'Ўзбекистон Гулнорани ҳибсга олса, Швейцария пулларни қайтаради'

  • 13 Март 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гугуша ё Гулноранинг 'гуллаган' чоғлари...

Гулнора Каримованинг катта миқдордаги ноқонуний пулларни ҳалоллашга оид улкан жиноят ишида Швейцарияда расман гумонланувчи, деб эълон қилиниши Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи атрофидаги халқаро текширувни янги босқичга кўтарди.

Ишни кузатаётган журналистларга кўра, текширув жуда жадал кечмоқда ва бу аллақачон ёлғиз Швейцария сарҳадларида чегараланмасдан, Франция, Швеция, Норвегия ва Голландия каби мамлакатларда ҳам кўриб чиқилмоқда.

Швейцария музлатган бир миллиард долларга яқин пулни Ўзбекистон қайтариб олишни истаса, Президент Каримов ўз қизи Гулнорани ҳибсга олиши керак бўлади, деб билдирилмоқда.

Шунингдек, Гулнора Каримова бугун Оврўпога қадам босса, уни суҳбатга чақиришлари ва ё ҳатто ҳибсга олиниш эҳтимоллари ҳам билдирилмоқда. Гулнора Каримова аллақачон дипломатик дахлсизлик мавқеини йўқотган, Ўзбекистонда унинг яқин шериклари ҳибсга олинган ва тижорий салтанатини ҳам қўлдан бой бераётгани айтилади.

Маълум бўлишича, Гулнора Каримова ҳали 2013 йили сентябр ойида Швейцарияда расман гумонланувчи, деб кўрилган. Бироқ нега бугунга келиб бу воқелик дунё жамоатчилигига эълон қилинмоқда?

Би-би-си Ўзбек Хизмати ушбу савол билан Гулнора Каримова машмашасига оид ишларни яқиндан ўрганиб келаётган швейцариялик журналист Ивис Штейнерни суҳбатга тортди:

Ивис Штейнер: Нега ҳозир эълон қилишганини аниқ изоҳлаб бера олмайман. Ҳали 2013 йили текширув доирасида Гулноранинг Женевадаги уйини тинтув қилишган. Шундан кейин бир неча ҳафта ўтиб, унинг ўзини текширишга қарор қилганлар. Аммо шундан кейин ҳам жуда кўп тадқиқот олиб боришга тўғри келган. Хусусан, Франция, Норвегия, Голландия ва Швеция каби мамлакатлар билан мулоқотлар бўлиб ўтган.

Би-би-си: Яъни улар ҳозир Гулнора Каримовага оид кўпроқ далилларни қўлга киритишганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Гулнора Каримованинг яқин шерикларидан бўлмиш Гаяне Авакян Ўзбекистонда тергов қилинаётгани ишонилади

Ивис Штейнер: Аниқ, шундай дейиш мумкин. Гулнора Каримованинг Женевадаги уйини тинтув қилиш жараёнида улар жуда кўплаб материаллар, шартномалар ва ҳужжатларни қўлга киритишган. Биз улар орасида кўплаб далиллар борлигига ишонамиз.

Би-би-си: Гулнора Каримовага алоқадорликда кўрилган бу иш анчадан бери давом этади. Шунча узоқ вақт давомида аниқ нималарга эришилди?

Ивис Штейнер: Йўқ, аслида бу ишнинг миқёсини назарда тутсак, текширув ишлари анча жадал кечаяпти. Ўртача икки йил бўлиб қолди. Шунча вақт ичида ҳозиргидек натижаларга эришиш - ишнинг жадал кечаётганидан дарак беради. Бу ердаги адлия тизим иш услуби ҳам фарқли. Масалан, Гулноранинг ҳимоячиси ва ёки вакиллари ҳар бир босқичда қораловчи тарафга қарши ўз раддия амалларини бажаришларига имкон берилади. Шуни ҳисобга олганда, жараён тез кечаяпти.

Би-би-си: Мана ҳозир Швейцарияда музлатилган қарийб бир миллард долларни олсак... Бу пулларнинг ким тарафидан, қайси тижорат билан топилгани борасида нималар маълум? Шунчалик катта маблағни қандай қилиб Гулнора Каримовага боғлаш мумкин?

Ивис Штейнер: Мендаги маълумотларга кўра, Швейцария ҳукумати 800 миллион Швейцария франкига яқин маблағни музлатишга қарор қилган. Аммо фақат 500 миллон франк маблағ коррупцияга боғлиқ, деб тасдиқланган. Текширув марказида эса ТелиаСонера ширкатининг Ўзбекистон мобил телефон бозоридаги улкан шартномаси туради. Бу ҳолатда Гулнора Каримованинг ширкат дахлсизлигини таъминлаш йўлида кечган олди-бердилардаги иштироки гумон қилинмоқда. Яъни булар - гўё ширкатнинг Ўзбекистонда дахлсиз фаолият юритишини таъминлаш ва ҳимоя қилиш учун у ва ё яқинлари пора олганига оид иддаолар.

Би-би-си: Гулнора Каримова ҳар вақт ўзининг бегуноҳлигини айтиб келган ва баъзида айрим одамлар унинг номини сотиб, иш кўришганини таъкидлаган. Ростдан ҳам шундай бўлиши мумкин эмасми?

Ивис Штейнер: Тўғриси, буни аниқ билмайман. Бу учун Швейцария адлия тизими йиққан ҳужжатларни ўрганиб чиқиш керак. Швейцариядаги айни ишга яқин одамлар эса кўплаб матнлар ва ҳужжатлар борлигини ҳамда уларни баъзида Гулноранинг ўзи, баъзида унга яқин одамлар имзолашганини айтишади.

Би-би-си: Ҳозир Ўзбек ҳукумати Гулнора Каримовага яқин бир неча кишини ҳибсга олди ва улар президент қизининг номидан фойдаланиб иш кўришган, деган даъволар билдирилди. Бу ҳибслар ҳам Швейцариядаги мазкур ишга алоқадорми ва ё Швейцария тарафи талаби билан амалга оширилганми?

Ивис Штейнер: Айни масалада менда маълумот йўқ. Аммо Гулнора ҳам коррупцияда айбланиши мумкинлигини назардан соқит қилмаслик керак. Швейцария музлатган 800 миллион франк атрофидаги пул Ўзбекистон учун катта маблағ. Шу учун Ўзбек ҳукумати бу пулларни қайтариб олишга ҳаракат қилишини кутса бўлади. Бу учун улар муайян чоралар кўрдик, деб Швейцарияни ишонтиришга ҳаракат қилишларини ҳам назардан соқит қилиб бўлмайди.

Би-би-си: Ивис Штейнер: Ҳозир Гулнора Каримова Ўзбекистондаги тижоратларини қўлдан бой бергани, яқин одамлари ҳибсга олингани ва ўзи ҳам ҳатто ташқи дунё билан боғланишдан мосуво бўлгани ҳақида хабарлар бор. Ўзи эса отаси - Президент Каримов билан ҳам учраша олмаётганини айтганди. Бу ишлар энди Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовани Оврўподаги ишлар боис жазолаётганини кўрсатадими?

Image caption Гулнора Каримова ўз бошига тушган "кўргуликларда" онаси, синглиси ва куёвини айблаб келади

Ивис Штейнер: Агар Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовани жазолашга қарор қилса, у ҳолда Швейцария ҳукумати музлатилган пулларни бу ерда тутиб туришига асос қолмайди. Улар пулларни Ўзбекистонга жўнатишади. Бу ахир аслида Гулноранинг эмас, Ўзбек халқининг пуллари-ку. Кўпчилик одамлар ҳозир бир нарсани кутишаяпти. Яъни Ўзбекистон Гулнора Каримовани ҳибсга олади. Шундай қилишса, Швейцария музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтара олади.

Би-би-си: Лекин бу пулларни қайтарган билан улар яна Ўзбекистондаги коррупцияга ботган раҳбарлар қўлига ва ёки яна биринчи оила чўнтагига бориб тушмайди, деб ким кафолат бера олади?

Ивис Штейнер: Тўғри, шундай бўлиши мумкин. Бу каби муаммолар Қозоғистон билан ўртага чиққан. Ўшанда Швейцария айблаган одамларни Қозоғистон ҳам айблади. Бу ишлар эса музлатилган пулларни қайтариб олиш учун амалга оширилганди, холос. Аммо ҳукуматлар орасидаги ҳар қандай муқобил келишув бу пулларнинг келажакдаги тақдирига бироз ойдинлик киритишга ҳаракат қилади. Дейлик, бирон махсус жамғарма очилади ва Ўзбек ҳукумати ушбу маблағни қандайдир лойиҳаларга ишлатади, деб келишилади. Лекин кейин назорат қўлдан чиқади. Чунки, бу пуллар келажагини Швейцария назорат қилолмайди.

Би-би-си: Швейцария Гулнора Каримовани расман гумонланувчи, деб эълон қилиши Гулнора Каримова учун нимани англатади? Масалан, Оврўпога келса, уни ушлашадими ё тергов қилишадими? Ёки унга дахл қилиш учун ҳеч қандай ваколатлари йўқми?

Ивис Штейнер: Аҳвол жуда мураккаб. Швейцария ҳукумати уни суҳбатга чақиришни исташи мумкин. Яна аниқ билмадим. Ҳозир Гулнора Каримованинг дипломатик дахлсизлиги йўқ ва уни Швейцарияда ҳибсга олишлари эҳтимолини ҳам четга суриб бўлмайди. Бошқа томондан, айни иш Швейцариядан ташқари бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам кўриб чиқилмоқда. Хусусан, Швеция, Франция, Голландия ва бошқа мамлакатларни айтиш мумкин. Яъни Гулнора Каримовани тергов қилишни биргина Швейцария эмас, бошқалар ҳам исташади.

Бу мавзуда батафсилроқ