Ўзбекистон: 1 миллион иш ўрни ва миллион ишсизлар

Image caption Қишлоқ жойларидаги ишсизлик ёшларни катта шаҳарлардан иш қидиришга мажбурлайди

Ўзбекистонда ҳар йили миллионга яқин иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисоботлар янграйди. Бироқ реал ҳаётда вазият ўзгача экани айтилади.

Қоғозда яратилаётган бундай иш ўринлари жамиятдаги ишсизлик муаммосига барҳам бермаётгани, ёшлар муаммони ўз билганича ҳал қилаётгани таъкидланади.

Авазжон (исми ўзгартирилган-таҳр.) Жиззах вилоятидаги пахта заводларнинг бирида мастер бўлиб ишлайди. Коллежда молия мутахассислиги бўйича битирган Авазжон бу касбда иш тополмаган.

Ўқиган коллежига эса диплом олиш учун ишлаяпти деган қалбаки маълумотнома олиб келиб берган, ҳозиргини ишини топгунча икки йил сарсон бўлишига тўғри келган. Ҳозирда пахта заводида ишчиларнинг ишлаш самарадорлигини назорат қилиш билан шуғулланади.

Авазжон заводдан олаётган маоши камлигини айтади.

“Ойига 80-90 минг бериб туради. Яна 2 килодан олма, гўшт бериб туради. Ҳамма халқ шунга рози бўлиб ишлаяпти”.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қоғозда бир ойлик маош 700 минг сўм ёки 250 доллар ёзилади. Бироқ ушбу сумма на пластик карточкага тушади ва на қўлга тегади.

“Пулларимиз туради, лекин қачонгача туради ва қачон оламиз, билмаймиз. Мастерлар шелуха оламиз”, - дейди Авазжон.

Чигит шелухаси моллар учун ем сифатида ишлатилади. Завод маъмурияти айрим ишчиларига қоғозда ойлик ўрнига 2 тоннадан шелуха беради. Лекин шу ерда ҳам ўйин бор. Раҳбарият шелухани ўзини бермайди, балки давлат нархидаги баҳосини ҳисоблаб пулини беради. 2 тонна шелухани 250 минг сўмлик иш ҳаққимга олдим, деган мазмунда ишчилардан қўл қўйдириб олади. 2 тонна шелуханинг бозордаги нархи эса 2 миллион сўмдан кам эмас.

“Шелухани қўлимизга бермайди, биз уни ушламаймиз. 2 тонна олди, денган қоғозга қўл қўйдириб олади. Кейин пулини бериб қўяди”.

Мана шу йўл билан завод маъмурияти ўз ишчилари ҳаққидан мўмайгина даромад орттириб олиши мумкин. Бироқ маҳсулот чекланганлиги боис ишчиларга шелуха бериш тадбири бир неча ойда бир марта амалга оширилади.

Шароитлар ишлаш ва яшаш учун қулай бўлмаса ҳам туман ёшлари бу каби заводларга кириш учун навбатда туришади. Орага таниш билиш ва порани ишга солишади.

“Бизга чой таклиф қилиб ишга кирадиганлар бор-да. Мени ишга ол, сенга 50 минг сўмга чой бераман ёки ўша пулни қўлингга бераман, дейдиганлар бор. Лекин заводда тайинли ойлик бермайди ”, - дейди Авазжон.

Вилоятдаги ишсизлик ёшларни маоши кун ўтказиш учун етмаса ҳам бу каби заводларга ишга киришга мажбур қилмоқда. Ишчида заводга кириб молига ем олиш имконияти ва ҳар куни махсус тикилган чўнтакларга 2 килоча чигит солиб ўғирлик қилиш имкони бўлади.

“Заводга ишга кириб молига ем олади. Ҳар ой ёки бир ярим ойда пластикка 80 ёки 100 минг сўм пул ташлаб беришади, шуни олади. Бориб келиб куни ўтади. Икки кило чигит олиб чиқиб сотса, бир-икки кило картошка олади. Шундай қилиб қишни ўтказади”.

Авазжоннинг ўзи ҳозирги ишини топгунча бир неча жойда ишлашига тўғри келди. Коллежга ишга кирди, деб сохта маълумотнома олиб бориб дипломини олганидан сўнг иш излаб Қозоғистонга кетди.

Қозоғистондаги оғир меҳнат ва арзимас пулга шериклари дош беролмади. Қайтиб келиб, Тошкент вилоятидаги полиз экинлари етиштирувчи иссиқхоналарда ишлади.

Шуларнинг ичидан унга энг маъқул келгани ҳинд тадбиркори томонидан Тошкент шаҳри четида юритилган пишиқ ғишт ишлаб чиқариш цехи бўлган.

“Олдин мен ишлаган жой ёпилиб кетди. Ҳиндистонлик одам юритарди. Нимага ёпилди, сабабини билмайман”, - дейди у.

Корхонада 100 га яқин одам ишлаган. Авазжоннинг атишича, бир ойда яхши ишласа нақд 1 миллион сўмгача ёки 350 доллар топиш мумкин бўлган. Бироқ ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бўлган. Қизиб турган печкага ғишт тахлаш ва олиб чиқишга ёзнинг жазирамасида ҳар ким ҳам чидай олмаган.

Авазжоннинг билдиришича, тенгдошларининг олдида Россияга бориб ишлаб келиш имконияти ҳам бор. Аммо Россияга бориш учун бироз маблағ керак бўлгани ва бу 50 га 50 таваккал иш бўлгани учун ҳар ким ҳам боравермайди. Бундан ташқари ўртадаги одамлар кўпайиб кетганлигидан ишчининг ҳаққи камайиб кетаверади.

“Мисаол учун, мен Ўзбекистондан 5 та болани олиб, кетдик иш бор дейман. Зўр иш, уйга шунчадан юборасизлар дейман. Бориб иш топиб бераман, улар ишлайверади. Қиладиган ишига 1000 доллар беришади, лекин улар қўлига 300 доллар олади. Лекин уларнинг устидан менга ўхшаб ишламасдан олиб ётадиганлари бўлади. 3-4 киши”.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у яшаб турган жойда Россияда 5 йил ишлаб бир тийин ҳам ололмасдан қайтиб келган ёшларни ҳам учратиш мумкин.

Авазжон кунлар исишини кутаяпти. Кунлар исиши билан пойтахт Тошкентга қараб иш излаб кетади. У ерда ҳар қалай ҳозирча маошни олма, гўшт билан бераётгани йўқ.Нақд пул ишлаб топиш имкони бор...