Россия Думаси Ўзбекистонга тааллуқли келишувни маъқуллаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

21 март куни Россия парламентининг қуйи палатаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг эркин савдо ҳудуди ҳақидаги шартномасини Ўзбекистонга нисбатан тадбиқ этиш ҳақидаги протоколни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилган.

Давлат Думаси депутатлари олдида Россия Иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Лихачёв маъруза қилган.

Иқтисодий тараққиёт вазири сўзларига кўра, ушбу ҳужжатдан кўзланган мақсад - Ўзбекистонни МДҲ доирасидаги ҳамкорликка янада фаол жалб қилишдир.

Протокол Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштиришга ҳам ҳисса қўшади, деб айтган жаноб Лихачёв.

Муҳокама чоғи Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо ва иқтисодий муносабатлар тобора ривожланиб бораяпти, деб таъкидланган.

"Биз навбатдаги рекорд кўрсаткични қўлга киритдик - газ савдосини ҳисобга олмаганда 4 миллиард доллардан ортиқ деб айтган Россия иқтисодий тараққиёт вазири.

МДҲ эркин савдо ҳудудига Ўзбекистонни ҳам жалб этиш мақсадидаги протокол 2013 йилнинг 31 майида МДҲ ҳукумат раҳбарларининг Минскдаги учрашувида имзоланган.

Ўзбекистон парламенти ратификация қилган ҳужжатни 2013 йил декабрида Президент Ислом Каримов имзолаган.

МДҲ эркин савдо ҳудуди 2011 йили октябр ойида 8 давлат ўртасида тузилган.

Унга Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон, Молдова ва Қирғизистон аъзо бўлган.

Савдо ҳудуди аъзо мамлакатлар ўртасида божхона тўловларини имкони борича пасайтиришни мақсад қилган.

МДҲ эркин савдо ҳудудига қўшилиш Ўзбекистон учун фойдали бўлиши тахмин қилинмоқда.

Иқтисоди ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга асосланган Ўзбекистон ўз маҳсулотларни сотишда эркинликларга эга бўлиши мумкин ва бу мамлакатга қўшимча валюта олиб келиши мумкин.

МДҲ бозорларини Хитой моллари эгаллаган бир пайтда ушбу савдо ҳудуди минтақадаги ишлаб чиқарувчилар учун ўзига ҳос ҳимоя воситасини ҳам яратиши мумкинлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ