UzWebiston: Нима Марказий Осиё раҳбарларининг уйқусини учириб юборди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Агар, 'Washington Post' газетасида чоп этилган мақолага таянилса, Украина инқирози.

Ҳа, мақола муаллифлари наздларида, мавжуд бўҳрон Украина ва Москвадан ташқарида энг кўп Марказий Осиё давлатлари раҳбариятининг хавотирларига сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

"Украинадаги воқеалар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кўнгилларига ҳар турли ғулғулаларни солаётган бўлиши тайин", - деб ёзишади улар.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Американинг ушбу нуфузли нашридаги мақолага Жорж Вашингтон Университети сиёсатшуноси Мэрилен Лорел ва антрополог Шон Робертслар ҳаммуаллифлик қилишган.

"Бир томондан, Украина раҳбари Виктор Януковичнинг қудратдан четлатилиши билан якун топган Оврўмайдондаги намойишларнинг муваффақияти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини ўз ҳокимиятларининг қанчалик мустаҳкамлиги борасида хавотирга солиши шубҳасиз", - дейишади улар.

Муаллифлар бунга мисол қилиб илк бор 2004 йилда Гуржистонда юз берган ва Эдуард Шеварнадзенинг президентлигига нуқта қўйган Барқут инқилобини мисол қилиб келтиришади.

Чунки Гуржистондаги оммавий намойишлар тўлқини тезликда Оврўосиё бўйлаб ёйилган ва Украинаю Қирғизистонда тузумларнинг ўзгаришига олиб келганди.

Муаллифларнинг наздларида, "Балки Януковичнинг қудратдан ағдарилиши ҳам минтақада худди шунга ўхшаш "юқумли" таъсирга эга бўлишидан қўрқиб, тузумлар Украина инқирозига оид хабарларни назорат қилиш ўйига тушиб қолган бўлишлари мумкин".

"Феврал ойи охирларига келиб, Оврўмайдондаги намойишлар назоратдан чиқиб кетаркан, Тожикистон ҳукумати "Озодлик" радиосини тўсиб қўйди. Балки, Қирғизистон истисно, минтақанинг қолган ҳудудларида маҳаллий оммавий-ахборот воситаларига давлатнинг таъсири аҳолининг Украинадаги воқеаларни Россия талқинида ҳазм қилишларига кўмак берди", - дейишади улар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Муаллифларга кўра, ахборотни бу тариқа назорат қилиш бундан ўн йил бурун аксарият Марказий Осиё давлатларини аксилҳукумат намойишларидан ҳимоя қилиб қолган бўлиши мумкин.

Лекин, уларнинг наздларида, минтақа раҳбарлари Оврўмайдондаги воқеаларда ўзгачафикрлиликнинг Марказий Осиёга ҳам хос янги ва хавотирли қирраларини кўраётган бўлишлари аниқ.

Муаллифларга кўра, "Виктор Януковичнинг ағдарилиши - минтақада ўнг-қанот миллатчи мухолифатнинг фаол иштироки билан амалга оширилган биринчи тузум ўзгариши бўлган".

"Бу - узоқ вақтдан буён ўзларини "аксилмиллатчи", деб кўрсатиб келаётган Марказий Осиё давлатлари учун ўзларининг миллатчи руҳдаги мухолифларининг қудрати ҳақида янги хавотирларни пайдо қилади. Айниқса, ёшлари орасида аксилҳукумат руҳидаги миллатчилик ҳоллари кучайиб бораётган Қозоғистон мисолида бу гап анча ҳақиқатга яқин", - дейишади улар.

Мақола муаллифлари наздларида "Оврўосиё" инқилоби сабаб, Марказий Осиё раҳбарлари ўз курсиларини йўқотишдан ташқари, ўзларидан қолаётган мерос ҳақида ҳам ташвишга тушиб қолган бўлишлари аниқ.

"Қудратдан ағдарилгач, Украина президентининг кирдикорлари, агар таъбир жоиз бўлса, бутун дунёга томоша бўлди. Ичида ўз Ҳайвонот боғи ва гольф майдончаси бўлган саройи акс этган суратлар интернетда тарқалиб, ундан "порахўр ва фақат ўзини ўйлаган автократ", деган ном қолишига хизмат қилмоқда".

Уларга кўра, бошқа томондан, Марказий Осиё раҳбарлари Қримдаги сўнгги ҳодисаларни ҳам диққат билан кузатиб бораётган бўлишлари тайин.

Муаллифларнинг наздларида Қримда кечаётган воқеалар улар учун Россиянинг ўз "яқин хорижи"га нисбатан қандай иш тутиши мумкинлигини англатади.

"Гарчи, бирор бир Марказий Осиё давлатини мутлақ Россияга қарши мавқеъда, деб бўлмаса-да, уларнинг барчаси Россиядан мустақилликларини сақлаб туриш учун ўз асосларига эга. Худди шу мазмунда воқеаларнинг сўнгги ривожи Марказий Осиё раҳбарлари учун "Украина саволи"ни "Қрим саволи"га айлантирган".

Муаллифларнинг наздларида Марказий Осиё раҳбарлари Украина инқирозидан ўзлари учун бир қанча хулосалар ҳам чиқариб олган бўлишлари мумкин:

Фото муаллифлик ҳуқуқи TRACING TEA

1. "Дейлик, собиқ Шўролар Иттифоқидан мерос қолган" ўлик можаролар" исталган пайтда қайта жонланиши мумкин. Айниқса, рўсийзабон озчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида Москва буни истаб қолса... Бу каби ҳолат эса, Қирғизистондаги Ўзбек анклавлари, Қозоғистоннинг аксаран руслар яшовчи шимоли ва Ўзбекистоннинг Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳарларининг тақдири ҳақида саволларни пайдо қилиши мумкин", - дейишади муаллифлар.

2. "Агар, ўз манфаатларига бевосита тўқнаш келса, Россия "қулаётган тузумни"ни тутиб қолиш учун собиқ Шўро ҳудудларига бостириб кириши ва минтақадаги бошқа бир йирик қўшниси Хитой унинг бу амалларини, ҳеч бўлмаганда, жимгина маъқуллаши мумкин. Бу эса, Душанбе ва Бишкекка, шу билан бир қаторда Остона ва ҳатто, Тошкентни ҳам ўйга солиши мумкин. Бу каби ҳолат, айниқса, Қозоғистон ва Ўзбекистон учун ташвишли бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Чунки бу икки давлат, аллақачон, қудрат алмашинуви билан боғлиқ ва алғов-далғовликка айланиб кетиши мумкин бўлган мавҳум бир жараёнга рўбарў келиб туришибди", - дея давом этишади улар.

Шу ўринда муаллифлар Қримдаги ҳодисалар Марказий Осиёдаги энг қудратли ва барқарор Қозоғистон учун янада ўзига хос хавотирларни пайдо қилаётган бўлиши мумкинлиги тафсилотларига ҳам тўхталишади.

Улар шу ўринда россиялик миллатчиларнинг Қозоғистон шимоли Россияга тегишли бўлишига оид даъволари, Россиянинг Қримдаги хатти-ҳаракатларидан Қозоғистоннинг халқаро ва минтақавий мавқеи жиддий ўзгаришларга юз тутиши, агар, Россияга жазо чоралари киритилса, Божхона Иттифоқи доирасида Қозоғистон ҳам бундан бевосита зиён чекиши ва янги Украинанинг тақдири қандай бўлишига қараб, Қозоғистон Россиянинг ягона ҳамкорига айланиб қолиши истиқболлари ва унинг оқибатлари ҳақида сўз юритишади.

Энг сўнггида муаллифларнинг ўзлари ҳам юқори келтирган фикрларининг тахминларга асосланганини эътироф этишади.

Аммо, шунда ҳам, уларга кўра, Украина инқирози манзарасида Марказий Осиё раҳбарларининг кўзларидан уйқуларини қочирадиган ташвишли ҳолатлар озмунча эмаслигини барча бирдек эътироф этиши тайин.

"Ҳеч бўлмаганда ҳам, улар минтақанинг умумий барқарорлиги ва дунёнинг қудратлари билан муносабатларида мувозанатни қандай сақлаш масаласида ўз маҳоратларини савол остига олаётган бўлишлари аниқ. Эҳтимолки, улар Москва бошчилигида Януковичнинг ағдарилишини қоралаб, бунда "Ғарб"ни айблашга ҳам мойиллик кўрсатишар. Аммо Москванинг Қримга ёндашуви масаласида мамнун эканликлари эҳтимолдан йироқ. Улар, ҳатто, яширинча дунёнинг бошқа қудратли давлатлари Россиянинг янги Украин ҳукуматини барбод қилишига йўл қўймаслигига умид ҳам қилаётган бўлишлари мумкин", - дея хулоса қилишади муаллифлар.