Сочи 2014: ‘Дилхирож’ ҳам, ‘Том бошида тоғора’ ҳам бўлмайди

  • 13 Феврал 2014
  • изоҳлар

Ҳа, ўзбекистонлик кўплаб спорт ишқибозларининг ҳам, қатор интернет нашрларининг ҳам умидлари ўзини оқламайдиган кўринади.

Сочидан олинган сўнгги хабарларга таянилса, Iceberg муз саройида Ўзбекнинг хонатласи ҳам ял-ял ёнмайдиган, дилларни ўйнатиб “Дилхирож”и ёки “Том бошидаги тоғораси...” ҳам янграмайдиганга ўхшайди.

Россиянинг Сочи шаҳрида 7 феврал куни расман очилган бу йилги Қишки Олимпиада Ўйинлари арафасида Ўзбекистоннинг қатор интернет нашрларида муз устида фигурали учиш бўйича россиялик рақс жуфтлиги Елена Ильиних ва Никита Кацалапов яна “Дилхирож”дан тортиб, “Том бошида тоғора”ю, “Андижон полка”гача рақсга тушишармиш, деган хабарлар пайдо бўлганди.

Бунга Россия Олимпия миллий терма жамоаси аъзолари бўлган икковлоннинг ўтган йил якунида бўлиб ўтган Россия чемпионатида ижро этган қисқа дастурлари сабаб бўлганди.

Россиялик бу ёш рақс жуфтлиги бирлари зарбоф “тўнда”, бошқаси этаклари тиззасини ёпиб турган хонатлас кўйлакда муз устида пайдо бўлишган ва бир-бирига уланиб кетган соф ўзбекона ўйноқи оҳанглар остида, ҳаммани том маънода лолу ҳайрон қолдириб, рақсга тушиб беришганди:

Уларнинг ушбу ижроси ҳозир Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларининг муз устида фигурали учиш беллашувларига мезбонлик қилаётган “Айсберг” аренасида олқишлар билан кутиб олишган, рақс жуфтлиги якунида Россия чемпионатининг кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишганди.

Аммо...

Ўзбекистонлик таниқли созандага кўра, муз устида ижро этилиши мумкин бўлган Ўзбек миллий рақслари озмунча эмас

9 феврал куни поёнига етган жамоавий беллашувлар ортидан, ўзбекистонликларнинг умидлари ўзини оқламади.

Елена Ильиних ва Никита Кацалапов Россия Олимпия миллий терма жамоаси Ўйинларда ўзининг илк олтин медалини қўлга киритган мусобақаларда фақат эркин дастурда чиқиш қилиб беришди.

Сочидаги мухбиримиз Рафаэль Сааковнинг муз устида фигурали учиш бўйича Россия Олимпия миллий терма жамоаси матбуот хизматидан олган маълумотларига таяниб айтишича эса, икковлон 16 феврал кунига режаланган якка баҳсларда ҳам қисқа дастурларини Ўзбеконаси эмас, буткул бошқа композиция остида ижро этишмоқчи.

Агар, Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлари келтирган маълумотларга таянилса эса, сўнгги Россия чемпионатида рақс жуфтлигига совринли ўринларни таъминлаган Ўзбеконасини тайёрлашда ҳозир АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишган.

Хабарлардан аён бўлишича, Тошкент консерваторияси битирувчиси Эдуард Қаландаров “Андижон полкаси” оҳангги остида янги куй ёзади, Қрим Автоном Республикасида Хизмат кўрсатган артист, таниқли балетмейстер ва Нью-Йоркдаги “Қрим афсонаси” қрим-татар ансамбли раҳбари Динара Фаизова қисқа дастурни тайёрлаш жараёнида ўзининг маслаҳатларини дариғ тутмайди.

Айни ўринда шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, Никита ғирт москвалик бўлса, 19 ёшли Елена асли Қозоғистоннинг Актау шаҳридан.

Тошкентдан муносабат ва умидлар

"Агар рақснинг "ҳиди" келиб турса, миллий эканига қарамай, ҳар қандай мусиқа истаган халқнинг дилини забт эта олади"

Таниқли созанда Шавкат Мирзаев муз устида фигурали учиш бўйича россиялик рақс жуфтлигининг Ўзбекона дастурига муносабат билдираркан, бунинг жуда яхши иш бўлганини айтади.

“Табрикласа бўлади. Демак, ўзбек миллий мусиқасининг жозибаси ёқибдики, ҳар томонлама шунга маъқул келибдики, улар шунинг асосида рақс тайёрлашипти”, - дейди у киши.

Агар, Ўзбекона қисқа дастур Никита ва Еленага муваффақият келтиргани назарда тутилса, бир халқ миллий рақсию куй-қўшиғи бошқасининг кўнглини қай бир жиҳатдан забт эта олади?

Таниқли созанда суҳбатдошимиз айнан “Дилхирож” мисолида бу саволимизга жавоб бераркан, бу рақс номининг ўзиёқ инсоннинг дили ўйнаши, рақсга тушишини англатиши, суръати, ҳарорати, рақснинг “ҳиди” келиб туришига қараб, ҳамма халқ ҳам қабул қилишини айтади.

Ўз навбатида, Шавкат ака Мирзаевнинг таъкидлашича, раққос фигуристлар муз устида ижро этишлари мумкин бўлган бундан бошқа Ўзбек миллий рақслари ҳам озмунча эмас. Чунки Ўзбек миллий мусиқаларининг ўзи рақсбоп, дейди суҳбатдошимиз.

Таниқли созанда ҳозир Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этаётган Миша Ге ҳам, агар юрагига ўтирса, Ўзбек мусиқасидан олиб ўйнаса, жуда катта ютуққа эришади, деган фикрда.

Агар, Миша учун шундай бир композиция тайёрлаб беринг, деган таклиф билан чиқишса, нима қилардингиз, деган саволимизга эса, Шавкат ака, бунинг учун “унинг бундан аввал ўйнаган рақслари ва имкониятлари билан танишиб чиқиши кераклиги, бунинг шунчаки тўсатдан ҳал қилинадиган иш эмаслиги”ни айтади.

Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларининг муз устида фигурали учиш бўйича эркаклар ўртасидаги қисқа дастур беллашувлари бугун 13 феврал куни бошланади.