Би-би-сига айтаман: "МХХни сотсам президентни, Президентни сотсам ватанни сотган бўламан"

  • 4 Апрел 2014

Би-би-си почтасига хат йўллаган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати собиқ ходими Ёқубов Қувондиқ Йўлдошбоевич ўзининг собиқ раиси Рустам Иноятов ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдан кечирим сўраган.

Бунга 2014 йил 27 январда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида босилган Усмон Хақназаровнинг мақоласида ўзи хақидаги гаплар сабаб бўлганини айтган.

"Мен Ёқубов Қувондиқ Йўлдошбоевич МХХнинг собиқ ходимиман. Махсус хизматда ишлаган одамни "махсус хизмат ходимиман" дейишни ўзи ахмоқлик. Ҳақиқатдан бу маълумот менданлиги аниқ бўлиши учун военний билет ва паспорт номерларимни, уй манзилимни келтираман. Мен ҳақимда 27 январ 2014 йил "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" сайтида ва бошқа сайтларда Усмон Хақназаров номи билан чиқарилган мақолалар ҳақида изоҳ бермоқчиман ва раҳмат, узрларимни етказмоқчиман. Фақат илтимос, бу орқали кимнидир мақташ, қоралаш ёки кимгадир қарши фойдалангманглар" деб ёзади ўзини МХХнинг собиқ ходими деган Қувондиқ Ёқубов.

Би-би-си билан суҳбатда Қувондиқ Ёқубов бундай хатни ҳеч бир босимларсиз, таъқибларсиз ўз ихтиёри билан ёзгани, ўзининг ҳаётига хавф йўқлиги ва мақсади ҳақиқатни айтиш эканини билдирди. Шунингдек, МХХга яна ишга тикланишига умид қилаётганини айтди.

"Президентимиз И. Каримов ва раисимиз Иноятов Р. дан менга берилган имкониятдан фойдалана олмаганим, уларни ишончларини оқлай олмаганлигим учун чин дилдан кечирим сурайман. Ҳозирда озодликда ва оилам даврасида эканлигимдан президентимиз И. Каримовнинг раҳмдилиги, бағри кенглиги ва раисимиз Иноятов Р. нинг кечиримлиги, тўғри йўл танлашда ёрдам берганлари ва ҳаёт сабоқларини ўргатганлари учун мен ва оилам номидан катта раҳмат айтаман", дейилади МХХ нинг собиқ ходими хатида.

"Мен интернат мактабда тарбияланиб, кейинчалик Олий ҳарбий билим юртида ўқиганман. Яқин қариндошларим судланганлиги сабабли МХХга қабул килишмаган. Шунда президентимизнинг "Ўзбекистон 21 аср бўсағасида, хавфсизлика таҳдид, тараққиёт кафолатлари ва барқарорлик шартлари" асарига асос қилиб "И.Каримов душмани, бу- менинг ва менинг оилам душмани" номли шахсий иш режаси ишлаб чиқиб, Президент девонидан ёрдам сураганман. Иноятов Р. шунда менга ишониб имконият берган ва ишга 2092-лс буйруққа биноан қабул қилган.

Афсус имкониятдан фойдалана олмадим, президентимизнинг ишончларини оқлолмадим. Бу иш режаси ҳеч қанақа ўлдиришга асосланмаган.

Қамалишимга келсак, унга ҳам ўзим айбдорман, Р.Иноятовнинг бунга алоқаси йўқ. Бунга сабабчилар 2012 йил март-апрель ойларида Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасида минтақавий қўриқлаш зобити бўлиб ишлаган Жон Волдмейр ва шу вақтда Россия ФСБдан МХХга мени "давлат сирларини сотмоқчи" мазмунидаги хат сабабчи. Барибир қамалишимга ўзим айбдорман. Президентимизнинг раҳмдиллиги, кечиримлиги ва Р.Иноятовнинг ишга холис ёндошганлиги, оилавий аҳволимни тушунганлиги учун ҳозир озодликдаман.

Тоштурмада "қонундаги ўғри" "Мараканец" билан бўлган воқеа, бу иккита махбус орасидаги жанжал холос. Буни Р.Иноятовга умуман алоқаси йўқ.

Давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиевга ҳақиқатан ариза билан мурожаат қилганман. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз уруғ аймоқларини, халқни ва қўл остидагиларни йиғиб: "Берганимни олинглар, бермаганимни сўраманглар ва куч билан тортиб олишга уринманглар" деганлар. Мен ҳам судланганлигим ва ишга нолойиқ топилиб, ишдан бўшатилганимга қарамасдан ишга қайта тиклашини сўраб президентимиз ва Р.Иноятовга ариза ёзганман.

20 январдан бери ҳеч нарса бўлмаган. МХХ мени таъқиб қилмаяпти.

МХХ билан ҳозирда мени боғлаб турган нарса бу мени қайта ишга тикланишга ҳаракат қилаётганим. Яна бир бор имконият берилишига умид қиламан.

Бу билан айтмоқчиманки, Соҳибқирон Амур Темур бобомиз айтганлар: "Танланганларгина қўмондон бўлади, яхши қўмондон ҳаммани гапини эшитади, лекин қалби буюрганини қилади".

Амур Темур бобомиз таърифлаганда Президентимиз И.Каримов ва Иноятов яхши қўмондонлигидан, президентимизнинг раҳмдилиги, кечиримлиги ва бағрикенглиги учун мен ва мени оила аъзоларим номидан катта раҳмат айтаман, ва менга берилган имкониятдан фойдалана олмаганим, ишончларини оқлай олмаганим учун чин дилдан кечирим сурайман. Усмон Хақназаровнинг 27 январдаги мақоласига келсак, ким ва нима учун мени маълумотларимни тарқатганидан қатъий назар, бу Президентимиз И.Каримов ва МХХ раиси Иноятовни омма ва бутун жаҳон олдида обрўсизлантириш, деб тушунаман.

Мени давлат сирларини сотишга уринишда айблашган, ҳалиям мен ва менинг оилам бахтига президентимиз ва Иноятов бор экан, бўлмаса давлат хоини сифатида ҳозирда қамоқда бўлар эдим.

Ўзингиз ўйланг, МХХни сотсам президентни сотган бўламан. Президентни сотсам ватанни сотган бўламан. Фақат Лола ёки Гулнора Каримова эмас, балки шу юртдаги ҳар бир ёш авлод Президент Ислом Каримовни фарзанди каби мен ҳам Ислом Каримовнинг фарзандиман. Энди айтинг қандай қилиб ўз отамни сотишим мумкин?

Президентимиз Ислом Каримов ва раисимиз Рустам Расулович Иноятовдан кечиришларини, уларнинг ишончларини оқлаш учун яна бир имконият беришларини сўрайман",- дейди шунингдек Қувондиқ Ёқубов Би-би-сига юборган мактубида.