Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи Nexia ва Matizнинг Қозоғистонга импорти тўхтатилган

  • 21 Феврал 2014
Uzdaewoo машиналари Қозоғистонда ўтган йил энг оммабоплардан бўлган
Uzdaewoo машиналари Қозоғистонда ўтган йил энг оммабоплардан бўлган

Kolesa.kz порталининиг маълум қилишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Nexiz ва Matizларни Қозоғистонга олиб киришни чеклаш Божхона иттифоқининг техник регламентига ўзгартиришлар киритилиши ортидан рўй берган.

Портал ушбу машиналарни олиб киришга тақиқ 2014 йилнинг 5 январида кучга кирганини ёзади.

Би-би-си вазиятни ўрганиш учун Қозоғистондаги бир неча автасалонларга мурожаат қилди. Автосалон ходимлари айни вақтда Uz Daewoo маркаси остида сотилувчи Nexia ва Matiz ларнинг сотувда йўқлигини ва қачон бўлиши номаълумлигини билдиришди. Уларга кўра бундай ҳолат олдин кузатилмаган.

Koleso.kz сайти Uz Daewoo нинг Қозоғистондаги вакилига иқтибосан ёзишича, айни дамда омборда қолган машиналар сотилмоқда.

“Daewoo Nexia ва Daewoo Matiz автомобиллари Қозоғистонга 2014 йилнинг 5 январидан бери киритилмаяпти. Ҳозир омборда қолганларини сотаяпмиз. Ушбу маркалар яна сотиладими ё йўқми ҳозирча билмаймиз. Бироқ завод техник талаблар учун машиналарни қайта бутлашга киришмаса керак. Балки Нексиянинг ўрнига Gentra седанини таклиф қилармиз”.

Техник регламентга киритилган тузатишлар бўйича, Божхона иттифоқига киритилмоқчи бўлган автомобилда ҳеч бўлмаганда олд хавфсизлик ёстиқчаси бўлиши, тормоз тизимининг блокланиб қолишини олдини олувчи тизим, болалар ўриндиғини ўрнатишга мўлжалланган қотирма ва иммобилайзер – ўғирлашга қарши электрон ускуна бўлиши шарт.

Бироқ Қозоғистонда сотиладиган Uz Daewoo машиналари бу талабларга жавоб бермайди.

2013 йилда Қозоғистонда 13 371 дона Uz Daewoo автомобиллари сотилган. Нексия ўтган йили энг кўп сотилган машиналар учлигига кирган ва 10 мингдан кўпроқ сотилган.

Қозоғистонга импорт қилинадиган айрим Россия машиналари ҳам ушбу талабларга жавоб бермайди. Бироқ Божхона иттифоқига аъзо давлатларга техник трегламентда кўрсатилган талаблар 2015 йилдан бошлаб қўйила бошлайди.

Қозоғистон машҳур Нексия ҳамёнбоплиги билан харидорларнинг қизиқишини уйғотади.

Бошланғич комплектли Нексиялар 8 800 доллардан бошланади.

Божхона иттифоқининг яна бир аъзоси ва ўзбек машиналарининг катта бозори бўлмиш Россияда Uz Daewoo автомобилларининг олиб кирилиши чекланмаган.

Россиядаги Uz Daewoo ширкатининг масъули Би-би-си билан суҳбатда ҳозирча бу борада бирор ўзгариш бўлмаганини ва ўзбек машиналари Россияга муаммосиз олиб кирилаётганини билдирди.