Ўзбекистондаги сиёсий маҳкум Мурод Жўраев тиббий ёрдамга муҳтож

Image caption Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи унинг соғлиги ўта ночор бўлиб қолганини айтади.

Хабарларга кўра, 21 йилдан буён қамоқда сақланаётган Мурод Жўраев соғлиги ёмонлашгани сабабли ғишт ишлаб чиқариш меҳнатидан озод қилинган.

Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи Холбека Жўраеванинг айтишича, 10 мартда Чирчиқдаги қамоқхонада эрини кўриб келган.

"Аҳволлари ачинарли, озиб кетганлар. Доимий бош оғриғи ва ҳолсизликдан азоб чекаяптилар. Олти ойдан бери тиш шифокори билан учрашувни кутяптилар. Ҳамма тишлари тўкилиб кетган, қоплама тиш учун пул тўланган, лекин ҳали тайёр бўлмаган экан. Дўхтирлар ҳам келишмабди", дейди Холбека Жўраева.

Тиш протези учун пулни "Freedom now" инсон ҳақлари ташкилоти тўлаган.

"Овқат ея олмаяптилар. Икки кун бўлдим, лекин дилдан гаплаша ҳам олмадим. Мазалари бўлмагани учун фақат ётдилар. Мен ҳам кайфиятим тушиб қайтдим. Нимага шу пайтгача ушлаб турганига тушунмайман, дейдилар. Қамалганларида ўғлим туғилган эди. Мана 21 га кирди, ўқишда ўқияпти. Муддатлари тугайверса, ўйлайвераман, чиқадиларми ўзи, деб. Ўтган йили ишонган эдим, энди чиқарлар балки деб. Энди ишонмай ҳам қолдим. Билмадим, нима бўлади буёғи", деб айтади Мурод Жўраевнинг турмуш ўртоғи.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шу йилнинг январ ойида инсон ҳақлари фаоли Суръат Икромовга Мурод Жўраев билан учрашишга рухсат берилган.

Суръат Икромов Би-би-си билан суҳбатда Мурод Жўраевнинг озодликка чиқишидан умид борлигини айтганди.

Энг узоқ муддатли маҳбус

Мурод Жўраев ва яна бир неча "Эрк" партияси фаоллари 1994 йилда ҳокимиятни ноқонуний босиш олишга уринишда айбланиб, 1994 йил сентябр ойида қамоққа олинган.

1995 йил май ойида ўтган маҳкамада Мурод Жўраев 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати ҳозирга қадар уч марта узайтирилган.

Сўнгги, тўртинчи марта узайтириш Ўзбекистон Сенати янги амнистияни эълон қилган пайтга тўғри келган. 2012 йил 13 ноябрда Мурод Жўраевнинг жазо муддати тўлиқ тугаганига қарамасдан, қамоқхона ички тартибларини бузишда айблаб муддатига яна уч йил 24 кун қўшилган.

Халқаро ташкилотлар амнистияни сиёсий маҳбусларга нисбатан ҳам қўллашга чақиришган.

Ўзбекистонлик ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий тутқун деб кўрилган маҳкумларни қамоқдан чиқармаслик мақсадидаги амалларини мунтазам танқид қилиб келадилар.

Кўплаб йиллар давомида сиёсий тутқунларнинг қамоқ муддатлари "жазони ижро этиш муассасасининг ички тартибини бузди" деган баҳона билан узайтириб келинади.

60 ёшли Мурод Жўраевнинг қамоқ муддатини узайтириш ҳақидаги Олмалиқ шаҳар суди чиқарган ҳукмга кўра, Мурод Жўраев "оёқ кийимини ечмасдан ичкарига кириш", "чойни тамакига алмаштириш" билан Олмалиқ қамоқхонасининг ички тартибларини бузган.

Бугунги кунга келиб Мурод Жўраев мустақил Ўзбекистон тарихида қамоқда энг узоқ вақт қолаётган сиёсий тутқунга айланган.

Ўзбек махсус хизматлари Мурод Жўраевни 1994 йилда Қозоғистонда тутиб ўғирлаб келганлар ва 1995 йил февралида унинг устидан ҳукм ўқилган.

Мурод Жўраев қамоқхонада ўзига қийноқлар қўлланилганини айтган.

20 йиллик маҳкумлик оқибатида Мурод Жўраев саломатлигига жиддий путур етган.

1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, бу йилларда Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган.

Мурод Жўраев ҳали Борис Елциндан ҳам илгари коммунистик партиянинг Муборакдаги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган.

У 1990 йилда сайланган Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ