушган видео тасвирларни қайта-қайта намойиш этаверади. Иккинчидан, ҳозир Тошкент сиёсий ғавғо марказига айланган. Унинг қизи ва хавфсизлик хизматларидаги баъзи унсурлар ўртасида қудрат талаши бораяпти. Бу Ислом Каримовни ўта кучсиз кўрсатиб қўяпти. Унинг ҳалиям қудрат тепасида эканини кўрсатиш баъзида сиёсий шоулар керак бўлади. Шу жиҳатдан Прагага сафар Каримов учун ўта аҳамиятли.