Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Олма-Отада танганинг қадрсизланишига қарши намойишлар давом этган

Якшанба куни эрталаб Қозоғистоннинг жанубий пойтахти Олма-Ота марказида миллий пул бирлиги танганинг қадрсизланишига қарши норозилик намойиши давом этган.

Намойишда 30га яқин кишининг иштирок этгани, полиция камида 3 кишини ҳибсга олгани хабар қилинмоқда.

Якшанба кунги намойиш 15 феврал куни бўлиб ўтган норозилик юришининг давоми бўлган.

Шанба куни 100, айрим манбаъларга кўра эса 200 га яқин намойишчилар Республика саройидан Олма-Ота шаҳар маъмуриятига қараб юришга уринганлар.

Полиция намойишчиларнинг Абай ҳайкали атрофида йиғилишига қаршилик қилган.

Намойишчилар Президент Назарбоевнинг истеъфосини талаб қилганлар.

Олма-Отадаги мухбиримизга кўра, намойишга чиққанларнинг аксарияти ёшлардир.

11 феврал куни Қозоғистон Миллий Банки танганинг мавжуд курсини сақлаб туришдан воз кечган ва натижада танга 20 фоизга қадрсизланган эди.

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон иқтисоди алал-оқибат танганинг қадрсизланишидан фойда кўриши, жорий йилда иқтисодий ўсиш 6 фоиздан кўпроқ бўлишини айтган.

Остонадаги Овросиё университетининг иқтисод бўйича доценти Сапарбой Жубаевнинг айтишича, норозилик чиқишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати аҳолини кўпроқ ижтимоий ҳимоялаш бўйича чораларни кўришни бошлаган, жумладан, намойишлар юз берган шанба куни маош, нафақа ва стипендияларнинг 10 фоизга оширилгани эълон қилинган.

"Ҳукумат 1 январдан бюджетдан маош олувчиларнинг ойликлари, пенсия ва стипендияларни 10 фоизга оширганди. Аммо девалвацияни ҳеч ким олдиндан кўрмаган. Шунинг учун ҳозирда маошлар яна 10 фоизга кўтарилмоқда", - дейди қозоғистонлик иқтисодчи.