Украина инқирози: Россия телеканаллари ўзбекистонликлар онгини 'заҳарлаяптими'?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Интернет ижтимоий тармоқларида ўзи яшаб турган жойдаги газ, чироқ ёки автомобил йўлларидаги аҳвол каби мавзуларда ёзишни истамайдиган ўзбекистонликлар Украина инқирози мавзусида анча фаоллашган.

Украина инқирози ўзбекзабон Интернет ижтимоий тармоқларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Томонлар Украина тупроқларига Россия қўшинларининг киритилиши ёки киритилганига икки хил муносабат билдиришган.

Бир томон Қрим ва русийзабон шарқий Украина Россия таркибига кириши керак деган иддоаларни олдинга сурса, иккинчи томон Россиянинг ушбу амалиёти халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келмаслиги, худди шундай ҳолат Ўзбекистоннинг ҳам бошига тушишидан хавотир билдирмоқда.

Ўзбекзабон ёки ўзбекистонликар ёзадиган Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларидаги фикр қолдирувчиларнинг кўпроғи Россия тутган йўлни оқлаши ҳақида фикрлар қолдирган.

Канадада истиқомат қиладиган ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ҳайдаров Украинадаги сиёсий бўҳрон бўйича Ўзбекистондаги кўплаб танишлари ва дўстларининг фикрларини ўрганган.

“17 одамдан 11 таси "Э, Путин маладес!" деди. Қизиғи, улар "Путинбой Ўзбекистонгаям юриш қилиб, босиб олсайди, сал елкамизга шамол тегармиди!?" дейишяпти. Миллатимизнинг инқирози бу”, - деб ёзади Улуғбек Ҳайдаров.

Шундай ҳолат юзага келган дейиш мумкинки, ижтимоий тармоқларда ўзлари яшаб турган жойдаги газ, чироқ ёки автомобил йўлларидаги аҳвол каби мавзуларда ёзишни истамайдиган қатлам Украина инқирози мавзусида анча фаоллашган.

Ва улар Россия тўғри йўл тутаётгани ва инқилобчиларнинг танобини тортиб қўйиш вақти келганини айтишмоқда. Яна ортидан “тинчлик бўлсин”, деган жумлаларни ҳам кўп бора ишлатишганини гувоҳ бўлиш мумкин.

Facebook ижтимоий тармоғида Швецияда истиқомат қилувчи журналист Тўлқин Қораевнинг Россия Қримни бериб қўймайди, деб ёзган блогпостига 70 га яқин изоҳ қолдирилган.

Меҳрибон Қадамова исмли фойдаланувчи “Путин ишғолчи эмас, халоскор. Россия ҳар доим халоскор ролини ўйнаган. Биринчи ва 2-Жаҳон урушларини унутманг. Россия дунёни даҳшатли ёвузликдан қутқарганди”, деб ёзади.

Россиянинг ёнини олувчилар Украинадаги инқилобни миллатчи шовинистлар қилганини ва Россия бу ишга аралашмаса охири ёмон бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.

Яна Украинанинг қарийб ярми Россияга тегишли ва Қримни Россияга берган Хрушчевнинг хатосини тўғрилаш вақти келди, дегувчилар ҳам бор.

Қарши чиқувчилар эса, айнан Россияда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари шовинист скинхедларнинг қўлида қурбон бўлишаётганини ва Россия аввало ўз уйидаги фашистларни тартибга солиши кераклигини урғулашган.

Россия амалиётини қораловчилар ушбу мамлакат халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилиши ва ҳудудий яхлитликка даҳл қилмасдан, Украинанинг ички ишларига аралашмаслиги кераклигини уқдирмоқда.

Лекин афтидан Россия ёнини олувчиларни бу каби гаплар билан фикрини ўзгартириш бесамар ва фойдасиз ишдек кўринади.

Ўзбекистонликларнинг Россия ёнини олишларига энг муҳим сабаб сифатида Ўзбекистондаги ахборот оламида Россия оммавий ахборот воситаларининг таъсири катта бўлаётганини келтириш мумкин.

Ўзбекистонда давлат каналларида Россия телеканаллари расман олиб кўрсатилмасада, рус тилини билувчи аҳолининг аксар қисми ахборотни кабел телевидениелар ва сунъий йўлдош антенналари орқали рус телеканалларидан олади.

Кузатувчилар рус телеканаллари Украинадаги ҳодисалар ва унда Россиянинг ролини очиқ ва яққол тарғиб қилиш билан шуғулланаётганини айтишади.

Шу сабабдан ҳам кўплаб ўзбекистонликлар Россиядан суверенитетга хавфни эмас, тўғри қарор қабул қилувчи халоскор давлатни кўраётган бўлиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, Ўзбекистон ҳукумати томонидан марказий телеканал ва матбуот орқали ғарб қадриятларини салбий бўёқларда кўрсатилиши, ҳар қандай инқилоб яхшилик келтирмаслиги сингдирилиши одамларнинг Россия тутган йўлга ижобий муносабат билдиришига сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

Маҳаллий матбуотда раҳбарга бўйсуниш кераклиги ва унга қарши чиқиш яхши оқибатларга олиб келмаслиги бот-бот такрорланади. Украиналиклар эса, айнан мана шу қадриятларга қарши чиқиб коррупцияга ботган раҳбарни ҳукуматдан олиб ташлагани айтилади.

Айрим мутахассислар бу каби тарғибот одамларни оқ билан қорани ажратолмасликларига олиб келиши ва натижада қаттиққўл раҳбарнинг бошқа бир давлатни ишғол қилиш ҳаракатини олқишлашига етаклашини айтишади.

Одамлар фикрининг бундай тарзда шаклланишини Ўзбекистон ҳукумати ҳам истамайди.

Чунки Украина бошига тушган ҳодисалар исталган собиқ иттифоқ давлати бошига тушиши ва Россия бу ҳудудларда ўз кучини кўрсатиб қўйиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ