Суръат Икромов: "Ўзбекистонда ҳеч бир айбсиз одамлар қамоқда ўтирибди"

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов мамлакатда ҳеч бир айбсиз қамоққа ташланган одамларнинг тақдири ҳам ўзини ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланиши учун сабаб бўлганини айтган "Asia Terra" интернет саҳифасига берган интервюсида.

Суръат Икромов 1990 йилларнинг охирида ўз фаолиятини бошлаб, Ўзбекистонда сиёсий ва диний айбловлар бўйича ўтадиган маҳкама жараёнларини кузатадиган мустақил инсон ҳақлари гуруҳини ташкил қилган.

"Мен охирги 15 йил давомида турли маҳкамаларни кузатиб келаман. Маҳкама ва ҳукмларнинг адолатсиз экани ҳақидаги баёнотларимга сабаб бўлган нарса шуки, шу йиллар давомида жиноий ишни ўрганиб, маҳбусларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, жараёнда қатнашиб, кўп бора айбланувчи ёки маҳкумнинг ҳеч бир айби йўқ, деган хулосага келганман. Агар менинг хабарларимда ёлғон бўлганида эди, ҳукумат бундай ҳолда қандай йўл тутиши албатта яхши маълум", дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромовга кўра, ўзи кузатган турли маҳкама жараёнларининг умумий жиҳати ҳам уларда чиқарилган адолатсиз ҳукмлардир.

Ҳуқуқбон 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг, ёпиқ тартибда ўтадиган маҳкама жараёнларига қатнашиш мураккаблашганини билдирар экан, маҳкамани кузатиш имкони бўлмаганда айбланувчининг ҳимоячиси ёки яқинлари, гувоҳлар билан гаплашишга ҳаракат қилиши, ишни яқиндан ўрганишини айтади.

Маҳкамада бир киши эмас, биратўла 15 ёки ундан ортиқ судланувчи бўлган тақдирда ҳам бу жараён ўзгармаслиги, уларнинг ҳаммаси бир модда билан айбланишини қайд қилади ҳуқуқ ҳимоячиси.

Суръат Икромов журналист Солижон Абдураҳмонов ишини эслатиб ўтади. Ҳукуматнинг ашаддий танқидчиси бўлган журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йилда гиёҳванд моддаларни сақлаш сохта айблови билан 10 йилга қамалган эди.

Ҳукуматнинг бу усули сиёсий фаол фуқароларга босим ўтказишнинг бир йўли саналиши сир эмас.

"Афсусланарлиси шуки, Ўзбекистоннинг расмий ҳуқуқ ҳимоячилари Акмал Саидов ва Сайёра Рашидовалар бунга фикр билдиришмайди. Бу жуда ачинарли", - дейди Суръат Икромов. - Уларда одамларни ҳимоя қилишнинг аниқ имкони бор. Лекин афсуски, улар ҳеч нарса қилишмайди. Улар буни хоҳламаганлари учун эмас, балки юқоридан кўрсатма бўлгани учун жим ўтиришади. "Жим ўтирсанг, курсида ўтирасан, депутатлик ҳам, имтиёзлар ҳам бўлади", дейилади уларга.

Менимча, улар шундай йўл танлаганларидан уялишлари керак, деб айтади Суръат Икромов.- Масалан, менга мурожаат қилган одамлар ҳали Ўзбекистондаги Инсон ҳақлари бўйича Миллий марказ ва Омбудсменга мурожаат қилмаган бўлсалар, расмиятчиликка охиригача амал қилиш учун уларга жўнатишга ҳаракат қиламан. Лекин одамлар Миллий марказдан ҳам Омбудсмендан ҳам ёрдам ололмай, яна менга қайтиб келишади. Шунда тоза виждон билан бу ҳақда мен ўз хабарларимда ёзаман, деб билдиради ҳуқуқбон.

"Одамларни ҳимоя қилишнинг пикетлар дохил ҳар хил йўллари бор. Лекин пикетлар ҳозир таъсирсиз ҳисобланади. Чунки бир киши ҳимоя қилинар экан, вазият барибир ўзгармай қолаверади. Шу билан бирга акцияларни ҳуқуқ фаоллари эмас, одамларнинг ўзлари тез-тез ва ҳар жойларда қилишлари керак. Шундагина натижа бўлади.

Фуқаролар кундалик масалаларда, масалан нега газ, свет ҳар кун ўчиши, иш ҳақи ушлаб қолиниши, мажбурий меҳнат борасида ўзлари курашишлари лозим. Ҳуқубонлар эса буни ёритишлари ва ҳақиқатлигини исбот қилишлари керак".

Image caption Сиёсий ва диний айблар билан қамалганларнинг озодликка чиқишдан умидлари йўқ.

Ўзбекистонда қамоқхоналар кўпаймоқда

Суръат Икромовга кўра, Ўзбекистонда 2005 йилдан буён маҳкамалар ёпиқ тартибда ўтказишга ҳаракат қилинади. Ҳукумат маҳкамаларнинг очиқ ўтиши Андижон воқеалари каби ҳодисаларга олиб келишидан қўрқади.

Айтилишича, ўша йиллардаги ёпиқ маҳкамаларда 400 дан ортиқ кишининг иши кўрилиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиб юборилган.

Бундай маҳкамаларга фақат Хьюман Райтс Вотч халқаро ташкилотининг вакиллари қўйилган, ҳуқуқ фаоллари улар орқали ниманидир аниқлашга ҳаракат қилишган. Лекин ҳозирги маҳкамаларга ташқаридан ҳеч кимни қўймаслик одатга айланган.

"Шуниси қўрқинчлики, қамалганларнинг яқинлари уларни қайси қамоқхонада сақланаётгани, неча йилга кесилганини билмайди. Қонун бўйича , ҳукм матни берилиши, уларда апелляцияга мурожаат қилиш имкони бўлиши керак. Лекин ундай қилинмайди. Натижада бундай одамлар келажакка ҳеч бир умидсиз йиллаб ўтиради, аксариятига қўшиб берилади, баъзиларининг ўлиги чиқади".

Мана шундай шароит ҳозир Ўзбекистонда. Минглаб одамлар қамоқларда ўтирибди. Уларнинг болалари, оилалари отасини, турмуш ўртоғини кўролмай азоб чекади.

2003 йилда Ўзбекистонда 43 та қамоқхона бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 80 тага етган. Яъни ҳукумат қамоқхоналар қуришни кўпайтирмоқда.

Қамоқхоналарда эса жой йўқ. Минг киши сақланадиган қамоқхоналарда 2,5 мингдан ортиқ одам бор. Шу билан бирга Ўзбекистонда аниқ қанча маҳбус борлиги ҳақида маълумот йўқ. Бу давлат сири ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларига жиноятни очиш бўйича режалар топширилади. У ерда ишлайдиган бир ходим бу ҳақда гуллаб қўйган эди, дейди Суръат Икромов.- Жиноятнинг ўзи йўқ. Натижада сохта айбловлар билан очилган ишлар пайдо бўлади. Мисол учун, бир қўрқоқ одамни топишади, уни уришади ва айбни бўйнига қўйишади. Унинг орқасидан яна 20 кишини гўёки ҳамкор деб келтириб қамайди. Ҳозир шундай воқеалар рўй бермоқда.

Мен шу кунгача диний экстремизм ва терроризм айбловлари билан боғлиқ 236 та ишни кузатдим. Агар ҳар бирида ўртача 8 та киши бўлса, жуда кўп одамлар ҳеч бир айбсиз, айби исботланмай қамалиб кетди.

Бу қандай қилинади? Чойхонада бир нечта диндорлар йиғилишади. Уларнинг орқасидан айғоқчи қўйилади. Кейин улар қамоққа олинади- янги ташкилот тузиш айби билан. Қандай ташкилот экани ҳақида жавоб йўқ. Диндорларми, демак диний ташкилот. Бошқасининг аҳамияти йўқ.

Уларга қанча муддат берилиши эса иш билан миллий хавфсизлик ёки ички ишлар вазирлиги шуғулланганига қараб юқоридан тайинлади. Мисол учун прокурор 18 йил сўраса, 15 йил берилганининг бу ерда аҳамияти йўқ энди. Қамоқхонада маҳбуснинг ички тартибни бузгани ҳақидаги айблов билан муддатига яна қўшиб берилаверади.

Мамлакатдаги энг катта фожеалардан бири эса, оддий аҳолининг ҳақиқий аҳволдан хабардор эмаслиги, атрофда бўлаётган ҳодисаларга қизиқишининг йўқлиги, нима бўлаяпти, нима учун бўляпти, бу ҳатто сўраб ҳам ўтирилмайди. Одамлар қўрқади, шу тинчроқ. Ҳукуматга эса айнан шу керак. Ўзбекистонда нима бўлаётгани ҳақида сўровчиларни бемалол бармоқ билан санаш мумкин,- деб айтади Суръат Икромов "Asia Terra" интернет саҳифасига берган интервюсида.

Суръат Икромов шу йил бошида Ўзбекистон қамоқхонасида энг узоқ- 20 йилдан буён сақланаётган сиёсий маҳкум Мурод Жўраев билан кўришишга муваффақ бўлган эди.

Ўзбек ҳукумати ўшанда илк бор Мурод Жўраев билан ҳуқуқ ҳимоячилари учрашишига рухсат берган.

Бу мавзуда батафсилроқ