Президент Каримов аёлларни ёшларни 'оммавий маданият'дан асрашга чақирди

  • 8 Март 2014
Image copyright UzA

8 Март - Халқаро Хотин-қизлар куни байрами муносабати билан мамлакатдаги аёлларни табриклаган Президент Ислом Каримов хотин-қизлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этаяптилар, деб урғулаган.

Ҳар доимгидек Президент Каримов табригини давлат телеканалининг сухандони ўқиб эшиттирган.

Тошкентдаги "Туркистон" саройида ташкил қилинган тантанада табрикни Президент Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов эълон қилган.

Президент Каримов табригида Ўзбекистон хотин-қизлар юқори давлат лавозимларига тайинланган кам сонли мамлакатлардан бири, деб таъкидланган.

"Бу ҳақда гапирганда, аввало, минглаб аёллар сиёсий партиялар, маҳаллий ҳокимият ва вакиллик органларида, нодавлат ташкилотлар тизимида самарали иш олиб бораётганини айтиш ўринлидир. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси таркибида 33 нафар, Сенат таркибида 16 нафар аёл депутат борлигини, дунёдаги саноқли давлатлар қаторида мамлакатимиз парламентининг қуйи палатасининг раиси ҳамда юқори палатаси раҳбарининг ўринбосари сифатида аёллар фаолият кўрсатаётгани, шунингдек, Бош вазир муовини, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарларидан бири аёл эканини алоҳида таъкидлаш лозим", дейилган Ўзбекистон президенти табригида.

Президент Каримов табригида Ўзбекистонда хотин-қизлар деҳқончилик, тиббиёт, бизнес, саноат ишлаб чиқариши, илм-фан ва маориф соҳаларида фаолият юритаётганлари олқишланган.

Президент Ислом Каримов мустақиллик йилларида 13 аёл "Ўзбекистон Қаҳрамони" бўлганини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбари хотин-қизлардан ёшларни ёт таҳдидлардан муҳофаза қилишни сўраган.

"Юртимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг онгини четдан ёпирилиб келаётган турли хавф-хатарлар, “оммавий маданият” хуружларидан сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда олиб бораётган тарбиявий ишларимизнинг самарасини оширишни бугун тобора кескинлашиб, мураккаблашиб бораётган ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда", дейилади Президент Каримов табригида.

Ўзбекистон президенти табригида 2014 йил мамлакатда "Соғлом бола йили" деб эълон қилингани эслатилган, шу мақсадга ҳукумат 4 триллион 509 миллиард сўм(2 миллиард 200 минг доллар) маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилаётгани айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ