Ўзбекистонда 1 апрелдан яна қимматлашиш кутилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ўзбекистонда ҳар йили 1 апрелдан иссиқ ва совуқ сув, табиий газ ва электр ҳақлари оширилади.

Расмийлар маълум қилишларича, Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб иссиқ ва совуқ сув, табиий газ ва электр қуввати учун ҳақлар 10 фоизча кўтарилади.

Мамлакатда ҳар йили апрел ойидан аҳоли учун тўловлар оширилади.

Бундан олдинги йилларда аҳолидан оладиган пулини нега қимматлаштираётгани сабаби ҳақида тушунтириш ҳам бермай келган, фақат фалон кундан бошлаб хизмат ҳақлари оширилади, деган эълон билан чекланган давлат назоратидаги идора-ташкилотлар бу йил қимматлашиш Ўзбекистон Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Бироқ Ўзбекистонда йиллик инфляция қарийб 20 йилдан буён 7-8 фоиздан ошмаётгани ҳақида ҳисобот бериб келаётган Молия вазирлиги нега 8 ёки 9 фоизлик қимматлашувни маъқуллагани ҳақида ҳозирча хабар бергани йўқ.

Фақат Молия вазирлигининг www.mf.uz веб-сайтида 2013 йил 1 октябридан ёқилғи-энергетика нархларининг ва коммунал хизматлар ҳақларининг қанча этиб белгилангани ҳақидаги маълумот турипти.

Бу маълумотлар ҳам рус тилида ёзилган.

Ўзбекистонда бундан олдинги расмий қимматлашиш ўтган йил октябрида кузатилган.

1 апрелдан Молия вазирлиги "Ўзбекэнерго" монополист ширкатига электр ҳақларини ўртача 9,5 фоиз оширишга рухсат берган.

1 киловатт электр қуввати қиймати учун энди аҳоли 131 минг 040 сўм тўлаши талаб қилинади.

Ҳозир электр ҳақи 120 минг сўм этиб белгиланган.

"Ўзбекнефтегаз" ширкати ҳам аҳолига тақдим қилаётган табиий газининг ҳақини Ўзбекистоннинг Молия вазирлиги билан келишган ҳолда 1 апрелдан бошлаб 8,9 фоиз ошириши ҳақида эълон қилган.

Шу кеча-кундузда уйида газ ўлчагичи бор хонадон 1 кубометр газ учун 151 сўм тўлаётган бўлса, кейинги ойдан 165 сўмдан ортиқ тўлаши лозим бўлади.

Газ ўлчагичи йўқлар ҳар 10 кубометр газ учун 2857 сўм тўлашлари лозимлиги хабар қилинмоқда.

Март ойи ўртасида "Сувсоз" ташкилоти 1 апрелдан совуқ сув ҳақи 1 кубометри учун 266 сўмдан 294 сўмга оширилиши ҳақида хабар берган.

Қимматлашиш 10 фоизни ташкил этади.

"Тошиссиқликқувват" ташкилоти эса иссиқ сув ва иситиш ҳақларини 11 фоиздан зиёдроққа кўтаришга қарор қилган.

"Тошиссиқликқувват" ташкилоти нега нархларни ошираётгани борасида изоҳ берган.

Қимматлашиш сабабини "Тошиссиқликқувват" энергия манбалари ва материаллар қимматлагани билан тушунтирган.

Бу мавзуда батафсилроқ