Ўзбекистон синтетик ёнилғи ишлаб чиқаришда Япония билан ҳамкорлик қилмоқчи

Image caption Синтетик суюқ ёқилғи турларидан бири авиация керосини

Ўзбекистон Шўртандаги синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш лойиҳасига Япониянинг нефт, газ ва металл бўйича миллий корпорацияси JOGMEC жалб қилмоқчи.

Бу ҳақда Energo-newsпортали ҳукуматдаги манбааларига таяниб хабар тарқатган.

Uzbekistan GTL қўшма корхонасида Жанубий Кореянинг Sasol ва Малайзиянинг Petronas ширкатларининг ҳиссалари бор. Бироқ икки ширкат ҳам айрим сабабларга кўра акцияларининг фоизини камайтирган.

Портал JOGMEC нинг лойиҳага қўшилиш масаласи шу йилнинг ёз ойида ечилиши кераклигини билдирган.

Япония томони қўшма қорхона акциялариинг неча фоизига эгалик қилиш ҳақида маълумот берилмаган.

2013 йили Uzbekistan GTL қўшма корхонасидан Жанубий Кореянинг Sasol ширкати лойиҳадаги улушларини 44,5 фоиздан 25, 5 фоизга туширган. “Ўзбекнефтгаз” ширкати эса 44,5 фоиз акцияларга эгалик қилмоқда.

Малайзиянинг Petronas компаниясининг лойиҳа бошланган вақтда улуши 33,3 фоиз бўлган бироқ, ширкат Ўзбекистондаги фаолиятини ихчамлаштириш мақсадида ҳиссаларини 11 фоизга туширганди.

Нефт ва газ соҳаси бўйича мутахассис тошкентдан иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Япония ширкатининг лойиҳага қўшилмоқчи бўлаётгани ижобий ҳоллигини айтади.

“Япония ҳамкор бўладиган бўлса, бундай заводни бемалол бир икки йилда ишга тушириш мумкин”.

2017 йили Шўртанда ишга тушиши кутилаётган синтетик ёнилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод Ўзбекистоннинг эҳтиёжини қондириш билан бирга четга экспорт қилиш имкониятини бериши мумкинлиги кутилмоқда.

Йилига 3,5 миллиард куб метр газни қайта ишлашга мўлжалланган заводнинг умумий қиймати 4 миллиард 100 миллион долларга баҳоланган. Шунинг 70 фоизи банклардан кредитга олинган маблағ бўлиши кутилган.

Техника фанлари номзоди ҳозир Америкада истиқомат қилаётган мухолифат фаоли Санжар Умаров бундан 10 йил олдин Ўзбекистонда Американинг “Ecoil Technologies, Inc” вакили сифатида Ўзбекистонда синтетик ёнилғининг истиқболи тўғрисида лойиҳа тайёрлаган.

Сажар Умаров ўзининг твиттердаги саҳифасида Шўртанда қурилаётган заводнинг таннархи коррупция аралашгани боис кўпайтириб ёзилганини таъкидлайди.

“10 йил олдин бизнинг UzGTL йилига 2 миллиард куб метр газни қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлиб қиймати 1 миллард долларга баҳоланганди. Энди Ўзбекистон ҳукумати йилига 3,5 миллиард куб метр газни қайта ишловчи Uzbekistan GTL корхонасини 4 миллард долларга қурмоқчи”, - деб ёзган Санжар Умаров.

Умаровнинг тушунтиришича, уларнинг UzGTL корхонаси 3,5 миллиард куб газни қайта ишлаш салоҳияти билан 1,5 миллиард ошиб борса, 1,75 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин эди.

“Ҳозирги 4 миллиард долларлик қийматни ҳеч қандай инфляция тушунтириб бера олмайди. Бу ерда яққол коррупция бор”, - деб ёзган Умаров.

Тошкентдан иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Санжар Умаровнинг тахминларида жон бўлиши мумкинлигини айтади.

“Бу афсуски, умумий бир касаллик. Бизда масалан, тўқимачилик ва бошқа корхоналар ҳам қурилиши ва асбоб ускуналари сотиб олиниши жуда ҳам юқори нархда бўлиб унда коррупциянинг ўлжаси катта. Кейин корхона ишга тушади, лекин уни ҳеч қандай бошқарув фойда кўришга олиб чиқолмайди”.