Телиасонеранинг Ўзбекистон билан олди-бердисини АҚШ ҳам тергов қилмоқда

  • 17 Март 2014

Швециянинг Телиасонера ширкати хабар қилишича, АҚШ бу ширкатнинг 2007 йилда Ўзбекистонда 3G лицензиясини сотиб олиши билан боғлиқ маълумотларни тақдим этишни сўраган.

"Давлат Адлия Департаменти Телиасонерага ҳужжатли тақдим этишни сўраб сўров юборган", дейилади Швед ширкатининг баёнотида.

"Бундан ташқари, Телиа АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясидан Ўзбекистонга алоқадор ҳужжатларни Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига тақдим этиш ҳақидаги сўровни ҳам олган", дея хабар қилади Швеция телеком ширкати.

Айни пайтда Швеция прокурорлари Телиасонера ширкатининг Ўзбекистонда 2 миллиард 300 миллион Швеция кронаси(360 миллион 500 минг АҚШ доллари)га мобил алоқа хизмати кўрсатиш ҳуқуқини берадиган лицензияни харид қилишда коррупцияга йўл қўйилгани борасидаги даъволар устидан терговни давом эттирмоқдалар.

Телиасонера ширкати ушбу масалада расмийлар билан тўла ҳамкорлик қилаётганини билдиради.

Илк бор Швед журналистлари Телиасонера ширкати Ўзбек мобил алоқа бозорига кириш учун Гулнора Каримовага пора бергани ҳақидаги даъвони илгари сурган, бу ҳақда махсус журналистик тадқиқотларига асосланган ҳужжатли фильм тасвирга олиб намойиш этган эдилар.

Ушбу можаро Телиасонера раҳбарлари истеъфосига етаклади.

Швеция расмийлари Телиасонеранинг Ўзбекистон билан олди-бердисида ноқонуний амалларга қўл урилгани ёки йўқлигини текширишни бошладилар.

Бу текширувлар Швейцария, Франция ва Ҳолландияда ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган маблағларнинг манбасини қонунийлигига эришиш ёки қисқа қилиб айтганда, "пул ювиш" билан боғлиқ терговларга туртки берди.

Бир неча кун олдин Гулнора Каримовага қарши Швейцарияда ноқонуний пулларни ўзлаштириш гумони бўйича тергов очилиши билан бир вақтда Ўзбекистонда Beeline бренди остида фаолият юритадиган Россиянинг "Вимпелком" ширкати устидан ҳам АҚШ ва Ҳолландияда текшириш бошлангани хабар қилинди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам Гулнора Каримовага боғлиқ тергов олиб борилаётгани ҳақида маълум қилган, ҳозир унинг бир неча ёрдамчиcи ҳибс остида экани хабар қилинади.

Америка ўз сармоядорлари сармояларининг муҳофазаси устида бош қотирмоқда

Мухбирларга кўра, Америка расмийларининг сўрови ўз акцияларини АҚШнинг NASDAQида савдога чиқарган Россиянинг "Вимпелком" ширкати устидан бошланган терговга хам боғлиқ.

"Вимпелком" МТС можаросидан кейин Ўзбекистоннинг энг йирик мобил операторига айланган "Билайн"нинг соҳибидир.

"Вимпелком" ширкати ҳам Телиасонера каби, қоғозда Гулнора Каримованинг яқин дўсти Гаянэ Авакян эгалик қилган "Такилант" ширкатига алоқадор бўлган.

"Вимпелком" 2006 йилда Ўзбекистондаги маҳаллий мобил оператори Unitelнинг 100% акцияларини сотиб олиб, ўзбек мобил бозорига кирган.

"Вимпелком"нинг бир йил олдин эълон қилинган йиллик ҳисоботида "Такилант" 2007 ва 2009 йиллар орасида "Вимпелком"нинг ўзбек бўлимининг кичик ҳиссадори бўлгани айтилган.

"Вимпелком", шунингдек, Ўзбекистондаги мобил алоқаси бозорига кириш лицензиясини олиш учун "Такилант" билан ишлаганини маълум қилган.

АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясининг асосий вазифаси ўз маблағларини акциялар бозорига сармоя сифатида киритган инвесторлар манфаатини кўзлаб, бу сармояларни ширкатлар қандай бошқараётганини назорат қилиб туришдир.

Бу комиссия сармоядорлар манфаатини муҳофаза қилиш, қимматбаҳо қоғозлар бозорининг адолатли, қонуний ва самарали фаолият юритишини таъминлашни ўзи учун муҳим деб билади.

Бу мавзуда батафсилроқ