Таҳлил: Бугун дунёнинг зўрларига ким бас кела олади?

  • 5 Март 2014
  • изоҳлар

Агар, агар етакчи минтақавий таҳлилчиларнинг хулосаларига таянилса, ҳеч ким:

Бугун аксарият экспертлар ўзларининг бирдек тан олишларича, дунёнинг ташқи таҳдид остида бўлган давлатларини тажовузкор кучдан асраши лозим бўлган энг йирик ташкилот БМТ бўлса, унинг фаолият механизми аллақачон эскириб бўлган.

Уларга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўтган 20-асрнинг иккинчи ярмига тааллуқли бўлган реал воқеъликни акс эттиради, холос.

“Айтайлик, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши ва унинг доимий беш нафар аъзоси бор. Улар эса, айнан БМТ тузилган пайтдаги ядровий клуб аъзоларидир. Яъни, бу ерда ҳам энг асосий бўлиб, қудрат масаласи турибди. Яъни, бу масалада дунёдаги бошқа бир омиллар мутлақ инобатга олинмаган. Худди шунинг учун ҳам, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўзи эскирган қурилма”, - дейди, жумладан, Франциядан таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Ўз ўрнида, таҳлилчи суҳбатдошимизнинг эътироф этишича, ҳозир дунёда халқаро қонунчиликлардан чекиниш тенденцияси кузатилмоқда ва бу ҳолат хавфли тус ҳам олиб бораётир.

“Буни аслида АҚШ собиқ президенти Жорж Буш Иккинчи бошлаб берган эди. Айнан Ироқ масаласида халқаро қонунчилик бутунлай четлаб ўтилди. Бунга, ҳатто, Американинг доимий иттифоқчиси бўлган Франция ва Олмония ҳам вето қўйганди. Лекин, барибир, Жорж Буш Ироққа бостириб кирди”, - дейди у.

Таҳлилчиларга кўра, халқаро қонунчиликлар аслида жамоатчилик тафаккури билан, дунёдаги глобал ижтимоий фикр билан биргаликда қабул қилинганига қарамай, уларга амал қилмаслик ҳоллари илк бор юз бераётгани йўқ.

Худди шу ўринда, таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг тан олишича, ҳозир дунё давлатларини ташқи тажовуздан асраши кўзда тутилган халқаро конвенцияларнинг амал қилишини таъминлаши мумкин бўлган янги халқаро механизмга умид қилиш учун ҳам асос йўқ.

“Кўпдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини кенгайтириш борасида фикр-мулоҳазалар бор. Лекин кенгашга доимий аъзо бешта давлат бунга ҳамиша ўзининг ветосини қўйиб келади. Худди шунинг учун ҳам, бу яқин давр, яъни келажак ўн йилликлар ичида бундай халқаро ташкилотнинг пайдо бўлишига умид қилиш қийин. Чунки бундан бошқа бир халқаро майдонча мавжуд эмас ёки уфқда кўринаётгани ҳам йўқ”, - дейди Франциядан таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Суҳбатдошимизга кўра, Юқори Саккизлик ёки Юқори Йигирматалик каби бир қанча глобал иқтисодий майдончаларнинг фаолияти борган сари самарали бўлиб бораётган эса-да, Бирлашган Миллатларнинг Ташкилотининг халқаро ҳуқуқ масаласида, глобал хавфсизлик масаласидаги мақоми жуда кенг.

Таҳлилчига кўра, мавқеининг қанчалик баланд эканига қарамай, зиддиятли халқаро масалаларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг номутаносиб ёки адолатсиз муносабати борган сари кучайиб бормоқда.

Худди шундай манзарада, аксарият таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, ўзининг гео-сиёсий жойлашуви ёки бой табиий захиралари сабаб, зўрларнинг кўз остига тушган давлатлар халқаро қонунлар доирасида ўзларининг ҳимояларига кўз тикишлари деярли имконсиз.

Уларга кўра, Россиянинг Гуржистон ва АҚШнинг Ироққа сўнгги ишғоли бунинг ёрқин мисолидир.

Жумладан, таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, “Халқаро қонунчилик бўйича, Украинанинг яхлитлиги тўлалигича таъминланиши керак. Лекин, Гуржистон сценарийсидан кейин, Россияда бир ишонч борки, у ердаги аҳолини ҳимоя қилиш баҳонаси остида у ерга ўзининг таъсирини ўтказиш ёки ҳарбий куч киритиш мумкин, деган тафаккур мавжуд”.

Ўз ўрнида, суҳбатдошимизга кўра, Украина жуда катта масала ва бу яқин ярим аср, бир асрлик даврни кўзда тутиб, Россия давлатчилиги, Россия империясининг тақдири ҳал бўлаяпти, дейиш мумкин.

“Чунки Владимир Путиннинг учинчи муддатга президентликка келгандан сўнгги энг марказий ғояси – Оврўосиё Иттифоқи эди. Украинадаги халқ инқилобидан кейин эса, бу ғоя ўлди”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Украина инқирози ва унга расмий Москванинг муносабати Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда чигаллашган бир манзарада кузатилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги йилларда жаҳон бозорида нефть нархларининг барқарорлигидан фойдаланиб, каттагина бойлик тўплашга муваффақ бўлгани Россияга ўз амбицияларини анчагина тиклашига имкон берган.

Россия Сурия, Яқин Шарқ ва яна бир қанча бошқа жабҳаларда каттагина муваффақиятларга эришган. Расмий Вашингтоннинг жиғига қанчалик тегиши мумкинлигидан қўрқмай, АҚШ Жосуслик Хизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуденга сиёсий бошпана беришгача борган.

Улар Ғарб, дейлик, Ироқ ёки Ливия масаласида халқаро конвенцияларга зид иш тутган эса-да, уларнинг хатти-ҳаракатларида муайян қонуний нуқталари бўлгани, аммо Украинада бугун вужудга келган вазият тамом бошқача экани борасида якдиллар.

Ғарблик таҳлилчилар эса, дунёда тутган мавқеига қараб, халқаро можароларда тарозининг посангисида мувозанат сақлаши мумкин бўлган АҚШни ҳам Гуржистон ва ҳам Украина мисолида худди "кабутар" мисол иш тутаётганликда айблашади.

Уларга кўра, расмий Вашингтон қанчалик жиддий низо бўлмасин, жаҳондаги саноқли ядровий қудратлардан бири бўлган Россия билан очиқчасига зиддиятга боришни истамайди.