Швецияда Обидхон қорига суиқасднинг икки йиллигига намойиш ўтказилди

Стоголмдаги парламент биноси қаршисида ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон Қори Назаровга қарши Швецияда содир этилган суиқасднинг икки йиллиги муносабати билан норозилик акцияси бўлиб ўтган.

Норозилик чиқишида Швецияда яшаётган 50 дан ортиқ ўзбекистонлик- Обидхон Қорининг шогирдлари ва мухолифат фаоллари қатнашган.

Улар қўлларида Швеция ҳукуматига қаратилган "Швеция қотил ушланганини исботласин!", "Қотиллар жазосини олсин!", "Швеция сиёсий қочқинларни ҳимоя қилсин!" шиорларини кўтариб олишган.

Намойиш иштирокчилари Обидхон қори Назаровга ҳужум қилган инсонни топиш талабини илгари сурганлар.

Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 февралида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилиши ортидан ҳануз аҳволи ўнгланмаган, комада қолмоқда.

Ўтган йилги намойишда ҳам мухолифат ва ўзбек муҳожирлари суиқасдда тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳукуматини айблашганди.

Бундан олдин Обидхон қори Назаровга қарши уюштирилган суиқасд амали юзасидан Швеция махсус хизматлари кенг кўламли тергов ва қидирув амалиётини бошлаган.

Суиқасдни уюштиришда ёрдам берганликда гумонланиб қўлга олинган икки ўзбекистонлик терговдан сўнг "етарли далиллар йўқлиги сабабли" дея маҳкама залидан озод қилинган.

Стромсмунд шаҳарчасида ўнлаб ўзбек оилаларининг яшаши айтилади.

Маҳкамада қатнашган ўзбек муҳожирлар эр-хотинларнинг сўзларидан уларнинг айби билиниб турганлигини, бироқ ҳакам бунга эътибор қаратмаганини айтишган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обидхон қори Назаров 2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олганди.

Бу мавзуда батафсилроқ