Гулнора Каримовага боғлиқ тергов АҚШ ва Голландияда ҳам очилди

Image caption Гаянэ Авакян эгалик қилган Такилантга йирик маблағлар тўланган, бироқ аслида ширкатга Гулнора Каримова эгалик қилгани гумон қилинади

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага қарши Швейцарияда ноқонуний пулларни ўзлаштириш гумони бўйича тергов очилиши билан бир вақтда Ўзбекистонда Билайн бренди остида амал қилувчи Вимпелком ширкати ҳам текширилмоқда.

Россиялик миллиардер Михаил Фридман ва Норвегиянинг Теленор ширкати томонидан назорат қилинувчи Вимпелком ширкати Голландия ва АҚШда Ўзбекистондаги бизнес келишувлари борасида тергов қилинаётганини билдирди.

Голландия прокурорлари сешанба куни ширкатнинг Амстердамдаги бош қароргоҳига ташриф буюрганлар.

АҚШнинг қимматбаҳо қоғозлар бўйича комиссияси ҳам Американинг Nasdaq ширкатида рўйхатда турувчи Вимпелкомни тергов қила бошлаган.

Вимпелком ширкати ҳам, Телиасонера каби, қоғозда Гулнора Каримованинг яқин дўсти Гаянэ Авакян эгалик қилган Такилант ширкатига алоқадор бўлган.

Россиянинг Вимпелком ширкати 2006 йилда Ўзбекистондаги маҳаллий мобил оператори Unitelнинг 100% акцияларини сотиб олиб, ўзбек мобил бозорига кирганди.

Вимпелкомнинг ўтган йил март ойида чиққан йиллик ҳисоботида Такилант 2007 ва 2009 йиллар орасида Вимпелкомнинг ўзбек бўлимининг кичик ҳиссадори бўлгани айтилган.

Вимпелком, шунингдек, Ўзбекистондаги мобил алоқаси бозорига кириш лицензиясини олиш учун Такилант билан ишлаганини маълум қилган.

"Обрўга путур"

Ширкатга яқин экани ишонилган манбанинг Файненшл Таймсга билдиришича, ҳозирча Вимпелком ширкатидаги аниқ шахслар тергов қилинмаяпти.

Ўтган йилги ҳисоботида Вимпелком Такилант билан бўлган алоқалари туфайли "тергов қилинишимиз ва обрўимизга путур етказилиши" мумкинлигини айтганди.

Гулнора Каримовага яқин доираларга катта миқдорда пора берганликда айбланган Телиасонера ширкатига нисбатан Швецияда тергов ҳали ҳам давом этмоқда.

Телиасонера Такилантга пул тўлаганини ўз бўйнига олган, бироқ бунинг пора ёки жиноят эканини рад этган.

Телиасонеранинг ижрочи диретори Ларс Найберг ўтган йили ўз ҳиссадорлари ва терговчилар босими остида истеъфога чиқди.

Оврўподаги коррупция терговлари бир вақтлар отасининг меъросхўри деб кўрилган Гулнора Каримованинг обрўсига катта путур етказди.

Келгуси йил ўтказилиши мўлжалланган Ўзбекистон президентлигига сайловлар арафасида ўзбек элитаси ва Миллий Хавфсизлик Хизмати билан юзага келган тортишувлари доирасида Каримова хонимнинг қатор бизнеслари, матбуот ва хайрия ташкилотлари ёпилди.

Ўтган ой эса унга яқин саналган уч киши Тошкентда ҳибсга олинди. Каримова хоним мазкур ҳибсга олинишлар амалга оширилганидан бери ўзининг одатда маълумотга бой бўлган Твиттер ва Инстаграм саҳифаларида кўринмай қолди.

Your contact details
Disclaimer