Ўзбекистон интернет кафелари устидан назорат кучайтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Ўзбекистон давлат алоқа қўмитасининг янги қарорига биноан, 31 мартдан бошлаб интернет кафеларини юритиш қонун-қоидаларига ўзгартиришлар киритилади.

Ўзбекистон қонунчилиги ҳақида хабар тарқатувчи Norma.uz сайтига кўра, интернет кафелари маъмурияти мижозлар кирган сайтларнинг манзилларини уч ой давомида сақлаб қўйишлари керак.

Янги қарорга биноан, компьютер, модемлар, телефонлар ва бошқа техник жиҳозлардан ташқари, интернет кафени юритувчилар "мижозлар хавфсизлигини таъминлаш" учун хавфсизлик камераларини ҳам ўрнатишлари керак.

Шунингдек, интернет кафелари эндиликда кўп қаватли биноларнинг ертўла ёки ярим ертўла қаватларида жойлаштирилиши кескин ман қилинади.

Алоқа қўмитасига кўра, мазкур ўзгаришлар "жамоат пунктларида интернет хизматини кўрсатиш жараёнида салбий ҳодисаларни бартараф қилиш"га қаратилган.

Бироқ, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий кузатувчилар мазкур ўзгаришлар аслида интернет устидан бўлган назоратни янада кучайтиришга қаратилганига ишонишади.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг 12 мартда чоп қилинган ҳисоботида Ўзбекистон яна "Интернет душманлари рўйхати"га киритилди.

Йиллик ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда Интернетда фойдаланиш ва шубҳали сайтларни фильтрлаш учун махсус гуруҳ тузилган.

"Ўзбекистон рақамли тирания бўлиб қолаяпти, у ерда Ахборот ва Алоқа экспертлари комиссияси интернетни қаттиқ назорат қилади. Бу идора Вазирлар кенгашига бевосита ҳисобот беради ва ҳар қандай мустақил ва мухолифат манбаларининг маълумоти ман қилинишини таъминлайди", - деб айтди Чегара билмас мухбирларнинг Оврўпо ва Осиё бўлими раҳбари Йоҳан Бир.

Жаноб Бирга кўра, Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатларида интернетдаги чеклашлар ва интернет устидан назорат йилдан йилга кучаймоқда.

Би-би-си Ўзбек веб сайтига, қатор мустақил хабар агентликлари саҳифалари билан бир қаторда, Ўзбекистонда кириш тақиқланган.

Your contact details
Disclaimer