Зарбдор ҳокими: "Энангни қози эплаган бўлса менинг олдимга келасанми?"

Image caption Ўзбекистонда раҳбарларнинг қўл остидагиларни ҳақорат қилиши кенг ёйилган

Ўзбекистонлик блогер ўз саҳифасида сўконғич раҳбарлар ҳақида ёзган.

Раҳбарларнинг қўл остидагиларни ёки оддий фуқароларни ҳақорат қилишлари Ўзбекистонда кенг ёйилган бўлса-да, ушбу мавзу маҳаллий матбуотда деярли кўтарилмайди.

Муаллиф Эркинжон Каримов сўкиш одати қишлоқ жойлардан йирик шаҳарларга ҳам кириб келиб кун сайин кўпаётгани ҳақида ёзади.

Блогер "Сўконғич раҳбарлар" сарлавҳаси остида Ўзбекистонда кенг ёйилган ҳолатни кўтарган.

Эркинжон Каримов сўкинувчи раҳбарларни "далага солинадиган маҳаллий ўғит "пекало"га оғиз чаяди", деб ўйлаши ҳақида ёзган.

Унга кўра, шаҳарнинг қоқ марказида юмшоқ креслоларда ширин шарбатлар ичадиган "коттаконлар" туман, қишлоқдаги "сассиқкекирдаклар"ни ортда қолдириб кетар экан.

Блогер сўкинувчан раҳбарларнинг кун сайин кўпайятгани ҳақида қайғуради.

Мавзуни ўрганииш жараёнида Жиззах вилоят Зарбдор тумани ҳокимининг оддий фуқароларни сўкиш ҳолатига дуч келдик.

Бўстон шаҳарчасидаги маҳалла фаоли Анорбой Ҳолиқулов 4 аёл ва икки эркакни туман ҳокими ҳақорат қилганини айтади.

"Сен сиёсатга аралашмасдан, халқни етакламасдан, яна бу каби можаролар билан юқоридан келаётган буйруқни бажаришга кўндаланг бўлмай б... еб юрибсанма еталашиб, дейди. Бўлди 15 ўринли болницаси ҳам бошқаси ҳам йўқ бўлади, деди" - эслайди маҳалла фаоли.

Фаоллар 15 минг аҳоли яшовчи Бўстон шаҳарчасида 15 кишига мўлжалланган ягона шифохона ёпилишини тўхтатиб туришни ҳокимдан илтимос қилганлар.

Туман ҳокимининг қабулига кириш учун икки ой кутишга тўғри келган.

Бироқ ҳоким уларни илиқ кутиб олмаган.

"Жуда ҳам ноўрин гап бўлди. Энангни қози эплаб қўйса, менинг олдимга келасанми, деди. Одамларни қонунчиликка тўғри келмасдан қабул қилаяпти. Сенсирайди, ҳурматсизлик қилади, аёл-эркак борми, сўкиниб гапиради. Бошимизни эгиб, бирорта ижобий жавоб ололмасдан, туман ҳокимидан астойидил хафа бўлиб қайтдик," - дейди Аноброй Ҳолиқулов.

Унинг илова қилишича, Бўстон шаҳарчасида бошқа муаммолар ҳам бор.

12 минг аҳоли икки қаватли уйларда яшайди.

Лекин сўнгги вақтларда бу уйлардаги иситиш, ёритиш, сув тизимлари ишдан чиққан.

Ҳокимият бор эътиборини янги қурилган 40 хўжаликдан иборат намунали уйларга қаратмоқда.

Анорбой Ҳолиқулов ҳокимнинг бошқалар олдида ҳақорат қилганидан қаттиқ изза бўлганини айтади.

У ҳокимнинг одобсизлигидан президент Ислом Каримовга шикоят қилмоқчи.

"Хафалигимдан ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим. У кишининг ҳақоратидан, менга бўлган муносабатидан жуда ёмон бўлиб кетдим. Ҳал бу тўғрисида гувоҳларим билан президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга ёзма равишда мурожаат қилиб чиқаман, Худо хоҳласа. Мана икки кундан бери энди ўзимга келдим," - дейди Анорбой Ҳолиқулов.

У ҳақорат масаласида прокурор, милиция ёки вилоят ҳокимларига шикоят қилиш фойдасиз бўлгани учун ҳам тўғридан тўғри президентга мурожаат қилишини айтади.

2013 йилнинг июл ойида наманганлик фермер Муҳаммаджон Раҳимов Би-би-сига Наманган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосарининг ҳақорат қилгани ва тепгани ҳақида гапирган эди.

Ушбу чиқишидан сўнг Миллий хавфсизлик хизмати Раҳимовдан вазиятни ўрганган.

Фермермернинг Би-би-сига айтишича, ҳоким ўринбосари ҳануз лавозимида ишлаяпти.

Бироқ вилоятда раҳбарларнинг ҳақорат қилиши ҳолати камайган.

"Ўзгаришлар яхши, ҳозир ишлар анча тартибга тушган. Унақа тазйиқлар йўқ," - дейди Муҳаммаджон Раҳимов.

Ҳуқуқ фаоллари раҳбарларнинг қўл остидагилар ва оддий фуқароларни ҳақорат қилиш ҳоллари кенг ёйилганини айтишади.

Бу каби ҳақоратлар устидан прокуратурага қилинган шикоятлар жабовсиз қолиб кетиши эътироф этилади.

Бу мавзуда батафсилроқ