Янги "маҳалла посбони" аввалгисидан фарқ қиладими?

Ўзбекистонда "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси низоми тасдиқланган.

1999 йилнинг 19 апрелида ҳудди шу тузилма ҳақидаги низом ўз кучини йўқотгани маълум қилинганди.

Кузатувчилар Ўзбекистонда маҳалла посбонлари ҳуқуқ тартибот органларининг айғоқчиси каби вазифани бажариб қолаётганини ва уларнинг маошлари ўта камлигидан низомда кўрсатилган вазифалари бажарилмай қолаётганини айтишади.

"Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси низоми 2014 йилнинг 4 март куни ҳукумат қарори билан тасдиқланган.

Бу ҳақда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти хабар берган. Янги низом тасдиқланиши ортидан 1999 йил қабул қилинган низом ўз кучини йўқотган. Институт ходимининг Би-би-сига маълум қилишича, ушбу низомда такомиллаштриш ҳақида гап кетяпти.

"Низомда такомиллаштириш тўғрисида гап кетяпти. Яъни ушбу тизимни такомиллаштириш. Шунинг учун бу борадаги ҳамма саволга "Маҳалла" хайрия фонди жавоб беради. Чунки ушбу қарор ижроси маҳалла фондига юклатилган".

"Маҳалла" хайрия фонди матбуот котиби ўз ўрнида бўлмагани учун ушбу низомнинг 15 йил олдин қабул қилинган айни шу номдаги низомдан қандай фарқи борлигини билишнинг имкони бўлмади.

1999 йил қабул қилинган низомда "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмасининг мақсадлари ва фаолиятлари кўрсатилиб берилганди. Унда посбонлар маҳаллий бюджетдан маош олиши кўрсатилган.

Тошкент шаҳридаги маҳаллаларнинг биридан фаолнинг айтишича, маҳалла посбони халқ ўртасида ҳуқуқ тартибот органларининг айғоқчиси деган тасаввур шаклланган.

"Ҳокимият, махфий хизматлар билан ҳамкорликда ишлайдиган агент даражасига етиб қолишган. Посбон деганда, маҳалланинг хавфсизлиги, тинчлигини сақловчи, айрим жиноятларнинг олдини олишга ҳаракат қилувчи одамларни тушунардик".

Бироқ бугунги кунга келиб маҳалла посбонлари зиммасига низомда кўрсатилмаган вазифалар ҳам юклана бошланган.

"Коммунал тўловларни тўлаш учун хонадонларга тазйиқ ўтказиб кириш посбонларга юкланган. Шанба кунлари шанбалик ўтказиш ва ҳарбий хизматга бормаётганларни изидан тушиш ёки ҳарбий хизмат учун пул тўлашни назорат қилиш поспонларнинг зиммасига юкланган", - дейди маҳалла фаоли.

Тошкентдан ҳуқуқбон Суърат Икромов маҳалла посбонларининг фаолияти сўнгги вақтларда ўта сустлашиб кетганини ва бунга уларнинг маошли камлиги сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.

"Маҳалла посбонининг номи бўлгани билан бор йўқлиги билинмайди. Менимча, маоши кичкина бўлгани учун ва эътиборсиз қолдирилгани учун кўп жойларда бўшаб кутган ёки номига ишлаяпти. Лекин уларнинг фаолиятини сезиларли деб бўлмайди", дейди Суърат Икромов.

Икромов жанобларига кўра янги низом посбонларнинг ишини жонлантириш учун қўл урилган чора бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда жами 9756 та маҳалла мавжудлиги айтилади. Маҳаллалар Ўзбекистонда расман ўзини ўзи бошқариш органлари деб ҳисоблансада, ушбу тизимларга ҳукумат ва маҳаллий ҳокимиятнинг жойлардаги кўзи қулоғи ва тепадан туширилган буйруқларни амалга оширувчи тузилма сифатида қаралади.