Тошкентда бузилиш навбати "Анҳор" кафесига келди

Хабарларга кўра, Тошкент марказидаги машҳур "Анҳор" кафесини бузиш бошланган. Атрофдаги дарахтлар ҳам кесилмоқда.

1956 йилда қурилиб, бугунда эски Тошкентнинг рамзларидан бирига айланган, тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари учун севимли гўшалардан бўлиб қолган ошхона ўрнида нима қурилиши ҳозирча номаълум. Олдинроқ Анҳордаги "Моржлар" клуби ҳам шаҳар ҳокимининг буйруғига кўра ëпилган эди.

Айтилишича, пойтахт кўчаларини ободонлаштириш ва Анҳор бўйини реконструкция қилиш режаси бўйича каналнинг иккала томонида пиёдалар йўлаги ва Ўзбекистонда илк бор велосипедчилар йўлкаси қурилиши мўлжалланган.

"Янги лойиҳа пойтахтнинг кўркига-кўрк қўшади, ёзда фуқароларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, велоспорт билан шуғулланишига имкон яратиб беради", дейилади расмий хабарда.

"Узметроном" интернет нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, машҳур кафе Ўзбекистонда бир вақтлар қудратли шахслардан, президент Каримовнинг маслаҳатчиси, бош вазир ўринбосари бўлган Исмоил Жўрабековнинг ўғлига тегишлилидир. Акмал Жўрабеков айни пайтда Ўзбекистонда яшамаслиги ҳам қайд этилади.

Кекса тошкентликлар Анҳорни ёшлик хотиралари билан боғлиқлигини, тарихни сақлаб қолиш кераклигини айтишади.

Дунёнинг кўпгина давлатларида тарихий бинолар кўз қорачиғидек асралиб, тарихнинг бир бўлаги сифатида тақдим этиб келинади. Ўзбекистонда эса бунинг аксини кўриш мумкин.

Республика мустақиллигидан кейин ўтган 23 йиллик муддатда Чор Россияси ва Иттифоқ давридан қолган, у даврни эслатадиган барча бинолар президент Каримов топшириғига биноан, бирин-кетин бузила бошланди.

Ҳатто шаҳар марказидаги ёши 100 йилдан ошган қадимий дарахтлар илдизи билан қўпорилиб, арча кўчатлари ўтказилди.

Президентнинг матбуот ва телевидениеда тез-тез такрорланадиган "янгисини қурмай туриб, эскисини бузманг" ибораси айни бу амалларда эслаш лозим топилмайди.

Анҳор ошхонаси жойлашган ҳудуд Ўзбекистон тарихида муҳим саналар билан боғлиқ. Ўтган асрларда Анҳор канали Тошкентнинг Эски шаҳри ва Янги қисмини бир-бирига боғлаб турадиган чегара ҳисобланган.

Қўқон хонлиги даврида Анҳор томонда Ўрда ҳарбий бўлинмаси қурилган. Анҳор устидаги кўприк ҳам Ўрда кўприги деб аталган.

Анҳор канали ва кафеси "Севишганлар", "Маҳаллада дув-дув гап" каби бир қанча ўзбек филмларида акс этган.

Бу мавзуда батафсилроқ