Ўзбекистон: амалдорлар энди махсус рухсатсиз хорижга чиқа олмайди

Image caption Дунёдаги охирги воқеалар Каримовни ўйлатмаслиги мумкин эмас.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил 5 мартда қабул қилган қарорига мувофиқ, бундан буён мамлакатнинг давлат амалдорлари хорижга ҳукуматнинг махсус рухсатномасини олгандан кейингина чиқа оладилар.

Ўтган ҳафта имзоланган мазкур қарор мансабдор шахсларнинг чет элга чиқиш тартибини такомиллаштириш, хизмат сафарлари самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлаш ва давлат сирларини сақлаш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.

Бош вазир дохил барча юқори мулозимлар эса хорижга чиқиш учун шахсан Президент Каримовнинг ижозатини олишлари керак бўлади.

Бундан ташқари Адлия вазирлигига ноқонуний равишда хорижга чиққан амалдорларга жиноий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш топширилган.

Хўш, бундай қарорнинг олинишига асл сабаб нима? Би-би-си айни савол билан собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевга боғланди.

Янги қарор фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини бузмайдими сизнингча?

Бу қарор иш берадими?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ислом Каримовнинг 2014 йил 5 мартда қабул қилган қарорига мувофиқ, 25 мансабдор, жумладан, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Сенат раиси ва Олий мажлис қонунчилик палатаси сўзчиси, омбудсман, Марказий банк раиси ва унинг ўринбосарлари, республика бош прокурори, шунингдек, Тошкент ҳокими ва вилоят ҳокимлари керакли рухсатномасиз мамлакатдан ташқарига хизмат сафарига чиқиши ноқонуний саналади.

Вазирлар маҳкамаси билан тегишли келишув талаб қилинадиган 15 мансабдорлар рўйхатига хусусан, Вазирлар маҳкамасининг ахборот-таҳлилий бошқарма ва бўлим раҳбарлари, Миллий ахборот агентлиги бош директори, Миллий телерадиокомпания раиси ва ўринбосарлари, рассомлар академияси раиси, туман ва шаҳар ҳокимлари киради.

Шунингдек, конституцион ва хўжалик маҳкама ҳакамлари, олий ўқув юртлари ректорлари, ички ишлар вазирлиги ва миллий хавфсизлик хизматининг масъул ходимлари, мудофаа вазирлиги, фавқулодда вазиятлар вазирлиги, олий суд , бош прокуратура амалдорлари хорижий хизмат сафари учун президент маъмуриятининг тегишли хизматлари томонидан рухсатнома олишлари керак бўлади.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан уюштириладиган тадбирларда иштирок этиш учун рухсат бевосита Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилиши лозим.

Президент қабул қилган қарорда айтилишича, ушбу ҳаракатлардан мақсад "давлат сирларини ҳимоя қилиш" дир.

Демак ушбу қарорга асосланиб, Ўзбекистондаги барча раҳбар лавозимдаги кишиларнинг хорижга чиқиши қатъий назорат остида амалга оширилади.

Давлат идораларида интернетдан фойдаланиш тақиқланади

Шунингдек, ўтган ҳафта Миллий Ахборот агентлиги Бухоро вилоятидаги давлат идораларида хорижий электрон почта тизими ва интернетдан фойдаланиш тақиқлангани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, олдинроқ ўзбекистонликлар учун Твиттернинг муқобили Бамбу.уз ишга туширилди.

Би-би-си суҳбатлашган баъзи ўзбекистонликлар бундай ўзгаришлар аслида янгилик эмаслиги, интернетдан тортиб мобил алоқа хизматларигача кузатилиши, бу аҳолини доимий назорат остида сақлашга уринишнинг кўриниши деб баҳолашганди.

Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларнинг компютер ва телефон хотиралари янада синчиклаб текширилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузувчи қонунга зид текширувлар ҳар доим мавжудлигига қарамасдан, норасмий тақиқларнинг энди қонун орқали мустаҳкамлаб қўйиш Каримов ҳукуматининг дунёдаги охирги ўзгаришлардан, хусусан Украина воқеаларидан ташвишга тушганини ҳам англатади.

Бу мавзуда батафсилроқ