Ўзбекистон: Конституция ўзгаради, президент ваколати чекланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Собиқ Иттифоқда энг узоқ муддат амалидан тушмай келаётган икки президент - Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев қолишди

Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳозир қатор юқори мартабали раҳбарлар ва идоралар ваколатларига ўзгартириш киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Хусусан, Президент, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимлари ваколатлари конституицон ўзгаришларга юз тутиши мумкин.

Кузатувчиларга кўра, янги қонуний ўзгаришлар Ўзбекистон президенти ваколатларини чеклаб, уни ижро ва қонун чиқарувчи органларга беришни кўзда тутади.

Айни қадамлар эса мамлакатдаги президентлик сайловига бир йил вақт қолганда қўйилмоқда.

Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон конституцияси айрим моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни муҳокама қилмоқда.

Ўзгаришлар, асосан, бошқарув идораларига тааллуқли.

"Халқ Сўзи" газетасининг ёзишича, ушбу ўзгаришлар жараёнида Ўзбекистон президенти ваколатларининг бир қисмини Бош вазирга ўтказиш назарда тутилган.

Бироқ президентнинг айнан қандай ваколатлари чекланиши кўзда тутилаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

"Сўнгги ўн тўрт йил давомида Ўзбекистонда президент ваколатлари торайиб, улар Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамасига оширилаётгани кузатилади" - дейди Оврўпода истиқомат қилаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Image caption Ислом Каримов дунёдаги энг шафқатсиз ва яккаҳоким раҳбарлардан саналади. Ғарбда Ислом Каримов расми ва номи билан "Диктатор" деган чипслар ҳам ишлаб чиқилади

Дарҳақиқат, бир вақтлар Вазирлар Маҳкамаси раиси ҳам президент эди. Энди эса хўжалик ҳамда иқтисодий масъулиятларнинг айримлари Бош вазир зиммасига ўтган.

Камолиддин Раббимовга кўра, энди Ўзбекистондаги ижтимоий ва иқтисодий вазият устидан масъулият ҳам кўпроқ Бош вазир ваколатига ўтиши мумкин.

Бироқ таҳлилчиларга кўра, барибир, президент бошқаруви, Ўзбекистон шароитида эса якка ҳокимлиги сақланиб қолиш эҳтимоллари катта.

"Президент Каримов 1990-йиллари давлатдаги барча бошқарув амалларини ўз масъулиятига киритганди" - дейди Камолиддин Раббимов - "Лекин бу ҳолат унинг номи, обрўси ва имкониятларига фақатгина салбий таъсир қилди".

"Энди Ислом Каримов мавжуд вазият устидан назоратни тўлалигича сақлаб қолган ҳолда , айрим ваколатларни имкон қадар бошқаларга бўлиб бермоқчи".

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритилиши матбуотда эълон қилинган. Лекин бу ўзгаришлар айнан нималардан иборат бўлиши номаълум қолмоқда.

Шу асно, ушбу ўзгаришлар кўлами ва улардан кўзланган мақсад нима бўлиши мумкин, деган масалада аниқ хулоса чиқариш қийин бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, кутилаётган қонуний янгиланишлар 2015 йилги президентлик сайловига неқадар алоқадорлиги ҳам мавҳум.

Бироқ Ислом Каримов Ўзбекистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш йўли билан ҳар вақт ўз президентлик муддатларини чўзиб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ