Ўзбекистоннинг чегара туманларидаги текширувлардан мақсад нима?

"Узметроном" сайтининг ёзишича, Ўзбекистоннинг чегара олди туман ва қишлоқларида маҳаллий ҳукумат вакиллари, милиция ва санэпидемстанция ходимларидан иборат гуруҳ иштирокида текширувлар ўтказилмоқда.

Текширувчилар паспорт маълумотлари асосида фуқаронинг кўрсатилган манзилда яшаши, илгари судланган ёки йўқлигини, шунингдек, ҳовлисида қанча қорамоли, дарахт ва бошқа нарсалари борлигини рўйхатга олишмоқда.

Ўтказилаётган текширувлардан кўзланган мақсад ноаниқ бўлсада, Афғонистондан халқаро кучларнинг чиқиб кетиши олдидан ҳукуматнинг чегара ҳудудлардаги манзарадан бохабар бўлишга қаратилган ҳаракати сифатида қараш мумкин, деб ёзади Узметроном.

Шунингдек, Украинадаги вазиятнинг кундан-кун мураккаблашиб бораётгани ҳам режимни ташвишга солган бўлиши эҳтимол.

Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситалари бутун жаҳон эътиборида бўлиб турган Украинадаги воқеаларни у қадар ёритмаётгани кузатилади.

Олдинроқ Украинадаги намойишчиларни қувватлаб кичик акция ўтказган тошкентлик фаолларга нисбатан жиноий иш очилган эди.

Тошкентга яқин Черняевка чегара постида яшовчи фуқаро биз билан суҳбатда маҳаллий ҳукумат томонидан текширув бўлаётганини тасдиқлади.

"Лекин бундай ишлар бундан олдин ҳам ҳар доим ўтказиб келинади, чегара бўлгани учун хавфнинг олдини олаётган бўлса керакда", деди у.

"Қариндошларимиз яшаётган "Уч қаҳрамон" мавзесида ҳам шундай паспортларни кўриб чиқяпти экан. Лекин нима учунлигини билмадим, биометрик паспорт олинглар, деяпти. Шунгадир балки", дейди тошкентлик яна бир фуқаро.

Пойтахтнинг Юнусобод мавзесидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Зуҳра опа кейинги пайтларда паспортни текшириб милиция айланиб юрганини айтди. "Улар тушунтириб ўтиришмайди мақсадини , паспортингизни текширишимиз керак, дейди холос. Мендан ҳам уйда нечта одам яшайди, кимингиз чет элда дейишди. Опамнинг боласи Туркияда ўқийди, қўрқиб кетдим шунга текширяптими бизни деб. Билмайсизда, буларнинг мақсади нималигини? Диндорларни қидирадими, бошқаними, дейди саволимизга жавобан у.

Бу каби текширувлар нафақат чегара туманлари ва пойтахтда, балки вилоятларда ҳам ўтказилаётгани ҳақида хабарлар бор.

"Чегара ҳудудларда яшовчиларни хавфсизлик нуқтаи назаридан текширилганини тушунса бўлар, лекин Қарши шаҳрининг ичида ҳам одамларнинг паспортидан тортиб, нечта моли, мушуги, ити борлигини ёзиб кетяпти. Бошқа жойларни билмадим, лекин шаҳарда уйма-уй текширяпти. Аҳолини рўйхатга олиш десангиз, унгаям ўхшамайди. Мачитга чиқасизми, оилангиздан, танишларингиз хорижга кетганми, деган саволлар одамларда шубҳа туғдиряпти. Бундай олганда кўпчиликнинг қариндоши ҳалиям Россияда", деб айтади қаршилик Нуриддин исмли суҳбатдош.

Расмий идоралар жойларда бошланган бундай текширувлар ва улардан кўзланган мақсад ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.

Милициянинг уйма-уй юриб берадиган саволлари одамларни сергаклантирса ҳам, бундай текширувларга ўрганиб қолганларини айтишади.