Профессор Ашраф Аҳмедов: 'Россиянинг Ўрта Осиёни қайта босиб олишга қурби етмайди'

Image caption Профессор Ашраф Аҳмедов кўплаб тарихий асарларни арабча аслидан ўзбек ва рус тилларига ўгирган

Аввалдан келишилганига қарамай, тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов таҳририятга номаълум сабаблар билан BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига жавоб беролмаслигини айтди.

Биз муҳтарам ўқувчиларимиз ва тингловчиларимиздан тушган саволларни атоқли тарихчи олим, профессор Ашраф Аҳмедовга йўлладик ва у киши бажонидил жавоб бердилар.

Ашраф Аҳмедов 1939 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

1963 йил Тошкент давлат университетининг механика-математика факултетини тугатган.

Сўнг университет аспирантурасида математика фани тарихи бўйича изланишлар олиб борган.

1970 йили "Шамсиддин Самарқандийнинг "Ашкол ат-таъсис" ("Асосланган жумлалар") асарининг геометрияни асослашдаги роли" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган.

1986 йилда "Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий меъроси ва унинг фан ва маданият тарихидаги ўрни" мавзусида докторлик ишини ҳимоя қилган.

1973 йилгача ТошДУнинг математика факултетида дарс берган, 1973 йилдан ҳозиргача Фанлар Академиясининг шарқшунослик институтида ишлаб келади.

1995 - 2001 йилларда Самарқандда UNESCO томонидан таъсис этилган Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтининг директори лавозимида ишлаган.

300га яқин илмий асарлари бор.

Уларнинг орасида 25 та монография, Ал-Хоразмий ва Беруний асарларининг арабчадан рус ва ўзбек тилларига изоҳланган таржималари, Улуғбек "Зижжи"нинг русча изоҳли таржимаси, Шарофиддин Али Яздий қаламига мансуб "Зафарнома" асарининг рус ва ўзбек тилларига таржималари бор.

Ҳозирги кунда фан тарихи билан биргаликда ижтимоий тарих билан ҳам шуғулланади.

Би-би-си профессор Ашраф Аҳмедовга жавоблари учун миннатдорчилик билдиради.

Туркистоннинг енгилишига қандай ички сабаблар булган?

Воҳид Мамажанов

Ашраф Аҳмедов: Россия бостириб келган пайтда Туркистон учга бўлинган эди. Учта ўзбек давлати бор эди. Уларнинг ўртасида якдилик бўлмади. Бир келишув бўлмади. Натижада бирма-бир ҳаммасини босиб олди. Бу Россияга қўл келди. Лекин агар улар ўзаро келишиб, умумий душманга қаршилик кўрсата олганида, Россия босиб ололмас эди.

Би-би-си: Яъни асосий сабаб ноаҳиллик бўлди, демоқчисиз. Тараққиёт-чи домла, тараққиёт омили қанчалик рол ўйнаган?

Ашраф Аҳмедов: Албатта, тарақиётнинг ҳам аҳамияти бор эди. Чунки бизда у пайтлар ғилдиракли тўплар йўқ эди. Ерда ётган, 400-500 йил бурун ишлатилган тўплар эди. Россия эса "откатное орудие", яъни ўт отадиган қувури ичига тортиладиган тўплар билан қуролланган эди. Бизда пилта милтиқ бўлган.

Кўпчилик зиёлилар орасида "тарих қайталаниб туради" деган бир фикр юритилади. Айтинг-чи, бугунги кундаги долзарб Қрим масаласини дунё кузатиб турибди. Россиянинг империяни қайта тиклаш жараёни Марказий осиёга қайтиши мумкинми?. Ушбу масалада тарих бизга нималарда ўрнак бўла олади?. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Хожиаҳмад, Тошкент

Ашраф Аҳмедов: Албатта, тарих бизга кўп нарсани ўргатади. Тарихдан одатда инсонлар сабоқ олиши керак. Турли даврлардаги воқеа-ҳодисаларни солиштириб билиш керак. Мен Евроньюс ва бошқа хорижий каналларни кўриб тураман. Би-би-сининг инглизча дастурларини ҳам кўриб бораман. Россия бўйича мутахассис бўлган йирик шахслар бор. Россиянинг ўзида ҳам фикрлар бир хил эмас. Россия ҳозирча фақат Қримни олиш билан чекланса керак, деган фикр бор. Лекин Россияда қўшни давлатларнинг бошқа ҳудудларини ҳам қўшиб олиш керак, деган арбоблар йўқ эмас. Халқаро ҳамжамиятнинг фикри шунақаки, ҳозир Россия изоляцияда бўлиб қолди. Шунинг учун менимча, Россиянинг Ўрта Осиёга қайтиб киришга, бу ердаги давлатларни бирма-бир босиб олишга қурби етмайди. Ҳозир ер куррасидаги, Оврўпо ва Осиёдаги жамият бутунлай бошқача. Мана ўша пайт Хитой ярим бир мустамлака давлат эди. Ҳозир Хитой ниҳоятда ривожланган бир мамлакат. Хитойнинг ҳам ўз манфатлари бор. Хитой ҳам бунга йўл қўймайди.

Жанубий Қирғизистон ҳудудлари Й. Охунбобоевнинг айби туфайли ўзбеклардан қирғизларга ўтиб кетган деган гап юради халқимизда. Бу тарихий ҳақиқатми?

Одилжон Маҳдумий, Ўш

Ашраф Аҳмедов: Энди ҳозир тарихий, ўтиб кетган шахсларга айб қўйиб, унинг айби билан шундай бўлди, бундай бўлмаслиги керак эди, деган гапларнинг ҳожати йўқ. Бу иш ўша пайтда Москвадан бошқариларди. Масалан, қирғизларнинг ўзининг давлати ҳеч қачон бўлган эмас Ўрта Осиёда. Охирги 2 минг йилнинг ичида. Илгари булар қозоқларнинг ичида аралашиб юрган. Кейинроқ қозоқларни қирғиз, қирғизларни эса қора қирғиз деб ажратишди. Уларга алоҳида республика қилиб берди. Унда энди Охунбобоевми, Эшматовми, Тошматовми, ким бўлишининг аҳамияти йўқ. Москвадан шуни қил деган, бўлган. Тожикистон деган давлат ҳам бўлмаган. Лекин Ўзбекистон деган давлат 16-асрда ҳам бўлган. Тарихий манбаъларда бор бу.

Би-би-си: Ўзбекистонми ёки ўзбек хонликлари демоқчимисиз?

Ашраф Аҳмедов: Ўзбекистон. Мана, авлиё Чалабийнинг "Саёҳатнома" асарида Волга шарқидаги ҳудудларнинг ҳаммасини Ўзбекистон деб қўйибди.

Би-би-си: Айнан Ўзбекистонми?

Ашраф Аҳмедов: Ҳа, айнан Ўзбекистон деб аталган. "Бу ўзбеклар яшайдиган жой, ўзбек хонликлари бор бу ерда" дейди. Шўро даврига келиб, Ўрта Осиёдаги административ-сиёсий бўлинишлар бир неча марта ўзгарди. Натижада бугунги вазиятга келиб қолдик. Энди ҳозир буларни ўзгартириб бўлмайди. Бу қўшни давлатларнинг ҳудудларига зуғум қилиш бўлади. Бу ерда энди тарих ғилдирагини орқага қайтариб бўлмайди.

1. Россия Ўрта Осиёни забт этиб, ўз ҳудудига қўшгани маҳаллий халқлар тараққиётига кўпроқ ижобий таъсир қўрсатдими, салбийми?2. Мустақиллик даврида чор ҳукумати, сўнг совет ҳукуматининг Ўрта Осиёдаги сиёсатини танқид қилиш эмас, қоралаш кучайди, ўша даврларда хизмат кўрсатиб, жамиятда обрў-эътиборга сазовор бўлган миллатимизнинг кўзга кўринган вакилларини, юмшоқроқ айтганда, бадном қилиш сиёсати олиб борилмоқда. Шу жараёнларга, тарихни сохталаштиришга уринишга сизнинг муносабатингиз қандай?

Тошпўлат Йўлдошев, АҚШ

Ашраф Аҳмедов: Энди бунинг икки тарафи бор. Бир тарафдан, руслар билан бирга қайсидир даражада Европа маданияти ҳам келди. Ўрта Осиё аҳолиси Европа маданиятини руслар орқали кўрди. Ўша пайтда Ўрта Осиё маданияти билан Европадаги маданият беқиёс фарқ қилар эди. Европа маданияти албатта юқори эди. Ўрта Осиё ўша Улуғбеклар давридаги ривожланишни йўқотиб қўйиб, илмий-маданий ривожланишда анча орқада қолиб кетган эди. Бизда мана, порох ишлаб чиқадиган ускуналар йўқ эди, олий математика, олий механика йўқ эди. Ана шу нуқтаи назардан, бир ҳисобда Европадаги нарсаларни олиб келди Россия Ўрта Осиёга. Лекин буни бурнимиздан чиқариб ҳам олди. Маҳаллий қишлоқ хўжалик ва табиий бойликларимизни роса бурнимиздан сиқиб олди Россия. Шунақанги олдики, фойдасидан кўра зарари кўп бўлди Ўрта Осиё халқларига.

2. Энди албатта, тарих бу сиёсатга хизмат қилади. Жорий сиёсатнинг ҳар томонлама тарафдори бўлади. Чунки давлат сиёсатига ён бермаса бўлмайди. Тарихнинг сиёсатга хизмат қилишини тан олиш керак. Тарих мутлақ фан эмас, буни буюк шахслар ҳам айтган. Қўпол гап билан ҳам айтилган. Қилиғи хунук аёлга ўхшатилган тарих. Қўшни давлатлар, мана Туркманистон, Тожикистондаги тарихни ўқисангиз, тепа сочингиз тикка бўлиб кетади. Туркманистоннинг биринчи президенти ёзган "Руҳнома" китобини ўқисангиз, туркманларни "турк иймон" деган сўздан келиб чиққан, дейди. Милоддан олдинги 5 минг йилликнинг бошида буюк миллат эдик, дейди. Бу касал одамнинг гапи-ю. "Туркман" деган сўз "турк иймондан" келиб чиқмайди, чунки "иймон" арабча сўз, у Туркманистон ҳудудидаги милодий 600 йилдан бошлаб кириб келди. "Туркимон" дегани асли форсчалаштирилган сўз, "туркка ўхшаш" дегани. Маҳаллий миллатни буюк қилиб кўрсатиш бор. Мана, Тожикистонда ҳам 12 минг йил олдин шаклланганмиз, дейди. Қандай қилиб бунақа нарсаларни ҳақиқат деб бўлади?.

Би-би-си: Яъни сизнингча, Ўзбекистонда тарихни сохталаштириш Туркманистон ёки Тожикистондагичалик эмас?

Ашраф Аҳмедов: Йўқ, бизда унақа сохталаштириш йўқ. Мана, Амир Темур тўғрисидаги нарсалар. Бизда жуда объектив ёзилган. 1996 йилда Парижда "Темурийлар ренессанси" деган конференция бўлди. Бутун дунё тан олди Темурнинг буюклигини. Россия ҳукмрон бўлган даврда аксинча, Темур пастга урилган, "қонхўр", "йиртқич" деб ёмонлаб келинган эди. Бизнинг Ўзбекистонда қўшни республикаларга нисбатан анча объектив қараляпти тарихга.

Профессор Ашраф Аҳмедов билан суҳбатни тўлалигича мана бу ерда тингланг.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди