Генерал Абдулрашид Дўстум: ‘Худо хоҳласа, сайловда биз ғалаба қозонамиз’

Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири бўлган Ўзбек генерали бу ҳақда Би-би-си билан суҳбатида билдирди.

Афғонистон президентлигига сайловлар эса, шу йилнинг 5 апрел кунига режаланган.

Аммо генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи президент Ҳомид Карзайнинг курсиси учун беллашаётган 11 номзод орасида йўқ.

Ўзбек генерали сайловларда асосий номзодлардан бири сифатида кўрилган Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг 1-муовини сифатида иштирок этади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бу гал Афғонистон президентлиги учун беллашаётган номзодлар орасида бирорта ҳам Ўзбек миллатига мансуб бўлган сиёсатчи йўқ.

Генерал Дўстумнинг Би-би-сига берган суҳбатида айтишича, барча номзодлар билан учрашгач, “унинг партияси ва Афғонистон шимолида яшовчи Ўзбек халқи шундай қарорга келган”.

“Биз “Миллий Исломий Уйғониш” партиясидан менинг номзодимни 1-муовинликка илгари суриш, президентликка номзод этиб эса, пуштун биродарларимиздан бирини танлашга қарор қилдик. Биз номзодига тўхталган киши ишбилармон, содиқ, ёмон ишларга қўл урмаган, сўзи ва иши бир бўлган одам”, - дейди Ўзбек генерали.

Жаноб Абдулрашид Дўстум, ўз ўрнида, амалдаги президент Ҳомид Карзайнинг акаси ва президентликка номзодлардан бири бўлган Қаюм Карзайнинг пайшанба кунги қароридан ҳам ташвишга тушмаганликларини билдирган.

Қаюм Карзай президентликка тўртта асосий номзоддан бири сифатида кўрилган Афғонистон собиқ Ташқи ишлар вазири Залмай Расулнинг фойдасига ўз номзодлигидан воз кечишини эълон қилганди.

Афғонистон масаласида қатъият зарур

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг айтишича, сайловларда ғолиб чиққан тақдирларида, Афғонистонга тинчлик келтиришларига кўзлари етади.

Унга кўра, бу масалада иш фақат дипломатия билан битмайди ва қатъият лозим бўлади.

“Бир томондан террорчилик, бошқа тарафдан Толибон, буёғи қуроллилар, яна коррупция...Худди шундай вазиятда Афғонистонда хавфсизликни таъминлашга қодир кишилар керак. Мен, ҳеч бўлмаганда, Афғонистоннинг бир қисмида ё гап ва ё аксиламал билан тинчлик ўрната олишимга кўзим етади. Президентнинг муовини бўлиш билан бирга, ўз полиция, қуролли кучларимиз ва бошқа генераллар билан ҳамкорликда, улар билан ўз тажрибаларимни ўртоқлашган ҳолда бунга муваффақ бўламиз, деган умиддаман”, - дейди генерал Абдулрашид Дўстум.

Бу галги президентлик сайловлари қўшни Афғонистон учун тарихийси бўлади – агар, муваффақиятли амалга ошса, мамлакатнинг бу яқин тарихида қудрат тинч, демократик йўл билан алмашади.

Устига устак, сайловлар 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этажак бир йилда бўлиб ўтади.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг айтишича, агар, бўлажак сайловларда қўллари баланд келмаса ҳам, ўз мағлубиятларини нормал қабул қилишади.

"Биз нима ҳам деймиз. Бу - демократия-да. Ким бўлишидан қатъиназар, ғолибни қутлаймиз ва елкасига битта ўзбекча чопон ёпамиз".

Роса чамаланган танлов

Афғонистондаги кўзга кўринган мухолифат лидерларидан бири бўлган Ўзбек генерали ўз қарорини узоқ муҳокамалар ортидан берганди.

Чунки Афғонистон президентлигига номзод сиёсатчилар ҳамиша шимолий саккиз вилоятда зич яшовчи кўп миллионли Ўзбекларнинг овозини олишга уриниб келишган.

Таҳлилчилар генерал Дўстумнинг дастаги номзод сиёсатчининг сайловларда ғалаба қозониши учун етарлича овоз йиғиб бериши мумкинлигини айтишади.

Афғонистоннинг собиқ Молия вазири бўлган Ашраф Ғани Аҳмадзай Афғонистонда энг кўзга кўринган сиёсатчилардан бири.

Унинг ўқимишли, зиёли инсон экани ҳам алоҳида урғуланади.

Кобул Университети, Жаҳон Банкида ишлаган, миллати пуштун.

Ҳомид Карзай ғолиб чиққан 2009 йилги сайловларда ҳам қатнашган. Аммо тўртинчи ўринда келган.

Ўз номзодини илгари суришидан аввал халқаро қўшинлардан Афғонистон хавфсизлиги учун масъулиятни қабул қилиб олиш жараёнига масъул бўлган.

Генерал Дўстумнинг ўзи эса, янги афғон ҳукумати қудратга келгандан сўнг фақат бир марта - 2004 йилги президентлик сайловларида иштирок этган ва 10 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлганди.