'Ҳуррият 2014': Ўзбекистонда эътироз билдириш мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Кимдир, "албатта мумкин", деса ҳайрон бўлмайман. Негаки, кунда куноро эътирозларга кўзимиз тушади, эшитамиз, гувоҳ бўламиз.

Эски йил тугади-ю, ҳали ойлик маош олмасингиздан туриб, газ ёки электр энергияси назоратчиси уйингизга бостириб келиб ўтган йилдан қолган қарзни ва боз устига, бу йилги тўловни олдиндан тўлаб қўйишимиз ҳақида дўқ урганда, кўзларимиз жавдирабгина, ялингандан баттарроқ бўлиб, не-не илинж ва илтижо билан: "Акажон, ойлик олганимиз йўғиди. Ярим йилга тўласам майлими?" дея қўрқа-писа эътироз билдиришимиз мумкин-ку?!

Ёки, ана боринг, ўғлимиз ёки қизимиз қишки пойабзалидан сув ўтаётганидан нолиса: "Нима, мен сенга миллионермиман? Ҳали икки сезон ўтмасдан батинкангни расво қилибсан!" дея эътироз билдира оламизми? Хотин қурмағур гўшт қолмагани-ю, гуруч билан ёғнинг таги кўринганидан шикоят қиладиган бўлса, кўзларимизни олайтириб, дағдаға қилишни ҳам эплай оламиз баъзан.

Қилар ишининг тайини йўқ уй-жой мулкдорлари ширкати (оддийгина ЖЭК десак ҳам бўларди) раиси деганлари аллақандай тўлов пулини талаб қилиб дарғдаға қилса, баъзан юрак ютиб: "Опажон ўзи нимага пул тўлаяпмиз?" дейишимиз ҳам мумкин...

Вилоятларни эмас, ҳатто Тошкентнинг ўзида юз-икки юз йиллик минглаб чинору соя-салқин бергучи хиёбонларни таг туги билан қўпориб ташлашларига ким эътироз билдира оларди бугун? Балки, шу ерда тўхтатсам бўлар. Буларнинг ҳаммаси оддий турмуш ташвишлари, икир-чикирлар, холос.

Қулочни каттароқ оладиган бўлсакчи? Аҳвол қандай аслида? Тошкентдан бир қадам нарига ўтиб кўрайлик. Бугун на газ, на электр ва на-да, суви бўлмаган ўзбекистонликлар арзи додини, эътирозини юрак ютиб кимгадир айта оладими? Ҳукуматнинг шаҳар ёки вилоят марказларини қайта қуриш, реконструкция қилиш борасида чиқарган қарорлари натижаси ўлароқ, уй-жойидан мосуво бўлганлар, қишнинг қировли ва изғирин кунларида ҳокимликдан "Уйинг бузилади" деган мазмунда огоҳлантириш олганлар эътирозини овоз чиқариб айта оладими?

Пенсияси ўн-ўн беш кило ун-у ўн литр пахта ёғига етмайдиган кексалар, ойлигининг ярмидан кўпроғи пластик карточкага туширилиб, қўлига теккани ҳемирам бўлмайдиган ишчи-ходимлар, домласидан сессияни беркитиш учун беш юз "кўки" кераклигини эшитган талабалар, синф фонди, мактаб фонди учун ҳар ойга ўн беш-йигирма мингдан юз долларгача талаб этилишини ота-онасига қандай айтишни билмаётган ўқувчи ёшлар эътирозини кимгадир айта оладими?

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида айтадиган бўлсак, бу ҳолни кўрган маймунлар ҳам "дод" солиб йиғлаши тайин бугунги мустақил Ўзбекистонда.

Назаримда, республика фуқароларининг фақат ва фақат мажбурияти қолганга ўхшайди. Мамлакат Конституциясида эркин фикр билдириш, намойишлар ўтказиш, оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилиш, қонун билан белгиланган ҳуқуқларини талаб қила олиши кабилар белгилаб қўйилган эсада, аслида буларнинг ҳаммаси ғирт ёлғон ва бундан бошқа нарса эмас. Қани бугун Олий Мажлис қабул қилаётган қонунларнинг омма орасида муҳокама қилиниши?

Қани газеталар орқали қонунлар лойиҳасининг муҳокамага ташланиши? Ўн беш йилнинг нари берисида бу амалиётга тўлалигича барҳам берилди. Қонунларни қонун эъжодкорлари эъжод этиб ўзлари қабул қиладиган бўлишди. Қонун кимларнинг манфаатига хизмат қилишини билиш қийин эмас бу ҳолдан. Ҳукумат қабул қилган юзлаб, балки минглаб қарору ҳукми фармолар шундоғам абгори чиқиб қолган ўзбекистонликларнинг аҳволини тобора танглаштираётган бир пайтда бирон киши эътироз билдира олармикан?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Давлат раҳбарининг том-том китобу ирод этган нутқи ва маърузаларида қалашиб ётган ёлғону саёз фикрларга ким ҳам бир нима дея оларди юрак ютиб?! Ўн беш кунлик келинчакни ота-онасига ташлаб, қарзларидан қутилиш илинжида Россия сари йўл олган ёш куёвни тақирбошлар калтаклаб ўлдиргани юзасидан онаизор кимга арзи дод қила олади Ўзбекистонда?

Масжидга жума номозига икки карра зиёдроқ чиққани учун МХХга чақирилиб "ваҳҳоббий" ёки "хизбутчи" тамғаси урилиб, Жаслиқдаги турмага тиқилган ўғилнинг отаси кимга арзини айтсин, кимга ёлворсин бугунги Ўзбекистонда?

Уч киши бозорбошида қайси чойхонага чиқишидан гурунглашиб тургани маҳал, мелисса аталмиш қароқчилар томонидан ўласи қилиб калтаклангани учун кимга эътироз билдирсин бу халқ?

Эмишки, уч кишидан ортиқ тўпланиш ман этилади Ўзбекистонда! Асосий қонунимизда эса турли уюшмаларга аъзо бўлиш, намойишлар орқали фикрни билдириш эркинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Абсурд!

Камина эътироз билдиришнинг энг мақбул ва хатарсиз йўлини топгандекман. Ҳозирча, Ўзбекистон телеканаллари орқали берилаётган "жаннатдан хабарларни" томоша қила туриб, гапирувчи, тиржайган, иршайган каллаларга овоз чиқариб эътироз билдира бошладим.

Баъзан боплаб сўкишга ҳам жазм қилаяпман. Айниқса, танишроқ башарани кўргудек бўлсам (кўпроқ депутатлар, ёзувчи, шоир ва журналистлар) бўралиб сўкишниям эплаяпман. Уйдагилар ҳайрон. Бир бало бўлдимикан, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Уларнинг хавотирлари ва танбеҳларига эътироз билдирмаяпман.

Чунки, эътирозларимга улар меникидан-да каттароқ эътироз билдиришини яхши биламан. Хуллас, бугунги Мустақул Ўзбекистонда фақат телевизорга эътироз билдириш мумкин бўлса керак. Балки, буям ҳозирчадир...

Азиз ўқувчи, Ҳуррият сиз учун нимани англатади? Сиз Ҳурликни қандай тасаввур қиласиз? Фикру мулоҳазаларингизни bbcuzbek.com га қуйидаги форма орқали йўллашингиз мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ