Ойжамол Дўстум: ‘Афғонистонни, албатта, аёл президент ҳам бошқаради’

Image caption 'Мен учун номзодларнинг эркак ёки аёллиги эмас, хизмати муҳим'

Афғонистон шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири бўлган генерал Абдулрашид Дўстум қизининг айтишича, шахсан ўзининг катта сиёсат билан шуғулланиш истаги йўқ, аммо шу яқин йилларнинг ўзида мамлакатида аёл киши президент бўлишига ишонади.

“Кўплаб хорижий давлатлар ва минтақа мамлакатлари билан солиштирганда, Афғонистонда аёллар сиёсатда ҳақиқатан ҳам фаоллар. Шунинг учун ҳам, узоққа бориб ётишнинг ҳожати йўқ, ҳатто, шу яқин йилларнинг ўзида Афғонистонда аёл киши президент бўлиши мумкин”, - дейди Ойжамол Дўстум Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Унинг отаси генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи эса, бу галги сайловларда фақат президентликка асосий номзодлардан Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг 1-муовини сифатида иштирок этмоқда.

Афғонистондаги йирик мухолиф сиёсатчиларидан бири саналишига қарамай, жаноб Дўстум янги афғон ҳукумати қудратга келгандан сўнг фақат бир марта - 2004 йилги президентлик сайловларида иштирок этган ва 10 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бу гал Афғонистон президентлиги учун беллашаётган номзодлар орасида бирорта ҳам Ўзбек миллатига мансуб бўлган сиёсатчи йўқ.

Устига устак, ўтган икки сайловлардан фарқли тарзда, бу йилги сайловларда фақат эркак номзодларгина президентлик учун беллашишмоқда, холос.

Худди шу ўринда, суҳбатдошимиз Ойжамол Дўстумнинг айтишича, унга бўлажак президентнинг аёл ёки эркак сиёсатчи бўлишининг фарқи йўқ.

Унга кўра, Афғонистон президентлиги учун беллашаётган 11 номзод орасида бирорта ҳам хонимининг йўқлиги уни на-да хурсанд ва на-да хафа қилувчи воқеъликдир.

“Содиқ, деган пайтда, одамнинг хаёлига на аёл ва на-да эркак келади. Номзод ҳам аёл бўлиши мумкин ва ҳам эркак. Мен бу ўринда уларнинг мамлакатим ва миллатимга қилган хизматига қарайман. Яъни, садоқатлими, берган ваъдаларининг устидан чиқа оладими?..Худди шунинг учун ҳам, мен учун номзодларнинг эркак ёки аёллиги муҳим эмас. Демоқчиманки, хизмати муҳим”, - дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, катта сиёсат билан шуғулланиш истагининг йўқлиги бу – она Ватани ва миллатига хизмат қилиш мақсадида эмаслигини умуман англатмайди.

Унинг айтишича, бу ишни отаси ёки айрим оила аъзоларига ўхшаб сиёсат эмас, балки таълим-тарбия йўлидан амалга оширмоқчи.

“Келажакдаги режаларим орасида ҳоким бўлиш, парламентга кириш ёки аёл президент бўлиш мақсадим йўқ. Худди шунинг баробарида, менинг ҳам ўз халқим ва миллатимга хизмат қилиш ниятим, албаттаки, бор. Аммо менинг Ватаним ва миллатимга хизматим таълим-тарбия тариқидан бўлади. Сўзсиз, мен Афғонистондаги барча сиёсатчи хотин-қизларни дастаклайман. Сиёсатда жуда фаол бўлган хонимларимиз бор. Лекин, шахсан ўзимнинг бундай ниятим йўқ”, - дейди Ойжамол Дўстум.

Ўз ўрнида, эслатиб ўтиш жоиз, Ойжамолнинг ўзи руҳшунос ва олий таҳсилини Туркияда олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Аммо шунда ҳам, бизнинг “Афғонистон президенти бўлиб қолганингизда, энг аввало қандай ишларни амалга оширган бўлардингиз?”, - деган саволимизга:

“Бугунги Афғонистон билан келажакдаги Афғонистон бир хил бўлмайди, албатта. Бугунги Афғонистоннинг кўплаб жиддий муаммолари бор - Толибон, террорчилик...Берилган қурбонлар, тўкилган қонларнинг ҳисоби йўқ. Хотин демайди, бола демайди, чақа демайди. Қўлида қуроли бўлмаган бегуноҳ инсонларни ўлдириб кетаверади. Ислом динидан тортиб, бирор бир қонун бунга изн бермайди. Агар, келажакда мен Афғонистон президенти бўлсам ва бу муаммолар ҳануз барҳам топмаган бўлса, бир давлат учун тинчлик кўп муҳим масала. Бошини ёстиққа қўйган фарзандлар бўлсин, оилалар бўлсин, тинч ётмоғи учун мамлакат ором бўлмоғи шарт. Мен худди шу йўлда қўлимдан келган барча ишни қилардим. Акс ҳолда, ҳеч бир олдинга силжиш бўлмайди. Шифохоналар, мактаблар қад ростлаши, таълим гуркираб ривожланиши мумкин. Аммо шундоқ ёнгинангизда толиб сизни ўлдираман, ҳукуматга келаман, деб ўтирса, буларнинг ҳеч бир фойдаси йўқ. Энг аввало Афғонистонда террорчилик ва толибларнинг ўзини йўқ қилиш керак”, - дейди Осиё Ойжамол Дўстум.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Афғонистонда қудратга келажак янги президент таълим олишдан мосуво қолаётган, маиший зўравонликлар исканжасида бўлган, бола бошидан отаси тенгги эркакларга мажбуран узатилаётган ва жинсий зўрланиб, дашту саҳроларга ташлаб кетилаётган хотин-қизларнинг ҳимоясига эътибор қаратиши муҳимлигини ҳам урғулайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

“Нима учун қизлар кўпроқ таълим олишлари керак, дейман: Чунки эркак киши ўзининг нонини тошдан ҳам чиқара олади. Ҳар қандай шароитда йўлини топиб кета олади, ҳаётини қура олади. Аммо, аёл киши, кичкина бўлса ҳам, бир маслак соҳиби бўлиши шарт. Ўзини ўзи боқа олса, муаллимами, ҳамширами бўлса...Мен уларга шу жиҳатдан ёрдам берилишини жуда хоҳлайман”, - дейди у.

5 апрел кунига режаланган бу галги президентлик сайловлари эса, қўшни Афғонистон учун тарихийси бўлади – агар, муваффақиятли амалга ошса, мамлакатнинг бу яқин тарихида қудрат тинч, демократик йўл билан алмашади.

Устига устак, сайловлар 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этажак бир йилда бўлиб ўтади.

Ҳали-ҳануз афғон можароси ечим топмаган бир вазиятда Афғонистондаги воқеаларнинг қай тариқа ривож топиши Ўзбекистон дохил бирор бир минтақа давлатини бефарқ қолдирмаган.

Аммо, суҳбатдошимиз Ойжамол Дўстумнинг энг сўнггида айтишича, агар, Афғонистоннинг ўзи бирлаша олса, асосий душмани террорчилик эканини қабул қилса, Толибон муаммосига барҳам бера олади ва шу боис ҳам, хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарликлари ортидан, қудратга толиблар қайтади, хотин-қизлар яна тўрт девор орасига қамалиб қолишади, деб унчалик ҳам қўрқаётгани йўқ.