Ўзбекистон ўз автомобилларининг Қозоғистон бозорига қайтишига умид қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи bibi.uz
Image caption Ўзбекистон ўз автомобилларига муқобил бозорлар қидираётгани айтилади

Остонада икки давлат ҳукумат ҳайъатлари ўзбек автомобилларининг Қозоғистон бозорларига чиқарилиши масаласини муҳокама қилганлар.

Podrobno.uz сайтининг Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигига иқтибосон тарқатган хабарида айтилишича, музокараларда ўзбек томонидан вазир ўринбосари Акмал Камолов, Қозоғистондан эса Саноат ва янги технологиялар вазирининг ўринбосари Алберт Рау иштирок этишган.

Томонлар Қозоғистоннинг шу йил 1 январдан эътиборан мамлакатга олиб кирилаётган енгил автомобилларга техник параметрлар бўйича киритган чекловларини муҳокама қилганлар.

Ўзбек томонига кўра, Қозоғистон чекловлар ҳақида Ўзбекистонни расман хабардор қилмаган, олдиндан маслаҳатлашувлар ўтказмаган ва мослашиш учун муҳлат бермаган.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, музокараларда айни масалада ҳар икки томон учун маъқул ечим топишга келишилган.

Қозоқ томони Ўзбекистон қўйган масалалар юзасидан энг қисқа муддатда жавоб беришга рози бўлгани хабар қилинади.

Айни пайтда Божхона Иттифоқининг яна бир аъзоси Россия ўзбек автомобилларига ҳозирча ҳеч қандай чеклов киритмаган.

Россиядаги GM Uzbekistan ширкати вакилининг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар Россияга муаммосиз олиб кирилмоқда.

Хавфсизлик муаммолари

Техник регламентга киритилган ўзгаришлар бўйича, Божхона иттифоқига олиб кирилаётган автомобилда ҳеч бўлмаганда олд хавфсизлик ёстиқчаси бўлиши, тормоз тизими блокланиб қолишининг олдини олувчи тизим, болалар ўриндиғини ўрнатишга мўлжалланган қотирма ва иммобилайзер – ўғирлашга қарши электрон ускуна бўлиши шарт.

Бироқ Қозоғистонда сотиладиган GM Uzbekistan машиналари бу талабларга жавоб бермайди.

2013 йилда Қозоғистонда 13 371 дона ўзбек автомобиллари сотилган. Нексия ўтган йили энг кўп сотилган машиналар учлигига кирган ва 10 мингдан кўпроқ сотилган.

Қозоғистонга импорт қилинадиган айрим Россия машиналари ҳам ушбу талабларга жавоб бермайди.

Бироқ Божхона иттифоқига аъзо давлатларга техник трегламентда кўрсатилган талаблар 2015 йилдан бошлаб қўйила бошлайди.

Қозоғистон машҳур Нексия ҳамёнбоплиги билан харидорларнинг қизиқишини уйғотади.

Бошланғич комплектли Нексиялар 8 800 доллардан бошланади.

Бу Ўзбекистоннинг ўзидаги нархлардан анча арзондир.

Ўзбек автомобилларига қозоқ томони киритган чеклов ҳозирча Ўзбекистон бозоридаги автомобил нархларига таъсир кўрсатмаган.