Тошкентда оқ қон касаллигига қарши янги усул қўллана бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library
Image caption Оқ қон касаллигида ўзак хужайраларни кўчириб ўтказиш усули дунёда кенг қўлланилади.

Хабар агентликларида айтилишича, Тошкентдаги Қон қуйиш ва гематология тадқиқот марказида ўзак хужайраларни кўчириб ўтказиш усули қўллана бошлаган.

Асосан оқ қон касаллигига қарши кураш йўлларидан бири ҳисобланган бу усул жаҳон мамлакатларида 20 йилча аввал ишлатилгани маълум.

Би-би-си ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш усулларининг турлари ва касаликка қарши курашда не қадар самарали бўлиши мумкинлиги ҳақида Британиянинг Лидс универститетидан генетик мутахассис Нодира Йўлдошева билан суҳбатлашди.

Нодира Йўлдошева: Мен албатта ўзбек ҳамкасбларимни бу муваффақият билан қутлашни истардим. Бу муаммо ҳар қандай бошқа мамлакат сингари Ўзбекистон учун ҳам жуда долзарбдир. Касаликка қарши курашда бу жуда муҳим қадам. Умуман ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш усули жуда жиддий жараён. Бу ерда энг аввало ўзак ҳужайралар нима эканлигини тушунтириб берсам. Ўзак ҳужайралар бу ибтидоий, асл ҳужайралар бўлиб, кейинчалик дифференциация натижасида вояга етган ҳужайрага айланувчи ҳужайралардир. Оқ қон касаллиги, ёки қон раки касаллигига чалинган вақтида патологик равишда дифференциаллашмаган, лозим вазифасини бажара олмайдиган ва организмни муҳофаза қила олмайдиган ҳужайраларнинг ноодатий раившда кўпайиб кетиши кузатилади. Ўзак ҳужайралар қаердан олинади? Улар қон тизимида айланувчи қондан, иликдан ёда плацента, ёки ҳомила йўлдошидаги қондан олинади. Плацентадан ўзак ҳужайра олиб кўчириш жуда кам ҳолларда юз беради. Қон тизимида айланувчи қондан ўзак ҳужайра олиш анчайин кенг тарқалган усул. Бу усулда қон центрифуга орқали ўтказилиб, оқ ва қизил қон ҳужайраларига айлантирилади. Оқ қон касаллиги организмда вояга етган оқ қон ҳужайраларининг етишмаслиги касаллиги бўлгани учун бу жараён асосида олинган оқ ҳужайралар касалга қайтарилиб, қизил қон ҳужайралар донорга қайтарилади. Менга маълум бўлишича, Ўзбекистонда инсон органларини кўчириб ўтказишга расман рухсат берилмайди. Шунинг учун айнан ана шу қондаги ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш усули ҳақида гап кетмоқда бу ерда, фикримча.

Би-би-си: Бу усул оқ қонга қарши курашда не қадар самарали?

Нодира Йўлдошева: Бу усулда асосан касалликнинг ҳали ривожланмаган босқичида бўлган инсон ўзининг қонидан фойдланилади. Қонни олиб ундан касаликка чалинмаган оқ ҳужайралар ажратиб олинганидан сўнг сақлаб қўйилади ва касал кимё ёда радио терапиясидан ўтказилганидан сўнг қайта унга қуйилади. Ғояда бу усул жуда самарали. Лекин муаммо шундаки, қонни ёда қон ҳужайраларини сақлаб туриш жуда мушкул нарса. Қонни бошқа органларга ўхшаб музлатиб, кейинчалик муздан тушириб ишлатиб бўлмайди. Бошқа донор қонидан ўзак ҳужайралрни олиб ўтказиш усули ҳам бор, лекин том маънода ҳар жиҳатдан тўғри келадиган қон донорини топиш жуда мураккаб масала. Лекин Ўзбекистон шароитида қони тўлиқ тўғри келадиган инсонни топиш нисбатан осонроқ бўлиши мумкин. Чунки бизда оилалар кўпинча катта ва аксар ҳолларда ирсий жиҳатдан қони тўғри келадиган ака-ука, опа-сингиллар бор.

Би-би-си: Тахмин қилишимча, ЎЗбекистонда иликдан ўзак ҳужайрани олиб ўтказиш қўлланмаётган бўлса керак, деб айтдингиз. Умуман бошқа давлатларда бу усул не қадар кенг қўлланади?

Нодира Йўлдошева: Анчайин кенг қўлланади. Лекин бу анчайин мураккаб усул, чунки оқибатлари жуда жиддий бўлиши мумкин. Бу усулда касалнинг ўзининг илиги бутунлай йўқ қилинади ва ўрнига донор илиги ўтказилади. Бу усулга қўл уришдан олдин шифокорлар ижобий натижа эҳтимоли деярли муталақо бўлишига ишонч ҳосил қилиш керак бўлади. Бошқа томондан имкониятлар ҳам чекланган, чунки илик донорларини топиш жуда мураккаб масала.