Дубайда ўзбекистонлик аёл етти йилга қамалди

Бирлашган Араб Амирлиги расмийларига кўра, ўтган йилнинг сентябр ойида ҳукумат биносига кириб ҳудкушлик билан таҳдид қилган ўзбек аёл етти йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистонлик фуқаро белида портловчи модда борлигини, талаблари бажарилмаса ишга солишини айтиб, 13 соат давомида ҳукумат биносида полицияга қаршилик қилган.

Аёлнинг айтишича, амирлик фуқароси бўлган киши фарзандининг отаси эканини тан олмаган. Ўзбекистонлик аёл ҳукумат бу масалани ҳал қилиб бермаса, ўзини портлатиб юбориши билан қўрқитган.

Бинодагилар эвакуация қилиниб, аёл қўлга олинганда унда портловчи модда топилмаган. Тергов жараёнида аёл оилавий муаммолари сабаб руҳий тушкунликка тушиб, шундай қалтис йўл тутишга қарор қилганини айтган.

33 ёшли аёл жазони Бирлашган Араб Амирликларида ўтаб бўлгач, ватанига депортация қилиниши билдирилади.

Айни пайтда унинг маҳкама ҳукмига қарши шикоят билан мурожаат этиш имкони бор.

Бу мавзуда батафсилроқ